Ой бориб, омон қайтганлар

Ўшанда ҳамроҳим иккимиз биздан анча бўйдор, шамшоддек тик турган аскар соясига ўзимизни олдик. Бош узра танамизга роҳатбахш ҳузур югурди.
– Буни қаранг, – деди ҳамроҳим адлқомат йигитга ишора қилиб. – Фарзандларимиз шу ерда ҳам бизни ҳимоя қилди-я.
– Орқатоғимиз, кўз қароғимиз шулар-да, – дедим ғурурланиб. – Керак бўлса, осмонни кўтаришга тайёр улар. 
Тадбир бошлангач, аскарлар саф тортиб, шахдам одимлаб кетди. Елка, боши, эгнилари узра қадалган погон, нишон ва тугмалари ҳам қуёш нурида ярқираб, шуъла таратарди.
Ўткиржон ҳар сафар қишлоққа келганида болалар тугул, катталар ҳам кўчага чиқиб, қарши олишади. Елкасида порлаб турган тўртта юлдузчага ҳавас билан қарашади. У Жанубда хизмат қилади. Сарҳадларимизни қўриқлайди.
 Юриш-туриши, адл қомати, ўктамлигига ҳамма ҳавас қилади. Мен ҳам унга анча тикилиб қоламан, мамлакатимиз тақдири шундай йигитлар қўлида эканлигидан хотиржам тортаман.
Ургутда Совғон деган қишлоқ бор. Қишлоқ номига ҳамма "ҳарбийлар" сўзини қўшиб айтади. Бундан олтмиш йил олдин Совғондан бир йигит ҳарбийликка олинган. Олинган деганимиз шуки, у ўзбеклардан чиққан биринчи зобит бўлган.
Унгача ҳеч ким офицерликка олинмаган-да. 
Бугун шу қишлоқнинг ўзидан юз нафардан ортиқ ҳарбий хизматда. Улар ичида оддий аскардан тортиб полковниккача бор. Ҳар йили камида икки-уч йигит олий ҳарбий билим юртига ўқишга кирмоқда. Совғонга ўхшаган яна қанчадан-қанча қишлоқлар бор бу юртда.
Одам боласига завқ-шавқ ва фахр бағишлайдиган ана шундай фарзандларимиз камол топаётганлигини ўйласам, хаёлимда яқин ўтмиш – Иккинчи жаҳон уруши ҳамда халқимиз бошига бало-қазо ёғдирган мақсадсиз Афғонистон урушининг қонли кунлари қайта жонланади.
"Отам Сталинград жангларида қатнашиб, икки оёғидан ажралган. Қишлоққа от аравада олиб келишган".
"Отамнинг укаси Эгамберди амакимиз йигирма ёшида урушга кетиб, бедарак йўқолган. Ундан ҳарбий кийимда тушган битта-ю битта сурат ёдгорлик бўлиб қолган". "Отам танкчи бўлган. Ёнғин туфайли икки кўзидан ажралиб қолган. Во дариғ".
Бундай нолалар, ўкинишлар ҳеч бир хонадонни четлаб ўтмаган, шаҳид кетганлар, ҳали мўйлови сабза урмаган, бир ёрнинг сочини силаш насиб этмаган ўғлонлар қанчадан-қанча бўлган. Маълумотларга қараганда, Иккинчи жаҳон урушига Ўзбекистондан 1,5 миллион киши жалб қилинган. Шундан 400 мингга яқини ҳалок бўлиб, бегона юртларда қолиб кетган. 
Ўтган асрда ҳарбий хизматга чақириладиган йигитларимизга кўрсатилган муносабатлар энди ошкор бўла бошлади. Ўша йилларда ҳарбий хизматга чақириладиганларнинг аксарияти қурилиш ёки хўжалик ишларига жалб қилинган. Қўлига лоақал бир марта бўлса ҳам қурол ушлаб кўрмаган укаларимиз қанча? Тил билмасликлари боис улар камситилар, олис ўлкаларга олиб кетишга келишган аскар йигитлардан дашном эшитишларига ҳамма кўникиб ҳам қолганди.
Яқинда таниқли бир журналист ҳамкасбимизнинг бундан қарийб ўттиз йил олдин босилган мақоласини ўқиб қолдим. Унда собиқ иттифоқ даврида ҳарбий хизматга чақирилган йигитларимизга бўлган муносабат очиқ-ойдин ифода этилади.
Афғонистон уруши-чи? У қолдирган жароҳат халқимиз қалбини ҳамон зирқиратади, дилларни ўртайди. 
– Қўшни қишлоқдан бир йигитнинг жасади келди, – дейди отахонлардан бири. – Тобут темир сандиқда эди. Очишга рухсат беришмади. Аниқки, жасад адо бўлган. Йигитнинг ўзи ўлганми ёки биров уриб ўлдирганми ҳеч ким билмайди. Ота-оналар, яқинлари фарёдига чидаб бўлмасди. Фарзандимиз ҳарбий хизматда эди. Шўрлик онаси Афғонистондан келган ўликни кўриб, "Болам, болагинам", дея ҳушини йўқотди. Кечга бориб, уни тупроққа топширдик.
Бу ўз жигаргўшасини эрта йўқотган оналар фарёди, нидоси эди. Маълумотларга қараганда, Афғонистон урушига 64 минг 500 нафар Ўзбекистон ўғлонлари жалб қилинган. Улардан 1542 киши ҳалок бўлган. Самарқанд вилоятидан бу урушда 7,5 минг йигит қатнашган. Улардан 164 нафари ҳалок бўлган. Биргина Ургут туманидан 500 нафар йигит-қиз иштирок этган. 24 киши оламдан бевақт кўз юмган.
Энди бундай нохуш ҳолларга йўл қўйилмайди. Улар қўрқинчли туш каби тарихда қолди. Энди бундай қабиҳликлар асло қайтарилмайди. Энди фарзандларимиз ҳарбий хизматга ой бориб, омон қайтишади.
Бугунги кунда мустақил армиямиз бор. Чақирув ёшига (18 ёш) етган ва қонунга кўра, ҳарбий хизматга мажбур бўлган, армияга бориш учун Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги томонидан белгиланган синовлардан муваффақиятли ўтган фуқаролар Қуролли Кучларимиз сафига тантана билан кузатилади ва кутиб олинади.
Яқинда Ватан ҳимоячилари куни олдидан "Миллий армиямиз ёшларнинг мардлик, матонат ва жасорат мактабидир" шиори остида ўтказилган "Армия ва ёшлар" фестивалини томоша қилдим. Ҳарбийлар билан самимий суҳбатлар, кўргазмалари уюштирилди. Бошқача айтганда, армия ва халқ бирлиги намойиш этилди. Ва, яна мамлакатимиз Президентининг ҳарбийлар билан учрашиши, аскарларнинг жанговар ва сиёсий тайёргарлигини кузатиши, ҳатто уларнинг еб-ичиши, кийиниши, уй-жойи билан қизиқиши ҳар қандай одамга қувват бағишлайди.