Тўйлар бахт майдоними ёки баҳс майдони
“Битта мулла, уч сўм пул, бир калла қанд” деган ибора асрлар давомида халқимизнинг тўй-маросимларга бўлган ҳаётий, оқилона ва тежамкор муносабатини ифода этиб келган.
Бу халқона ҳикмат ортиқча дабдаба ва исрофгарчиликдан йироқ бўлишни, энг муҳими эса маросимнинг ташқи кўриниши эмас, унинг маънавий мазмуни устувор эканини англатган.
Афсуски, бугун биз тўйни маънодан айирдик. Уни шукуҳ, дабдаба билан алмаштирдик. Аслида эса тўй — кимнидир ҳайратга солиш ёки бошқалар билан мусобақалашиш майдони эмас. У никоҳ асносидаги муқаддас оилавий маросим, икки ёш тақдирининг бир нуқтада туташуви, икки оиланинг бир-бирига қўшилиши билан боғлиқ қадимий ва қутлуғ анъана. Ёшларнинг ҳаёт йўлини шовқин-сурон, дабдаба ва исроф орқали эмас, балки самимият, оқилона қарор, яхши ният ва пок умидлар билан бошлаш палласидир. Чунки тўйнинг асл мазмуни ташқи кўркамликда эмас, балки унинг ички моҳиятидадир. У — икки ёшнинг янги ҳаёт сари қўйган илк қадами, бир-бирига берган ваъдаси, ота-оналар дуоси ва яқинларнинг самимий тилаклари билан асл маъно касб этади. Қимматбаҳо безаклар, тўкин дастурхон ёки ортиқча маросимлар эса бу муқаддас онларнинг моҳиятини белгилаб беролмайди.
Бироқ, афсуски, кейинги йилларда тўйлар ўз асл моҳиятидан узоқлашиб, кимўзарлик баҳсига айланиб бораётгани сир эмас. Бугун тўй орқали оиланинг бахт эшиги очилаётгандек эмас, балки оилаларнинг “имконияти”, “қудрати” ва “қўли очиқлиги” намойиш этилаётгандек тасаввур уйғонади.
Ким кўпроқ меҳмон чақирди, ким кўпроқ жонлиқ сўйди, ким қиммат ресторанни танлади, ким донгдор санъаткорларни таклиф қилди — тўйнинг қадр-қиммати ана шу мезонлар орқали ўлчанадиган ҳолатга келиб қолди. Натижада тўй маросими бахт ва барака рамзи бўлиш ўрнига кимўзарлик, дабдаба ва кўз-кўз қилиш майдонига айланиб бораётгани ачинарли ҳақиқатдир.
Энг ёмони, бу мусобақада “ғолиб” чиқиш истаги кўплаб оилаларни имкониятидан ортиқ харажат қилишга, қарзга ботишга, ҳатто йиллаб меҳнат қилиб топган маблағини бир кунлик дабдабага сарфлашга мажбур этмоқда. “Ундан нимам кам?”, “Одамлар нима дейди?” каби ҳавойи гап-сўзлар эса бу кимўзарлик пойгасининг асосий “ёқилғиси”га айланиб қолган.
Авваллари тўйлар ҳар бир оиланинг имконияти ва эҳтиёжларига қараб ўтказилар, орзу-ҳаваслар ўртасида сезиларли фарқ бўлар эди. Ҳар бир оила ўз имкониятидан оширмай, тўйни мазмунан бой ва маънавий жиҳатдан тўкин тарзда ташкил этарди. Бу нафақат моддий, балки маънавий барқарорликни ҳам таъминлар эди. Тўйнинг асосий аҳамияти кўргазмаликда эмас, оилавий бағрикенглик ва меҳр-муҳаббатда намоён бўларди. Ҳозирги замонда эса вазият тамоман ўзгарди. “Бировдан кам бўлмаслик” руҳияти кучайиб, кўпчилик тўйни ижтимоий босим ва кўргазмалик учун ташкил қила бошлади. Инсонлар ўз имкониятидан кўра, атрофдагиларнинг фикрини кўпроқ ўйлайди. Бу эса нафақат иқтисодий босимни, балки маънавий зўриқишни ҳам келтириб чиқармоқда.
Тўйга сарфланган маблағлар кўп ҳолларда оиланинг келажаги учун зарур бўлган уй-жой, таълим ёки соғлиққа сарфланиши мумкин бўлган ресурсларни сўриб оляпти. Натижада тўй бахтнинг бошланиши бўлиш ўрнига, ота-онанинг имконияти тугаши, ёшларнинг хотиржамлиги йўқолиши ва қарзларнинг бошланиш нуқтасига айланмоқда. Айримлар эса ҳатто кредит олиб, бир кечалик шов-шувли тўй қилишга уринади. Шу аснода бир кунлик донг тарқатувчи тўй эгаси узоқ йиллик “жабрдийда”га айланади.
Яқинда ижтимоий тармоқларда тарқалган бир видеони кўриб, одам беихтиёр ўйга толади. Қашқадарё вилоятидаги оддий бир тўй манзараси: ўнлаб жонлиқ сўйилган, дастурхонлар тўлдирилган. Аммо шу манзара ортидаги ҳақиқат янада аччиқ: тўй эгасининг ҳам, қўшниларининг ҳам уй-жойлари томи шиферсиз, ҳовлиси битмаган, ҳаммоми йўқ, ҳатто бирор дарахт ҳам экилмаган. Яъни, кундалик ҳаёт учун зарур энг оддий шароитлар етишмайди, аммо бир кунлик тўй учун катта харажат қилиш одатга айланган.
Бу муаммони ўзбек блогерлари ҳам кўтариб чиқмоқда. Улар бошқа давлатлар тажрибасини мисол қилиб келтиради. Масалан, Эронда баъзан тўй оддийгина ширинлик ва қаҳва билан ўтиб кетверар экан. Германияда эса кўплаб тўйлар, шведча стол шаклида, беш-олти хил газак ва ширинлик билан камтарона, исрофсиз ташкил этилади. Ҳеч ким тўйни “одамлар нима дейди” деган мусобақага айлантирмайди. Бизда эса айрим тўйхоналарда дастурхон “сероблик белгиси” сифатида қават-қават қилиб тахланади. Стол устида идишлар шунчалик кўп жойлаштириладики, меҳмон нафақат бемалол овқатлана олмайди, ҳатто ўтиришнинг ўзи ноқулай бўлиб қолади. Энг ачинарлиси, бу қадар кўп қўйилган таомлар, ширинликлар ва меваларнинг катта қисми ейилмай қолиб кетади. Табиий савол туғилади: қолган таомлар тақдири нима бўлади? Улар чиқиндига чиқариладими? Бу эса нафақат исроф, балки увол ҳамдир...
Тўйдаги мезон, миқдор билан эмас, меъёр ва ақл билан белгиланса, ортиқча манманлик ва риёкорликдан бироз чекиниб, мўътадилликни танласак. Ўртача, аммо тартибли ва чиройли дастурхон — ҳам меҳмонга қулай, ҳам ризққа ҳурмат, ҳам жамият учун ибрат бўлади. Шу ҳолатда тўйларимиз енгилашса, ҳаётимиз ҳам енгилашади.
Биз қачонки “одамлар нима дейди” деган қўрқув билан яшашни тўхтатиб, тўйларимизни «одамлар нима деса десин» тарзида ўтказсак, тежалган пулни саломатлигимизга, таълимга, оила фаровонлиги учун сарфласак, шунда тўйда нимадир кам бўлса ҳам, энг муҳими ҳаётимиз тўкис бўлади.
Шуҳрат Нормуродов.