“Қишлоқилар” айбдорми?
Яна ўша, биз аллақачон кўникиб қолган, кўнгилни хира қиладиган манзара. Яқиндагина, ҳали қуриб, битказилганига бир неча ой бўлган бу майдончани бир айланиб келсангиз, таъбингиз хира бўлади.
Гап Самарқанд шаҳридаги Кўксарой маҳалласида, яқиндагина фойдаланишга топширилган болалар майдончаси ҳақида кетмоқда. Ушбу болалар майдончаси завқли бир ўйингоҳ эди, ҳозир борсангиз, писта пўчоқлари-ю, пластик идишлар ва турли ширинликлар ўрамалари билан чиқитхонага айланиб бўлибди.
Атрофдагилар билан суҳбатлашиб, майдонча нега бу аҳволга келиб қолганини суриштирсангиз, ҳаммасини жавоби бир хил. “Эй, шу қишлоқдан келганлар қилади-да. Биласизку, бу ҳудудда талабалар, қишлоқдан келиб ижарада яшаётганлар кўп” деган жавобни беришади.
Дарвоқе, шу маҳалла аҳлининг бахтига бу ерда Слава амаки деган қария ҳам ўзига хос бир болалар майдончаси ташкил қилган. Гулу, дарахтлар экиб, атрофни чиройли бир майдонга айлантириб қўйган. Ҳар куни эринмай шу майдонча атрофида ғимирлаб юради. Дарахтларни суғоради, бегона ўтларни тозалайди. Ҳеч оғринмай чиқитларни ҳам тозалаб чиқади. 80 ёшли отахоннинг шундай меҳнат қилаётганини кўрган ёшлар, афсуски, ундан ибрат олмайди. Аксинча, Слава амаки ясаган арғимчоқларда учиб, атрофга писта пўчоғи-ю, пластик идишларни отиб, соатлаб ҳиринглаб ўтиришади. Дарвоқе, шу ерда оналар ҳам болаларини арғамчоқларда учишга олиб чиқишади. Лекин бу ердаги чиқитларга парво қилмайди, худди шундай бўлиши керакдай, бамайлихотир, қўшни келинлар билан ҳангомадан бўшамайди.
Кейинги пайтларда ижтимоий тармоқларда Самарқанд шаҳрига кўрк бериб қурилган Қорасув массивидаги уй-жойларнинг лифти-ю, подъездларидаги нохуш ҳолатлар ҳақида жуда кўп видеолар-у, чиқишлар тарқалиб кетди. Бу ердаги тозалик ҳолатидан норозилар шунчалик кўпайиб кетдики, қайсидир маънода бу ҳудуддан уй олиш истагида бўлганлар бу фикридан қайта бошлади.
Одамлар билан суҳбатлашсангиз, яна ўша гапни такрорлашди: Қишлоқилар кўчиб келишган, ҳамма ёқни расво қилиб ташлашди!” Ижирғаниб айтилган бу фикрларни эшитиш кишига оғир ботади. Чунки ҳаммамизнинг илдизимиз қишлоққа бориб тақалади. Ва энг қизиғи, озодалик ҳақида гап кетганда қишлоқдагилар бу масалада доим бизга ибрат бўлиб келган. Ҳовлиларни супуриб сидириш-у, тандирхоналардаги тозалик қишлоқ аҳли учун доим энг муҳим юмушлардан бири бўлиб келган. Аҳоли маҳалла-кўйдан уялганидан ҳам атрофни обод қилиб қўйишга интилган. Коса-товоғини қандай ювишгача, ҳатто сув йўқ ҳудудларда ҳам чиннидай тозаликка эътибор азалдан момоларимизнинг асосий иш мезони бўлиб келгани рост-ку. Қизиқ, қачондан бошлаб “қишлоқилар” нотозаликка ёндош бўлиб қолишди. Қачондан бери улар кўчиб келган ҳудуддан одамлар ижирғанадиган аҳволга келдик?
Шундай бўлса ҳам, нега ҳаммамиз атрофимиздаги бу нотозаликка жим қараб турамиз? Нега бир-биримизни койимаймиз, танбеҳ бермаймиз. Ахир атрофимизни саришта асраш, табиатимиз мусаффолигини сақлашнинг бундан бошқа усули йўқ-ку.
Гулруҳ МЎМИНОВА.