Орган ходимлари фарзандларига идоравий университетларга киришда квота ажратилди
Ички ишлар органларида айни пайтда ишлаётган ходимларнинг фарзандлари олий ҳарбий таълим муассасаларига бундан буён квота асосида таълим олишади, деб ёзмоқда minbar.uz. Квота Мудофаа вазирлиги ва Миллий гвардия тасарруфидаги олий ҳарбий таълим муассасаларига кириш учун белгиланган умумий қабул миқдорининг 5 фоизидан ошмаслиги керак.
Квота қандай тақсимланади?
27 июнда чиққан ҳукумат қарорида айтилишича, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашга қўшган ҳиссаси, хизмат ёки илмий фаолиятда юқори натижаларга эришган ИИВ ходимларининг фарзандларигагина квота ажратилади.
Қабул дастлабки ва ҳарбий-профессионал танлов натижалари ҳамда ички ишлар вазирининг тақдимномаси асосида амалга оширилади.
5 фоизли қабул квоталари ҳарбий-профессионал танлов натижалари бўйича тўпланган баллардан келиб чиқиб, кетма-кетликда тақсимланади.
Квоталарга қабул қилинмаган номзодлар тўплаган баллари билан умумий танловда иштирок этадилар, дейилади хабарда.