Саноат кооперацияси ва маҳаллийлаштириш иқтисодий барқарорликка хизмат қиляптими?
Вакиллик институти аъзоси сифатида жамоатчилик билан мулоқотлар ўтказганим ёки бошқа давраларда бўлганимда “ўзимизда чиқарилаётган маҳсулотларни қўллаб-қувватлаяпмиз, дейилади, бу ишларнинг самараси бўлаяптими”, деган гап-сўзлар бўлади.
Айни шу каби муносабатларга жавоб ўлароқ, саноат кооперацияси ва маҳаллийлаштириш борасидаги ишларнинг Самарқанддаги самаралари ҳақида сўз юритишга жазм этдим.
Аслида сўнгги йилларда Ўзбекистон иқтисодиётида маҳаллий ишлаб чиқаришни кенгайтириш, импортга қарамликни камайтириш ва саноат кооперациясини ривожлантириш устувор вазифалардан бирига айланди. Айниқса, 2026 йил 4 февралда қабул қилинган Президент Фармони бу борада янги имкониятларни очиб берди. Мазкур ҳужжат маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш, янги маҳсулот турларини ўзлаштириш, тармоқлар ўртасида кооперация алоқаларини мустаҳкамлаш ҳамда импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқаришни рағбатлантиришга қаратилган муҳим механизмларни жорий этди.
Илгариги тизимдаги муаммолар
Аввалги йилларда маҳаллийлаштириш дастури доирасида бир қатор ташаббуслар амалга оширилган бўлса-да, айрим тизимли муаммолар корхоналар фаолиятида тўсиқ бўлиб келганди. Жумладан, маҳаллийлаштириш дастурида етарли имтиёзлар мавжуд эмаслиги сабабли тадбиркорлар орасида қизиқиш паст бўлган. Шунингдек, тармоқлар ва ҳудудлар ўртасида кооперация алоқаларини мувофиқлаштирувчи ягона тизимнинг йўқлиги ҳам ишлаб чиқариш занжирларини самарали ташкил этишга салбий таъсир кўрсатган.
Яна бир муҳим муаммо — биржа савдоларида нархнинг асосий мезон сифатида қаралиши эди. Бу ҳолат арзон импорт товарларнинг савдода устун келишига сабаб бўлиб, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг рақобатбардошлигини пасайтирган. Оқибатда кўп ҳолларда маҳаллий корхоналар томонидан ишлаб чиқарилган янги маҳсулотлар фақат корхонанинг ички эҳтиёжлари учун ишлатилган, бошқа корхоналар эса айнан шу маҳсулотни хориждан импорт қилишда давом этган.
Бунинг ёрқин мисоли сифатида “Урамас кабел” масъулияти чекланган жамиятини келтириш мумкин. Корхона маиший техника ишлаб чиқаришда қўлланиладиган бошқарув кабеллар тўпламини маҳаллийлаштирган бўлса-да, ушбу маҳсулотдан фақат ўз эҳтиёжлари учун фойдаланган. Вилоятдаги тўртта корхона айнан шу турдаги маҳсулотни импорт қилиб келган. Бу эса кооперация тизими етарли даражада ишламаганини кўрсатади.
Кафолатли харид тизими – янги босқич
Янги Фармон билан маҳаллийлаштириш соҳасидаги энг муҳим янгиликлардан бири — кафолатли харид тизимининг жорий этилиши бўлди.
Энди инвестор бозорни таҳлил қилиб, қўрқмасдан инвестиция киритиб маҳаллийлаштирадиган маҳсулотнинг харидори кимлигини олдиндан билади, чунки бу дастурда белгиланди.
Масалан, “Azureflow paper” қўшма корхонаси томонидан 500 миллион долларлик инвестиция киритиш орқали қоғоз маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ташкил этиш режалаштирилган. Лойиҳа бир неча босқичда амалга оширилади. Биринчи босқичда гипсокартон учун зарур бўлган қоғоз маҳсулотлари ишлаб чиқарилади. Бугунги кунда ушбу маҳсулотнинг 70 фоизи импорт қилинади. Кейинги босқичларда қадоқлаш материаллари, оқ қоғоз ва целлюлоза маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Бу маҳсулотлар бўйича ҳам импорт улуши жуда юқори.
Агар мазкур корхона кафолатли харид тизимига киритилса, йилига 750 минг тонна қоғоз маҳсулотлари ишлаб чиқариши мумкин. Бу эса 7,2 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш ва мамлакат бўйича 300 миллион доллар валюта иқтисод қилиш имконини беради.
Шунингдек, “Каттақўрғон электротехника заводи” томонидан 500 киловольтгача кучланишга эга бўлган 100 МВА қувватли замонавий энергия тежамкор трансформаторлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилмоқда. Илгари корхона асосан кичик қувватли трансформаторлар ишлаб чиқарган бўлса, хориж тажрибасини ўрганиш натижасида юқори кучланишли трансформаторлар ишлаб чиқаришни ҳам йўлга қўйди.
Кафолатли харид тизими жорий этилган тақдирда мазкур трансформаторлар импорт аналогларига нисбатан 18 фоизга арзон бўлади. Бу эса логистика харажатларининг камайиши билан изоҳланади. Натижада 6,5 миллион доллар валюта иқтисод қилинади, корхонанинг йиллик ишлаб чиқариш ҳажми 79 миллиард сўмга етади, 200 та янги иш ўрни яратилади ва бюджетга 5,5 миллиард сўм қўшимча тушум таъминланади.
