“Шарқ ва Ғарб Ипак йўли” раллиси иштирокчилари Самарқандда
“Шарқ-Ғарб Ипак йўли” раллисининг Германия, Бельгия, Италия, Англия, Туркия, Болгария каби давлатлардан қатнашаётган иштирокчилари жорий йил 28 апрель куни Туркиянинг Истанбул шаҳрида йиғилиб йўлга отланишди. Грузия, Озарбайжондан ўтиб, Туркманистон орқали Ўзбекистонга - аввал Хива, Бухорода бўлиб, бугун Самарқандга етиб келди.
Самарқандда улар Туркиянинг Самарқанддаги Бош консули Сердар Дениз билан учрашиб, ўзаро мулоқот қилдилар. Авторалли орқали давлатлар, миллатлараро дўстлик, биродарлик алоқаларини мустаҳкамлашга ҳисса қўшаётган бу каби автосаёҳатлар давлатлардаги барқарор вазиятни ҳам кўрсатиб беришини таъкидладилар.
- 20-30 йиллик автомобилларда чўллардан, тоғлардан, турли шароитдаги йўллардан ўтиб, Самарқандга етиб келдик, - дейди “Шарқ ва Ғарб Ипак йўли” раллиси раҳбари Надир Серин. – Қаердадир бир машина қумликлар ичида қолди, яна қаердадир нимадир носозликлар бўлди, лекин барини биргалашиб ҳал қилдик. Бухородан Самарқандга келаётганимизда қизиқ ҳолат бўлди. FIAT русумли автомобилларимиздан бирида жиддий носозлик юзага келди. Омадимиз бор экан, бухоролик яхши устага йўлиқдик. У жуда моҳирлик билан Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган “Матиз” русумли автомобилнинг эҳтиёт қисмини носоз автомобилимизга ўрнатиб берди.
Хивада, Бухорода бўлганимизда аҳоли автомашиналаримизга қизиқиб, суратларга тушди, улар билан суҳбатлашдик. Ижтимоий тармоқларда биз ҳақимизда фикр билдиришди. Бу каби раллиларнинг асл мақсади ҳам шу - одамлар орасида дўстлик, оқибат ўлмаслиги, сиз ғарбда яшайсизми ёки шарқликмисиз, бунинг аҳамияти йўқ. Дунёнинг қайси чеккасида истиқомат қилмайлик, биз инсонмиз ва шу номга муносиб қолишимиз керак.
Авторалли иштирокчилари орасида аёллар ҳам борлигига гувоҳ бўлиб, уларни суҳбатга тортдик.
- Ушбу автораллида иккинчи бор иштирок этаяпман, - дейди туркиялик Гулай Каракимселилар. – Бу йил Туркманистондаги қумликларда машинам қолиб кетишига оз қолди. Лекин атрофдагилар билан бу муаммони бартараф этдик. Шунақа пайтларда тил, миллат ва қайси давлат вакили эканингни унутасан. Инсонлар ўртасида доим меҳр-оқибат бўлиши тарафдоримиз. Автораллида иштирок этишимга машина бошқаришни ёқтиришим сабаб бўлса керак. Соатлаб машина бошқаришни ёқтираман.
“Шарқ-Ғарб Ипак йўли” раллиси 2009 йилдан бери турли давлатларда шундай мураккаб саёҳатларни уюштириб келмоқда. Марказий Осиё давлатларига эса 5 йилдан бери қатнамоқда. Бу йилги ралли иштирокчилари Тожикистон, Қозоғистонга ҳам бориши кутилмоқда.
Гулруҳ МЎМИНОВА.