Нега корхоналар билимли ва малакали кадр топа олмаяпти?
Бугун замонавий технологиялар билан ишлай оладиган малакали мутахассислар тайёрлаш, ишлаб чиқариш корхоналарида кадрлар қўнимсизлигини бартараф этиш заруратга айланмоқда.
Савдо-саноат палатаси вилоят ҳудудий бошқармасида Тадбиркорлар маслаҳат кенгаши қошида ташкил этилган Ишбилармонларнинг “Янги Самарқанд” ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожланишига кўмаклашувчи жамоат фонди томонидан корхоналаримизда кадрларни танлаш, уларнинг малакасини ошириш мақсадида ишлаб чиқарувчилар ва кадрлар тайёрловчи олий таълим муассасалари вакилларининг учрашуви бўлиб ўтди.
Тадбиркорлар Кенгаши раиси ўринбосари НозирИбрагимов тадбиркорлик муҳитини яхшилаш, ишбилармонларнинг жамиятдаги мавқеини мустаҳкамлаш, корхоналарнинг барқарор ривожланишини таъминлаш, албатта, иқтидорли ходим, малакали мутахассисга боғлиқлигини билдирди. Шу боис, мазкур йўналишдаги муаммолар, камчиликлар ва долзарб масалалар соҳа мутахассислари томонидан баён этилди.
- Корхоналарда кадрларнинг қўнимсизлиги, малакасизлиги, рақамли технологияларни яхши билмаслик ҳолатлари кўп учрайди, - дейди “HR консалтинг” корхонаси раҳбари Шаҳноза Асророва. – Тадбиркорлар ўртасида ҳам кўплаб ҳуқуқий жиҳатларни билмайдиганлари бор. Шу боис, консалтинг маслаҳат марказларига талаб ортиб бормоқда. Ўз ўрнида рақамли трехнологияларни яхши биладиган ёшларга ўрин берилмаслиги ёки етарли маош билан таъминланмаслигидан улар хорижга кетиб қолмоқда. Тадбиркорлар ўртасида “Устоз-шогирд” анъанаси йўқолиб бормоқда. Шунинг учун катта маблағ эвазига хориждан мутахассис олиб келишга эҳтиёж ортяпти. Иқтидорли ёшларни шу ерда сақлаб қолиш, талабалар савияси ва тажрибасини оширишга ҳаракат қилишимиз, уларга кўпроқ ишлаш имкониятини беришимиз керак. Амалиётни катта корхоналарда бевосита ўташга шароит яратиш лозим. Ваҳоланки, улар маошсиз ҳам иш ўрганиш учун амалиёт ўташга тайёр. Лекин корхоналарда уларни тажрибасизлиги учун ишга халақит беради деб ҳисоблашади.
Учрашувда кадрлар тайёрлашда эътибор қаратиш лозим бўлган жиҳатлар, қайси соҳаларга талаб юқорилиги борасида ҳам фикрлар билдирилди. Олий таълим муассасалари вакиллари ишлаб чиқариш корхоналар вакиллари билан ҳамкорликни кенгайтириш борасида келишиб олдилар.
Ўктам Худойбердиев.