132 миллион сўмлик қалбаки акцизли алкоголь: Самарқандда йирик қонунбузарлик аниқланди

Самарқанд шаҳрида сифатини тасдиқловчи ҳужжатларга эга бўлмаган ҳамда қалбаки акциз маркалари билан муомалага киритилган алкоголь маҳсулотларини савдога чиқариш ҳолати фош этилди.

Ушбу қонунбузарлик Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг шаҳар бўлими ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида аниқланган.

Текширув жараёнида “J.E.” масъулияти чекланган жамиятига қарашли, Самарқанд шаҳридаги Имом Бухорий кўчасида жойлашган савдо дўконида қонунга зид фаолият юритилаётгани маълум бўлди. Хусусан, дўконда умумий қиймати 132,1 миллион сўмни ташкил этувчи 40 турдаги 4042 дона алкоголь маҳсулоти сифатини тасдиқловчи ҳужжатларсиз савдога қўйилгани аниқланди. Шунингдек, 422 дона алкоголь маҳсулоти қалбаки акциз маркалари билан таъминлангани ҳам фош этилди.

Аниқланган барча маҳсулотлар ашёвий далил сифатида олиб қўйилди. Ушбу ҳолат аҳоли саломатлигига жиддий хавф туғдириши мумкинлиги билан ҳам аҳамиятлидир, чунки сифат назоратидан ўтмаган алкоголь маҳсулотлари инсон ҳаёти ва соғлиғига салбий таъсир кўрсатиши эҳтимоли юқори.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 176-моддаси (қалбаки пул, акциз маркаси ёки қимматли қоғозлар ясаш ҳамда уларни ўтказиш) ва 186-1-моддаси (этил спирти ва алкоголли маҳсулотларни қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш ёки муомалага киритиш) билан жиноят иши қўзғатилди. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.