Улуғбeк расадхонаси ёйини тикласа бўладими?

ХIV–ХV асрларда Марказий Осиёда, Амир Темур барпо этган улкан давлатда  маданий, иқтисодий, ижтимоий ҳаёт, илм-фан, архитектура, адабиёт ва санъатнинг жадал ривожида чақнаш содир бўлгани тарихдан маълум.

Ушбу хайрли ишлар мажмуи жамият тарихида Темурийлар Ренессанси деб номланди ва унинг ёрқин юлдузи Муҳаммад Тарағай Мирзо Улуғбек бўлди. Улуғбекнинг улкан мероси ўткан даврларда ўрганилди, эндиликда ўрганилмоқда ва келажакда яна кўп ўрганилади. ХХ асрда ва ХХI аср бошларида Улуғбек меросини ўрганишда иккита йирик натижага эришилди: Улуғбек шахси жаҳон миқёсида кенг тарғиб қилинди ва тарих фанлари доктори, професор Ашраф Аҳмедов Мирзо Улуғбекнинг “Зижи жадиди Кўрагоний” асарини ўзбек тилига таржима ва тадқиқ қилиб, уни ўзбек, рус, инглиз ва хитой тилларида нашр эттирди. Лекин ҳозирча Улуғбек расадхонаси ва  ундаги астрономик жиҳозлар тўлиқ ўрганилмаган.

Фалакиёт илми тарихида, Мирзо Улуғбекнинг Самарқанд расадхонаси, Европа Ренессансигача энг мукаммал давлат расадхонаси бўлган. Чунончи, ҳозир Самарқанддаги “Улуғбек расадхонаси” номи билан машҳур ёдгорлик, Улуғбек расадхонаси эмас, балки у Улуғбек расадхонасининг, Улуғбек ихтиро қилган бош астрономик жиҳози, жиҳоз-бино, қўшёйли деворий квадрант.  

Маълумки, Улуғбек 1420-1424 йилларда бунёд қилинган расадхонада 30 йиллик астрономик кузатишлар тугаши билан вафот этади.  Унинг шоҳ асари “Зижи Жадиди Кўрагоний” мукаммал тугалланмай қолади. Шунда Улуғбекнинг шогирди, “фарзанди аржуманди” Али Қушчи устози ишини давом этиришга қарор қилади ва 20 йил давомида расадхонада меҳнат қилиб, “зиж”ни мукаммал тугатади ва уни олиб Туркияга сафар қилади. ХVII асрда инглиз олими Жог Гривс (1602–1652) Туркияга сафари чоғида Али Қушчи Туркияга олиб келган “Зижи Жадиди Кўрагоний” асари бир нуcхасини қўлга киритади. 1648 йилда Самарқанддаги машҳур Улуғбек расадхонасида бажарилган асосий ишларнинг кичик бир қисми биринчи марта Оксфордда нашр этилди. Асарни Оксфорд университети кафедра профессори Жон Гривс шарҳлаб, нашрга тайёрлади. Бу даврда Европада Самарқанд расадхонаси ҳақида маълумотлар кам бўлиб, Улуғбек расадхонасига қизиқиш уйғонди. Археолог В.Вяткин 1908-1909 йилларда кўп уринишлардан сўнг Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг «Бобурнома», Абу Тоҳирхожа (вафоти 1874 й.)нинг «Самария» асарлари ва ХVII асрга оид вақф ҳужжатлари асосида Улуғбекнинг Самарқанддаги расадхонасини топади. Бу манбаларда Улуғбек расадхонаси (Таллирасад) – расадхона тепалиги Обираҳмат ариғи яқинидаги «Нақши Жаҳон» деган манзилда жойлашганлиги ёзилган ва шу маълумотларга асосан қазиш жараёнида, чуқурлиги 11 метр, кенглиги 2,5 метр бўлган ҳандақда, Улуғбек ихтироси, расадхонанинг бош асбоби, жиҳоз-бино қўшёйли деворий квадрантнинг бир қисми аниқланди.

Шундан бошлаб мазкур жиҳознинг қиёфаси қандайлиги кун тартибида долзарб муаммога айланди. Жумладан, квадрант ёйи. 1980 йилда собиқ иттифоқнинг “Земля и вселланая” журнали 5-сонида Ўзбекистон Фанлар академияси академиги, Республика астрономия институтининг директори В.Щегловнинг “Улуғбек квадранти плиталарини излаймиз?” мақоласи эълон қилинди. Мақолада қайд қилинишича, археологик қазишмаларда топилган жиҳознинг ёйи бир-бирига зич жипслаштирилган кулранг мармар плиталардан ташкил топган. Уларнинг бир томони айлана юзаси бўйлаб силлиқланган, кенглиги 29 см., қалинлиги 10 дан 20 см.гача бўлиб, ҳар бир плитанинг вазни қарийб 100 килограммни ташкил этади. Квадрант ёйнинг ярми (45 даражагача) ер остида жойлашган, қолган қисми эса ер сатҳидан 29 метргача баландликка кўтарилган.

