Тасдиқланган табиий газ захиралари географияси: Кимда қанча газ бор?

Кенг қўлланилишига қарамай, табиий газ захиралари бутун дунё бўйлаб жуда нотекис тақсимланган. Ушбу инфографикада мамлакатлардаги тасдиқланган табиий газ захиралари  ҳажми триллион куб футда тартибланган.

Маълумотлар манбаи сифатида Энергетика институти томонидан тайёрланган “Statistical Review of World Energy 2025” статистик шарҳи хизмат қилди.

Фақат учта давлат - Россия, Эрон ва Қатар - дунёдаги мавжуд табиий газ захираларининг ярмидан кўпига эга. Кучли учликдан ташқари Туркманистон, Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари ва Ироқ каби давлатлар Яқин Шарқ ва Марказий Осиёнинг глобал газ харитасидаги мавқеини мустаҳкамлаб келмоқда. Бу ҳудудларда ишлаб чиқаришни узоқ муддат сақлаб қолиш ва суюлтирилган газ бозорида муҳим роль ўйнаш имконини берувчи йирик ва нисбатан арзон ўзлаштириш захиралари бор.

Кейинги йигирма йил давомидаги “сланец инқилоби” ҳаракатлари оқибатларини ҳис этган Америка Қўшма Штатлари дунёда бешинчи ўринни эгаллайди.

Хитой ҳам энг йирик газ захираларига эга давлатлар қаторига киради, бироқ бой ресурсларга эга бўла туриб, улкан ички талаблар мамлакатни импортга тобе қилиб қўймоқда.

Камроқ захирага эга давлатлар, жумладан Норвегия, Буюк Британия ва Голландия ҳам ривожланган инфратузилмаси ва йирик бозорларга яқинлиги туфайли минтақавий жиҳатдан муҳим роль ўйнайди.

Шунда бўлса-да, Европанинг бир қанча давлатларида захираларнинг камайиб бораётгани қитъанинг импорт газига қарамлиги ортиб бораётганини билдиради.

Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.