Янгиариқдаги янги корхоналар
Давлатимиз раҳбарининг яқинда вилоятимизга ташрифи давомида ҳудудларда юздан ортиқ янги лойиҳалар ишга туширилди, қурилиш ишлари бошланди.
Самарқанд тумани Янгиариқ маҳалласида “NKB Xolding” компанияси таъсисчиси, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати А.Қаюмов ташаббуси билан ташкил этилган шундай лойиҳалардан бири газоблок ишлаб чиқариш заводидир. Хитойнинг HONGFA компанияси технологиялар асосида замонавий қурилиш материаллари ишлаб чиқариш йўлга қўйилган 21 миллион долларлик лойиҳа “Қаюмов Строй Инвест” МЧЖ томонидан амалга оширилди.
Йилига 420 минг куб метр маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга корхонада дастлаб 150 та янги иш ўрни яратилди. Завод тўлиқ қувват билан иш бошлагандан кейин доимий иш ўринлари 300 тага етади, шунингдек, 200 киши мавсумий иш билан таъминланади.
Ишлаб чиқарилаётган маҳсулотнинг 25 фоизи экспорт қилиниши режалаштирилган бўлиб, асосий экспорт йўналишлари сифатида Тожикистон ва Афғонистон давлатлари белгиланган.
Янгиариқда “Қаюмов Строй Инвест” МЧЖ томонидан яна бир йирик лойиҳа – оҳак ишлаб чиқариш заводи ҳам ташкил этилмоқда. Ушбу лойиҳа газоблок ишлаб чиқариш билан узвий боғлиқ бўлиб, хом ашё занжирини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
2023 йилда бошланган лойиҳанинг умумий қиймати 4 миллион АҚШ долларини ташкил этади ва уни жорий йилнинг иккинчи чорагида ишга тушириш режалаштирилган.
Завод йилига 70 минг тонна маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга бўлиб, кунлик ишлаб чиқариш ҳажми 200 тоннани ташкил этади. Маҳсулотнинг 40 фоизи экспортга йўналтирилади. Замонавий технологиялар билан жиҳозланаётган корхонада 30 та янги иш ўрни яратилади.