Имтиёзли молиялаштириш имкониятлари
Саноат кооперациясини ривожлантириш мақсадли жамғармаси орқали тадбиркорларга кенг молиявий имкониятлар яратилмоқда. Жумладан, лойиҳаларни молиялаштириш учун хорижий валютада 6 фоиз, миллий валютада эса 12 фоиз ставкада 10 миллион долларгача кредитлар ажратилади.
“Mirankul Construction Materials” масъулияти чекланган жамияти электршитлар ишлаб чиқаришни ташкил этиш учун ўтган йили 12 фоизли кредит олган. Табиийки, юқори фоиз ставкаси маҳсулот таннархига салбий таъсир кўрсатган. Янги тизимда эса имтиёзли кредитлар ҳисобидан маҳсулот таннархини сезиларли даражада камайтириш мумкин бўлади.
Шунингдек, янги турдаги юқори технологик маҳсулотлар ишлаб чиқариш учун 2 миллион долларгача имтиёзли кредитлар ажратилади.
Бутловчи қисмлар импортига божхона имтиёзлари
Янги тизимга кўра, ишлаб чиқариш жараёнида фойдаланиладиган ва республикада ишлаб чиқарилмайдиган хомашё ҳамда бутловчи қисмлар уч йил муддатга божхона божидан озод қилинади. Бу имтиёзлар маҳсулот таннархини пасайтиришга хизмат қилади.
Дастлабки таҳлилларга кўра, жорий йилда дастурда иштирок этувчи корхоналар бутловчи қисмлар бўйича 7 миллион доллар, хомашё бўйича эса 8 миллион долларлик имтиёзларга эга бўлади. Бу эса маҳсулот таннархини ўртача 0,5 фоизга камайтиради.
Масалан, “Tecom Elevating System” масъулияти чекланган жамияти лифт ишлаб чиқариш учун импорт қилинадиган бутловчи қисмлар бўйича бир йилда ўртача 2,5 миллиард сўм божхона тўловларидан озод қилинади. Бу эса маҳсулот таннархини 3 фоизга арзонлаштиради.
Янги лойиҳалар ва иқтисодий самара
Жорий йилда драйвер соҳалар асосида маҳаллийлаштириш дастурига 6,6 триллион сўмлик 140 та лойиҳа киритилди. Бу лойиҳалар орқали 40 турдан ортиқ янги маҳсулотлар ишлаб чиқариш ўзлаштирилади.
Жумладан, “AZIA METALL PROF” қўшма корхонаси томонидан йилига 100 минг тонна совуқ прокатли металл лист ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Ҳозирги кунда бу маҳсулотнинг катта қисми импорт қилинади. Лойиҳа амалга оширилса, 100 миллион доллар валюта иқтисод қилинади, 150 та янги иш ўрни яратилади ва бюджетга 70 миллиард сўм тушум таъминланади.
Шунингдек, металлургия саноатида фойдаланиладиган лак ва бўёқлар ишлаб чиқариш лойиҳаси ҳам амалга оширилмоқда. Республика бўйича мазкур маҳсулотнинг асосий қисми импорт қилинади. Янги корхона ишга тушса, маҳсулот импорт аналогларига нисбатан 15 фоиз арзон бўлади ва саноат маҳсулотлари таннархи 3 фоизга камаяди.
Импортга қарамлик таҳлили
Таҳлилларга кўра, 2025-йилда саноат корхоналари томонидан 2,6 миллиард долларлик 3851 турдаги маҳсулот импорт қилинган. Шундан 2445 тури тайёр маҳсулотлар, 744 тури технологик ускуналар, 645 тури бутловчи қисмлар ва 19 тури хомашёлардан иборат.
Маҳаллийлаштириш имконияти юқори бўлган 120 турдаги маҳсулот аниқланган бўлиб, улар бўйича 452,5 миллион долларлик импорт амалга оширилган. Ушбу маҳсулотларни маҳаллийлаштириш орқали импорт ҳажмини камида 50–100 миллион долларга қисқартириш мумкин.
Мисол тариқасида, “UZBAT” акциядорлик жамияти томонидан ҳар йили 10 миллион долларлик сигарет қадоқлари хориждан импорт қилинган. Санкциялар сабаб етказиб беришда узилишлар юзага келган. Шу муносабат билан вилоятдаги “Тонг” масъулияти чекланган жамияти билан кооперация йўлга қўйилиб, сигарет қадоқларини маҳаллий ишлаб чиқаришга келишилди. Бу орқали корхона ишлаб чиқариш ҳажми 120 миллиард сўмга ошади, маҳсулот таннархи 2 фоизга арзонлашади ва 10 миллион доллар валюта иқтисод қилинади.
Умуман, вилоятдаги саноат корхоналарида маҳсулот таннархини камайтиришга қаратилган доимий тадбирлар амалга оширилмоқда. Жорий йилда 100 та корхонада таннархни ўртача 8,5 фоизга камайтириш режалаштирилган.
Юқоридаги чора-тадбирлар саноат кооперациясини ривожлантириш, маҳаллий ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва импортга қарамликни камайтиришга хизмат қилади. Янгиланган иқтисодий механизмлар, имтиёзли молиялаштириш ва кооперация алоқаларининг мустаҳкамланиши саноат ривожида янги босқични бошлаб бермоқда.
Бу жараёнлар нафақат иқтисодий барқарорликни таъминлайди, балки янги иш ўринлари яратиш, экспорт салоҳиятини ошириш ва миллий маҳсулотларнинг халқаро бозорларда рақобатбардошлигини кучайтиришга ҳам хизмат қилади.
Марям НИЁЗОВА,
Олий Мажлис Сенати аъзоси.