Уйма-уй ўрганиш сектор фаолиятининг мезони

Бу эса жойларда одамларни қийнаётган муаммоларни жойида ўрганиш, йўл қўйилган камчиликларни тезда бартараф этиш, аҳолининг турмуш фаровонлигини оширишга қаратилган аниқ режаларни амалга оширишга туртки берди. 
Қарор асосида туманимиз ҳудуди 4 та секторга тақсимланиб, секторлар штаблари ташкил қилинди. Ҳар бир секторда тегишли идоралардан 92 нафар ходимдан иборат ишчи гуруҳлари ҳамда жамоат ташкилотлари ходимлари жалб қилинган назорат гуруҳлари тузилди. 
Қарор ижросини таъминлаш юзасидан ўтган йил август ойида туман ҳокимлигида ҳар бир сектор раҳбари, ишчи гуруҳ аъзолари ҳамда алоқадор идораларнинг масъул ходимлари иштирокида секторлар фаолиятини ташкил этиш бўйича "Йўл харитаси"ни ишлаб чиқиш, мониторинг юритиш тизимини жорий этиш юзасидан йиғилишлар ўтказилди. 

Туманимизда 65 маҳалла бўлиб, туман ҳокими сифатида менга бириктирилган секторда 19 маҳалла мавжуд. Уларда 11 минг 324 хонадон, 14 минг 484 оилада 65 минг 279 нафар аҳоли истиқомат қилади. Уйма-уй юриш ва аҳоли билан учрашувлар ўтказиш натижасида 9 минг 625 хонадонда 318 та муаммо аниқланиб, унинг 100 таси ўрганиш давомида ўз ечимини топди. Муаммолардан келиб чиқиб, туман, вилоят ва республика даражасида ҳал этиладиган 7 йўналишда "Йўл харитаси" ишлаб чиқилди. "Йўл харитаси"га 1-сектор бўйича 218 муаммо киритилиб, 205 таси ҳал этилди. 

Жумладан, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, ногиронлиги бўлган шахс ва ёрдамга муҳтож оилаларда 78 муаммо аниқланиб, уларнинг 75 таси ҳал этилди ва 3 та масала бўйича қонуний тушунтириш ишлари олиб борилди. Тадбиркорликни ривожлантириш, инвестицияларни жалб қилиш бўйича 13, аҳолини уй-жой коммунал шароитларини яхшилаш ва ободонлаштириш бўйича ўрганилган 18 масалага ижобий ечим топилди. Ижтимоий объектларни қуриш ва таъмирлаш, йўл, электр энергияси, газ, ичимлик суви ва иссиқлик тармоқларини таъмирлаш масалалари бўйича 38 та, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш ва профилактика қилиш йўналишида 6 та муаммо бартараф этилди. 

Сектор ҳудудида 2017 йилда битта икки қаватли 16 хонадонга мўлжалланган уй қурилиб, фойдаланишга топширилди. Профилактика инспекторлари учун 10 та уй қурилди. Ногирон, меҳнатга лаёқатсиз, кам таъминланган ва чин етимларнинг икки нафари барча шароитларга эга бўлган уй билан таъминланди, меҳнатга лаёқатсиз фуқаронинг 11 нафари ногиронлик аравачаси, 14 нафари ҳасса ва қўлтиқтаёқ, 3 нафари эшитиш мосламаси билан таъминланди. Умуман, 1-сектор ҳудудидаги 174 та кам таъминланган оиланинг белгилаб олинган тадбирлар режасига асосан, ижтимоий ҳимоясини таъминлаш чоралари кўрилган. 
Ҳудуддаги 1 та хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатига қарашли 16 та кўп қаватли уй-жойнинг техник ҳолати ўрганилди, аниқланган камчиликлар бўйича манзилли режалар ишлаб чиқилиб, амалга оширилди. 
Секторга қарашли маҳаллалардаги 3 минг 909 нафар истеъмолчи табиий газ ва 6 минг 781 истеъмолчи суюлтирилган газ билан таъминланмоқда. Аҳолининг турмуш шароитини янада яхшилаш мақсадида Гўзал ва Фаровон маҳаллаларига 9,4 километр газ қувури янгидан тортиб келинди. 

Электр энергияси таъминотини яхшилаш учун ўтган йили сектор ҳудудидаги 148 та трансформаторнинг 19 таси мукаммал, 37 таси жорий таъмирланди, қолган 88 та трансформатор пунктларида профилактика ишлари олиб борилмоқда. Тараққиёт маҳалласидаги 2,5 километр масофада жойлашган ёғоч устунларнинг 64 таси бетон устунларга алмаштирилди. Гўзал, Хоса ва бошқа маҳаллаларда қўшимча трансформатор ўрнатиш ишлари олиб борилиб, ҳаво линиялари изоляцияланган симларга, ёғоч устунлар бетонларига алмаштирилмоқда. 2018 йил режасига асосан, 13 та трансформатор мукаммал, 29 таси жорий таъмирланади. 

Ҳудудда ичимлик сувини яхшилаш режасига кўра, жорий йилда Жувозхона, Хоса, Дўстлик маҳаллаларида сув иншоотлари ҳамда 6,3 километр сув тармоқлари қуриш режалаштирилган. Яна жорий йилда туман марказий ва ички кўчаларини таъмирлаш бўйича бюджет маблағлари ҳисобидан Бешқўрғон, Жувозхона, Дўстлик, Тоҳиршайх, Бошқўрғон маҳаллаларида 4 километр ва маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан Деҳқонобод, Оқтош, Бешқўрғон, Фидокор, Бирлашув, Мустақиллик кўчаларида 5,5 километрга яқин ички кўчалар мукаммал ва жорий таъмирланади. 

Абдумўмин ЖЎРАЕВ, 
Пайариқ туман ҳокими,
1-сектор раҳбари.