Тоғ туризми: Миронқулда нима ўзгаради?
Самарқанд туманида «Оҳалик – Оқбўйро – Миронқул» туристик-рекреацион зонаси ташкил этилади. Шу ва уни кейинчалик бошқариш мақсадида туман ҳокимлиги ҳузурида давлат муассасаси шаклида «Оҳалик - Оқбўйро – Миронқул» туристик-рекреацион зонаси дирекцияси фаолияти йўлга қўйилди.
Айтиш лозимки, бу тоғли ҳудудда атрофнинг гўзал табиати, мусаффо ҳавоси туфайли аввал асосан бир нечта болалар оромгоҳлари қурилган. Кейинги йилларда аҳоли томонидан дам олиш масканлари ташкил этилди.
Энди эса эко ҳамда экстремал туризмни ривожлантириш учун зарур шарт-шароит яратилиб, замонавий талаблар асосида экологик тез қуриладиган жойлаштириш воситалари, савдо-кўнгилочар ва бошқа туризм инфратузилма объектлари барпо этилади.
Албатта, бу ишларнинг барчаси давлатимиз раҳбарининг тегишли қарори билан амалга оширилмоқда.
Ушбу ҳужжатда 1 ой муддатда «Оҳалик – Оқбўйро – Миронқул» туристик рекрацион зонаси фаолиятини ташкил этиш, жорий йилнинг 1 августига қадар зонанинг мастер-режасини ишлаб чиқиш ва талаб этиладиган ер майдонлари тоифасини ўзгартириш бўйича таклифларни ҳукумат комиссиясига киритиш, зона ҳудудида ички ишлар бошқармасининг хавфсиз туризмни таъминлаш бўлимини ташкил этиш ва бошқа вазифалар бўйича чора-тадбирлар белгиланган.
Маълумот учун айтиш мумкинки, ҳудудда амалга ошириш учун 73 миллион долларлик 130 та бирламчи лойиҳа шакллантирилган.
Мисол учун, узунлиги 6 километр, 3 та тўхташ станциясидан иборат осма дор (канат) йўли ташкил этиш лойиҳаси ишлаб чиқилган. Шунингдек, 110 минг сайёҳни қабул қилиш имкониятига эга модулли дам олиш масканлари, меҳмонхона, кемпинг, эко-уй ва боғлар, чўмилиш ҳавзаларини ўз ичига олган 40 та лойиҳа таклиф этиляпти.
Албатта, бу ишлар ўз-ўзидан бўлмайди. Чунки ҳудуддаги 6000 турар жойда 15 мингга яқин аҳоли яшайди. Айни пайтда ҳар бир хонадон ва бошқа қурилмалар хатловдан ўтказилиб, маълумотлар жамланмоқда. Галдаги вазифа жорий йилнинг 1 майига қадар Оҳалик, Оқбўйро ва Миронқулда жами 4656 гектар ер майдони белгиланган тартибда дирекция ҳисобига ўтказишдан иборат.
Ҳудудда умумий майдони 1697 гектар бўлган «Оҳалик», 414 гектардан иборат «Оқбўйро» ҳамда 2545 гектарда «Миронқул» тоғ туризми лойиҳалари амалга оширилади. 2024-2025 йилларда ташкил этиладиган туризм ва хизмат кўрсатиш соҳаси объектларини қуриш учун маҳаллий ва хорижий инвесторлар жалб этилади.
Алоҳида қайд этиш лозим, ҳудудди бошқа инфратузилма тўлиқ давлат томонидан, яъни республика ва маҳаллий бюджет ҳисобидан ташкил қилиб берилади.
Мисол учун, 2025-2026 йилларда туристик-рекреацион зона ва унга олиб борувчи йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш учун республика бюджетидан 31 миллиард 81 миллион сўм, маҳаллий бюджетдан 8 миллиард 900 миллион сўм сарфланиши режалаштирилган.
Вилоят маҳаллий бюджетидан йўл инфратузилмасини қайта қуриш, жорий ва мукаммал таъмирлашга ҳам 14 миллиард 700 миллион сўм ажратилади.
Электр энергияси тармоқларини қуриш ва таъмирлаш, ичимлик сув ва оқова тармоқларини қуриш, қайта қуриш ва модернизация қилиш республика бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади. Ҳудудда ахборот коммуникация-технологияларини ривожлантириш учун «Ўзбектелеком» акциядорлик компанияси 97,4 миллион сўм сарфлаши белгиланган.
Баҳриддин ХОНКEЛДИЕВ.