Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Манманлигимиз қабристонга ҳам етиб бордими?

Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси депутатлик гуруҳи томонидан Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 4 апрелдаги “Дафн этиш ва дафн иши тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини амалга ошириш чора-тадбирлари ҳақида”ги қарорининг Самарқанд шаҳридаги ижроси ўрганилди.

Ушбу қарор ижросини таъминлаш мақсадида амалга оширилган қатор чора-тадбирлар натижасида шаҳар аҳолисига дафн этиш билан боғлиқ хизматлар кўрсатиш борасида кўпгина қулайликлар яратилган. Аҳолига хизмат кўрсатиш махсус техникалари янгилаб берилган. Шаҳар ҳудудида жойлашган 40 та қабристонга аҳолига хизмат кўрсатиши учун 27 та қабристон назоратчиси, 71 та қабристон қоровули штат бирлиги ажратилган.

Маҳаллий бюджет ҳисобидан 200 млн. сўм маблағ ажратилиб, қабристон атрофида девор тортиш, айримларида таъмирлаш ишлари амалга оширилган.

Ўрганиш давомида бу каби хайрли ишлар билан биргаликда айрим камчилик ва муаммолар ҳам аниқланди. Хусусан, Самарқанд шаҳридаги Хўжа Абду Дарун қабристонида айрим қабрлар чўккан. Амалдаги тартибга кўра, қабрларни сақлаш ва қабр усти ёдгорликларини ўрнатиш тартиби қоидаларига кўра алоҳида дафн этишга ажратилган участкага узунлиги 1,5 метр, эни 1 метр ва баландлиги 0,5 метрдан 1 метргача бўлган ўлчамда қабр усти ёдгорликларини ўрнатиш (қуриш)га йўл қўйилади. Бироқ қабристонда айрим қабр ёдгорликларига 10-16 кв.метр ер майдонлари ажратилган. Яъни баъзи ҳолларда ёдгорлик узунлиги 1,5 метр эмас, балки 3-4 метр, эни 1 метр ўрнига 4 метр ерга ўрнатилган.

Табиий савол туғилади: бу манманликми ёки ўтганларга ўрнатилган ёдгорлиги билан мақтанишми? Ёдгорлик учун тартибга риоя қилмасдан жой ажратилганига нега мутасаддилар бепарво бўлишган?

Шунингдек, ўрганиш давомида мусулмончилигимизга ёт ҳолат - қабр усти ёдгорлигига тирик инсоннинг расми, туғилган йили ёзиб қуйилганлиги аниқланди. Албатта, бундай ҳолатлар билан мутлақо келишиб бўлмайди. Шу боис сессия ишида тегишли қарор билан зарур чора-тадбирлар белгиланди.

З.БЕРДИЕВА, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати.