Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Тафаккур ҳам инновация

Яъни, бахтли ҳаёт орзудан реалликка айланиши лозим. Бугун одамларнинг ҳаётини бахтли қилишнинг энг мақбул шакли демократик сиёсий тартибот ҳисобланади. Бунинг учун демократия қоғозда эмас, балки амалда бўлиши керак. Халқ ҳокимиятга  эмас, балки ҳокимият халққа хизмат қилиши керак. Ҳокимиятнинг халққа хизмат қилиши демократиянинг талаби ҳисобланади, лекин бизларда ҳозирча демократия реалликка тўлиқ айланиб улгурмаган бўлиб, номинал демократия характерида бўлганлиги учун ҳокимиятнинг халққа хизмат қилишини таъминлаш оғир кечяпти. 

Ҳокимият билан халқ ўртасидаги муносабатда демократик тамойиллар ўрнатилиши учун халқ кучли бўлиши керак. Ҳозирча бизда ҳокимият кучли, аммо халқ нисбатан кучсиз ва шунинг учун ҳам демократик тамойилларнинг устуворлигини ўрнатиш қийин кечмоқда. Халқнинг кучлилигини белгиларидан бири бу парламентнинг кучлилигидир. Лекин бизларда ҳозир кучли ижроия ҳокимияти ва нисбатан кучсиз парламент бор. Шунинг учун Президентимиз ўз мурожаатларида парламент фаолиятига танқидий баҳо бериб, уни кучайтиришга қаратилган таклифларни бердилар. Масалан, парламентнинг қонун ижодкорлик фаолияти танқид остига олинди. Чунки парламент ўзининг асосий фаолияти бўлган қонун ижодкорлик фаолиятини талаб даражасида бажара олмаяпти. 
Негаки, парламентнинг илмий салоҳияти қонун ижодкорлик фаолиятини амалга ошириш учун етарли бўлмаяпти. Қонун ижодкорлиги билан шуғулланиш учун депутатларда жамият ривожланиш қонуниятлари тўғрисидаги билим кучли бўлиши керак. Бунинг учун парламентда ижтимоий - гуманитар фан намояндалари, яъни жамиятшунос олимлар етарли даражада бўлишлари, сиёсий партиялар номзодларни танлаш жараёнида уларнинг илмий салоҳиятларини асосий мезонлардан бири сифатида белгилаб олишлари ва унга қатъий риоя қилишлари керак бўлади. Ана шунда парламент нафақат ўзининг қонун ижодкорлик функциясини, балки барча функцияларини, жумладан, назорат функциясини ҳам амалга оширишга қодир бўлади.
 Парламент назорати адолатли ижтимоий тартибни, тартиб эса тараққиётни ва тараққиёт ўз навбатида фаровон жамиятни таъминлайди. Бунинг учун жамиятни илм-фан ютуқларига асосланиб бошқариш, яъни жамиятшунос олимлар демократлаштириш, либераллаштириш ва фуқаролик жамиятини шакллантириш борасида таклифлар беришлари лозим. Бошқача қилиб айтганда, фаол тадбиркорлик фақат моддий бойлик яратиш борасида эмас, балки интеллектуал бойлик яратиш борасида ҳам бўлиши лозим. 


Демократия ҳам, фуқаролик жамияти ҳам назорат фаолияти билан боғлиқ. Чунки демократия бу нафақат ҳокимият халқ томонидан шакллантирилиши, балки назорат қилиниши ҳамдир. Фуқаролик жамиятининг асосий функцияси ҳокимият томонидан ҳуқуқ ва ахлоқ нормаларига риоя қилинишини назорат қилишдан иборат. Фаол тадбиркорлик ва инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб- қувватлаш йили талабларидан келиб чиқиб, олий таълим тизимида ижтимоий назорат номли фанни ишлаб чиқиш ва ўқув курсини жорий этиш таклифини бериш мумкин. 
Тадбиркорлик деганда ўз ишига ижодий ёндашиб, моддий ва маънавий бойлик яратиш жараёнини самарали қилиш тушунилади. Пассив тадбиркор ўз фаолиятини ҳар доимгидек бир хил олиб боради, фаол тадбиркор эса замон талабларидан келиб чиқиб, ўз фаолиятини такомиллаштириб боради. Ньютоннинг учинчи қонуни бўйича ҳар қандай куч акс таъсирга эга, дейилади. Ана шу акс таъсир фаолликни англатади ва худди шундай акс таъсирнинг бўлмаслиги эса пассивликни англатади. 
Замон талаби илм-фан ютуқларига таяниб, ислоҳотлар асосида ётган либерализм ғоялари ва демократик сиёсий тартибот асосида кучли давлатдан кучли фуқаролик жамиятига ўтишдан иборат. Уни моддий ва маънавий бойлик яратишда илм-фан ютуқларига асосланиш деб ҳам тушунамиз. Дарҳақиқат, илм-фан ютуқларига асосланган давлат ривожланиб, гуллаб-яшнаб бормоқда. Шунинг учун Ўзбекистон мамлакати ҳам ўз тараққиётини илм-фан ютуқларига асосланган ҳолда амалга оширишга ҳаракат қилмоқда. Фаол тадбиркорлик инновацион ғояларга асосланса, инновацион ғоялар эса илм-фанга асосланади. Чунки янгиликни англатадиган инновация олдиндан кўра билишга, олдиндан кўра билиш эса фанга асосланади. 


Замон талаби бўлган демократия ва фуқаролик жамияти назорат фаолиятини такомиллаштириш билан боғлиқ, чунки назорат демократиянинг таркибий қисми ва фуқаролик жамиятининг асосий функцияси ҳисобланади. Шунинг учун назорат фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган фаолият инновацион ғояларга асосланган фаол тадбиркорлик ҳисобланади, деб айтиш мумкин. Назорат фаолиятини такомиллаштириш учун энг аввало, ушбу фаолиятга доир билим керак бўлади. Бундай билим таълим тизимида, жумладан, олий таълим тизимида шаклланади. Ҳозирча таълим тизимида бирор-бир фан талабаларимизга назорат фаолиятига доир билимни бермайди. Агар биз бугун талабаларимизга назорат фаолиятига доир билимларни бера бошласак, эртага демократия шароитида яшашга ва ўзининг назорат функциясини амалга оширишга қодир бўлган авлод шаклланади. Бундай авлод назорат механизмини кучли қилиб, ижтимоий тартибнинг барқарорлигини таъминлайди. Ижтимоий тартиб эса, жамият тараққиётини ва одамлар орзу қилиб келаётган бахтли ҳаётни таъминлайдиган фаровон жамиятни қуришга хизмат қилади. Бундай билимни шакллантириш мақсадида олий таълим тизими ўқув дастурига "Ижтимоий назорат" номли ўқув курсини жорий қилиш таклифини бериш мумкин. Бугунги кунда ушбу ўқув курси фақат СамДУда жорий қилинган бўлиб, мазкур фанни ўқитишда қўлланма сифатида хизмат қиладиган "Ижтимоий назорат" номли монография ҳам ишлаб чиқилган. Ижтимоий назорат фанининг ишлаб чиқилиши ва ўқув жараёнига жорий этилиши интеллектуал бойлик яратиш борасидаги инновацион ғояга асосланган фаол тадбиркорлик сифатида баҳоланиши мумкин.