Афсуски, асбобнинг ер остидаги ёйининг фақат 57 даражадан 90 даражагача бўлган қисми сақланиб қолган. Бундан ташқари, ёйнинг ер усти қисмига тегишли 19 даража, 2 0даража ва 21 даражали иккита плита ҳамда шарқий ёйнинг 1 даражага мос келувчи сўнгги юқори плитасининг чети топилган. Реставрация жараёнида бу плита жиҳознинг шарқий ёйига йўналиши 180 даражага фарқ қилган ҳолда хато ўрнатилгани маълум бўлди. Бугунги кунга келиб, асбобнинг 57 даражадан 90 даражагача ва 19 даражадан 21 даражагача бўлган икки ёйини қамраб олувчи жами 60 та плита сақланиб қолган. Асбоб ёйининг 1 даражадан 18 даражагача ҳамда 22 даражадан 56 даражагача бўлган қисмларига тегишли плиталар топилмаган. Плитанинг ўртача узунлиги 80 см. эканлигини ҳисобга олинса, бедарак кетган плиталар сони 100 га яқин бўлиши керак, яъни бу сақланиб қолганларидан деярли икки баравар кўпдир.

Расадхона вайрон қилинганидан бери ўтган вақт мобайнида улкан мармар плиталар буткул йўқ бўлиб кетиши мумкин эмас. Хўш, улар қаерда? Катта эҳтимол билан, узунлиги бир метрга яқин бўлган, силлиқланган юзасида ўзига хос ариқчалари бор ушбу мармар монолитлар Самарқанд шаҳри ёки унга яқин бўлган қишлоқларда бўлиши мумкин. Йўқолган юзта плитадан, ҳатто, икки-учтасининг топилиши ҳам фан учун улкан аҳамиятга эга. Лекин  мурожаатларимиздан ўтган давр давомида муаммо ўз ечимига эга бўлмади.

Мутрибий Самарқандийнинг «Нусхайи зебоий Жаҳонгир» тазкираси қўлёзмасининг Англияда сақланувчи нусхаси микрофильми профессор Ашраф Аҳмедов томонидан юртимизга олиб келингач ва олим Исмоил Бекжонов томонидан ўрганилиб, Эронда форс тилида чоп этилгач, шу манба асосида Улуғбек расадхонаси сўнгги тақдирига ҳам аниқлик киритилди ва бу ҳақда “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг 1996 йил 5 апрель сонида “Улуғбек расадхонасининг биз билмаган тарихи” ва 2006 йилдаги 13-сонидаги “Улуғбек расадхонасини ким буздирган?” мақолаларида қайд қилинганидек, Али Қушчи Туркияга сафар қилгач, Улуғбекнинг астрономик саройи, юз йилдан ортиқ вақт давомида ҳувуллаб, бўшаб қолади.

1580-1592 йилларда (1424 – 1580/1593 = 156/168) Самарқанд ҳокими Ҳожибий Отолиқ Дўрмон ул ўхшаши йўқ латиф иморатни бузиб ташлаб, ғишт ва бошқа қурилиш анжомларини Шодмулк Оқо ( ХIV асрнинг иккинчи ярми – ХV аср бошларида яшаган) кўпригини таъмирлашга ишлаттирди. Шодмулк Оқо  Кўҳак суви (дарёси) устига қурдирган кўприк, Султон Саъид (1551, 1557 — 1572 йиллари Самарқандда хонлик қилган) замонида ўтиш жойи бўлган тоқининг ўртасидан анча жойи ўпирилиб тушган ва ҳар икки томонидан бир қарич миқдорда сақланиб қолган. Ҳожибий Отолиқ Дўрмон (мазкур расадхона ғиштларидан) бу бузилган тоқ ёнига яна бир тоқ қурдирди. Лекин бироз вақтдан сўнг сув тошқини рўй бериб, уни таг-туги билан қўпориб ташлади. Расадхона харобаси вақт ўтиши билан тупроқ остида кўмилиб, кўздан ғойиб бўлади.

 Ўтган давр давомида Самарқандда такрор ва такрор бўлган пайтларимизда, олим ва мутахассислар билан мулоқат қилинганида юқорида қайд қилинган Кўҳак дарёсида бунёд бўлган Шодмулк Оқо кўприк жойини аниқлаб бўлмади.

Халқ хотираси кучли! Балки бизнинг ёзганларимизни ўқиганлар ва бу ҳақдаги маълумотлардан бохабар бўлган самарқандликлар ёки бошқа юртдошларимиз бу тўғрисида хабар берсалар, айни муддао бўларди.

Саидбаҳром Азизов,

ЎзФА Темурийлар тарихи давлат музейи илмий ходими, астроном.