Қизамиқ қандай касаллик?

Кейинги йилларда бу касалликнинг ёш жиҳатидан ўзгариши кузатилди, яъни ўсмирлар ва катталар орасида кўпайди, болалар орасида қизамиқ ўчоғи камайиб, касаллик даврийлиги ўзгарди.

Қизамиқ ташхисини қўйиш қийинлашди, бу эса касалликка нотўғри ташхис қўйишга ва эпидемияга қарши ишлар сифатининг ёмонлашишига олиб келди. Бу эса ўз навбатида болалар ва катталар орасида охирги йилларда қизамиқ касаллигининг кўпайишига сабаб бўлди. Айрим ҳолларда касалликка қарши эмлаш ишларининг кечикиши натижасида қизамиқ касаллиги эрта ёшдаги болалар орасида қайд этилади. Эрта ёшдаги болаларда касаллик оғир кечиши, оғир асоратлар бериши билан характерланади.

Хўш, қизамиқ нима? Қизамиқ - қизамиқ вируси келтириб чиқарадиган оғир касаллик. У одамдан одамга осон юқади ва касалликнинг тарқалишига олиб келиши мумкин.

Қизамиқ болалар касаллиги деб ҳисобланса-да, у ҳар қандай ёшдаги одамларга юқиши мумкин. Юртимизда у кўп ҳолларда эмланмаган чақалоқлар, болалар ва ўсмирларда учрайди. Катталарнинг юқори хавф гуруҳига коллеж талабалари, чет эллик саёҳатчилар ва тиббиёт ходимлари киради.

Қизамиқ қандай тарқалади?

Қизамиқ энг юқумли касалликлардан биридир. У ҳаво томчи орқали юқади. Касалликдан сўнг умрбод иммунитет шаклланади. Қизамиқ вируси қизамиқ билан касалланган одам кирган хона ҳавосида 2 соатгача сақланиши мумкин. Қизамиқда касаллик манбаи – бемор одам, айниқса, катарал даврда максимал даражада вирус ажратади ва энг юқумли ҳисобланади, тошма тошиш даврида юқумлилиги камаяди. Бемор касалликнинг 6-7 кунига қадар юқумли бўлади, касаллик асоратлари қўшилса, юқумлилик даври 10 кунгача давом этади. Қизамиқ касаллигига қишки мавсумийлик хос, асосан қиш ва баҳорда кузатилади. Вакцина оммалашгунча, кўпчилик болалар бу касалликнинг асоратларидан вафот этарди.

Касалликнинг белгилари қандай?

Қизамиқда яширин давр 8-10 кундан 17 кунгача чўзилиши мумкин. Касаллик бошланиши, яъни катарал давр 3-4 кун давом этади. Бу даврда тана ҳароратини 38,5-39 С гача кўтарилиши, тез-тез аксириш, бурундан кўп суюқлик ажралиши, овоз бўғилиши ва қуруқ йўтал кузатилади. Ёруғликдан кўзлари ачишади, ёшланади, шиллиқ қавати қизариб кетади, қовоқлари шишиб, бўртади. Умумий аҳвол кескин ўзгаради: бола безовта, инжиқ бўлиб, ёмон ухлайди, ланж, иштаҳаси сусаяди. Дастлаб касаллик бошида ичи кетади, қоринда оғриқ пайдо бўлади. Жуда оғир ҳолатларда касалликнинг биринчи кунларидан бошлаб талваса ва ҳушнинг кетиши кузатилиши мумкин. Қизамиқда бу давр 3-4 кун давом этади, баъзан 5-7 кунгача чўзилади. Тил илдизи соҳасида, лунж, милк ва лаб шиллиқ қаватида четлари қизил бўлган кул ранг-оқиш нуқталарнинг бўлиши билан характерланади. Бу белгилар тошма тошгунча 1-2-3 кунларда намоён бўлади, бу тошма пайдо бўлгунча қизамиқ ташхисини қўйишда ёрдам беради.

Қизамиқда тошма тошиш даври касалликнинг 4-5 кунидан бошланади ва доғли-папулез тошмалар пайдо бўлади. Тошманинг этапли тошиши - қизамиқ учун муҳим диагностик ахамиятга эга. Тошма даврида бемор умумий аҳволи оғир, безовталаниш, алаҳсираш, баъзан уйқучанлик кузатилади.

Касалликнинг 8-10 кунларидан бошлаб, дастлаб юздан, тана ва оёқ қўллардаги тошмалар пигментацияланади. Бу давр 1-1,5 ҳафта давом этади ва терида майда қипиқланишлар бўлади. Пигментация даврида тана ҳарорати нормаллашади, беморнинг умумий аҳволи аста-секин тикланади. Қизамиқнинг тузалиш даврида узоқ муддат астения ва анергия (иммунитетнинг сусайиши) ҳолати кузатилади.

Касаллик аломатлари қизамиқ юққандан кейин 7-21 кун ичида, ўртача ҳисобида 10 кундан кейин пайдо бўлиши мумкин. Тошмалар одатда касаллик юққанидан кейин 14 кун ичида пайдо бўлади.

Қизамиқ қандай даволанади?

Касалликни даволашда қуйидагиларга эътибор бериш керак:

- Яхши соғлом шароит яратиш;

- Беморни парваришлашни ташкиллаштириш;

- Очиқ ҳаводан фойдаланиш;

- Тўғри овқатлантириш;

- Беморни 1-2 жойли боксларга ётқизиш лозим.

Даволаш касаллик аломатларини енгиллаштиришга қаратилади, чунки тана вирус билан курашади. Даволашда суюқликлар ва иситма ёки оғриқни назорат қилиш учун дорилар, бактериялардан иккиламчи инфекцияларни даволаш учун антибиотиклар ҳамда А витамини қўлланилади.

Ётоқ тартиби касаллик даврида тўлиқ сақланади. Қуруқ ёрилган лабларни борли, вазелин ёки ёғ билан суркаш лозим. Бурун пахтали иссиқ вазелин ёғига ботирилган тампон билан тозаланади, қатқалоқлар ҳосил бўлганда бурунга кунига 3-4 марта 1-2 томчи вазелин ёғи томизилади. Овқатланиш ёшига мос бўлиши керак.

Қизамиқ касаллигининг олдини олишнинг энг яхши усули, бу иложи борича кўпроқ болаларни эмлашдир. Барча болаларга қизамиққа қарши икки дозали эмлаш тавсия этилади. Қизамиқ, қизилча ва тепкига (КПК) қарши эмлашнинг биринчи дозаси боланинг 12-15 ойлигида, иккинчи дозаси эса болалар боғчасига боришдан олдин (4-6 ёшда) қилиниши керак. Катталар ва мамлакатимиздан ташқарида саёҳат қилаётганлар, шу жумладан, 6 ойдан ошган чақалоқлар учун қўшимча тавсиялар мавжуд. Агар мамлакатимизда қизамиқ касаллиги тез-тез қайд этилаётган бўлса, 6 ойликдан ошган болалар учун КК (қизамиқ, қизилча) вакцинаси қўлланилади.

Зебо Караматуллаева,

Самарқанд давлат тиббиёт университети ассистенти.