“World Governments Summit”да Самарқанд вилояти вакили қатнашди
Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида жаҳон ҳукуматлари саммити (World Governments Summit) бўлиб ўтди.
Унда вилоят туризм бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Жўрабек Суюнов ҳам иштирок этиб, анжуман қатнашчиларига Самарқанднинг бой тарихий-маданий мероси, туризм салоҳияти ҳамда истиқболли инвестицион лойиҳаларҳақида маълумот берди.
Тадбир доирасида туризмни ривожлантириш, замонавий давлат бошқаруви тажрибаларини жорий этиш, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ва инвестицияларни жалб этиш масалалари юзасидан қатор муҳим учрашув ва мулоқотлар ўтказилди. Вилоятнинг туризм йўналишидаги ташаббуслари ва лойиҳалари хорижий ҳамкорлар томонидан катта қизиқиш билан қарши олинди.
- Мазкур нуфузли саммитда қатнашиш биз учун халқаро тажриба алмашиш, илғор глобал ёндашувларни ўрганиш ҳамда туризм соҳасида янги ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш учун муҳим қадам бўлди, – дейди Жўрабек Суюнов. – Саммитдан орттирган билим ва тажрибаларимиз келгусида вилоятимизда туризмни янада ривожлантириш, замонавий ва барқарор лойиҳаларни амалга оширишга хизмат қилишига ишонамиз.