Адолатга пайваста шараф
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган юрист, генерал-майор, ҳуқуқшунослик бўйича фалсафа доктори Шуҳрат УЗОҚОВ 65 ёшга тўлди
Шуҳрат Шаропович нафақат ҳаёт мактабида таниқли юрист бўлиб етишди, балки ўзи ҳам соҳада муносиб мактаб ярата олди. Биз, бугунги авлод айнан ана шу бағрикенг, фазилатли, талабчан, билимдон устознинг бевосита тарбиясини олганлигимиз билан фахрланамиз. Негаки, у кишининг энг катта хизмати бизни хатомизни тўғрилашга эмас, балки ана шу хатони қилмасликка ўргатди. Зеро, бундай масъулият Ўзбекистон ҳарбий прокуратураси тизимида ўзига хос анъана сифатида қадрланади.
Яқинда яна бир ана шундай улуғ устозим, прокуратура фахрийси, учинчи даражали адлия маслаҳатчиси Эркин Абзалов билан суҳбатлашиб қолдик. У кишининг устозим ҳақида айтган самимий сўзларини сизга етказмоқчиман.
– Шуҳрат Узоқов Ўзбекистон прокуратураси тарихида муносиб ўрин тутган оддий ном эмас, мамлакатимизнинг прокурорлик мактаби вакили. “Қонун”, “шараф”, “бурч” ва “адолат” тушунчалари бу мактаб салоҳиятининг моҳиятини ташкил этади, - дейди Эркин Меҳмонович. – Бизни нафақат бир тизимдаги хизмат, балки бир авлод прокуратура ходимларини шакллантирган касбий муҳит, анъана ва юксак аҳлоқий тамойиллар бирлаштиради. Зеро, бу ўзига талабчанлик, хизмат бурчига садоқат, қатъиятлилик ва айни пайтда, инсон тақдирига чуқур масъулият билан ёндашиш мактабидир. Мен Шуҳратжоннинг касбий фаолият йўлини ана шундай мактабнинг муносиб намунаси сифатида ҳурмат қиламан.
Бундай таъриф соҳанинг ҳар бир вакилига ҳам айтилавермайди. Негаки, Шуҳрат Шаропович дипломни олгач, прокуратурадаги барча оддий вазифаларда ишлаб топланди, изланишдан, ўрганишдан эринмади. Бундан ташқари, соҳанинг тергов бўлими, миллатлараро муносабатларда қонунлар ижросини назорат қилиш, ташқи иқтисодиётда коррупцияга қарши курашиш бўлимларига раҳбарлик қилди. Қонун устуворлигини таъминлашдаги қатъиятлилиги, адолат йўлини маҳкам тутганлиги сабабли кўпчилик назарига тушди.
Ш.Узоқовнинг ҳарбий прокуратурадаги фаолияти чинакам ҳуқуқий мактаб бўлди, десам адашмайман. Чунки мустақил Ўзбекистон шароитида бу тизимни шакллантириш, мустаҳкамлаш, ҳарбий қудратимизни оширишга хизмат қилиш осон эмас эди. Устоз ана шундай шарафли синовларда чинакам фидойилик кўрсатди. Самарқанд вилояти ҳарбий прокурорлигидан Ўзбекистон Республикаси бош прокурорининг ўринбосари – Ўзбекистон ҳарбий прокурори лавозимигача бўлган йўлни босиб ўтди. Соҳадаги 16 йиллик фаолияти давомида ҳарбий прокуратурада ҳарбий хизматчиларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш ҳамда давлатнинг муҳим вазифаларини бажаришда ҳамкасбларига ибрат кўрсатди. Бу фаолияти учун “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган юрист” фахрий унвонига сазовор бўлди.
Фақат бугина эмас, Шуҳрат Шаропович Бош прокуратуранинг Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментига раҳбарлик қилди, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши сектор мудири, Президентнинг Самарқанд вилоятидаги Халқ қабулхонаси раҳбари бўлиб ишлади.
Сафдошлари таъкидлаганидек, Ш.Узоқов нафақат касбий билими, балки мустаҳкам ишчи эътиқоди ва иродаси билан ҳам ажралиб туради. Мураккаб вазиятларда қатъий туриш, синовларда ўз қадрини йўқотмаслик, муҳими, қонуннинг ҳар бир моддаси ортида инсон тақдири турганини унутмаслик бу инсон фаолиятининг моҳиятидир. У киши эришган барча унвонлар, лавозимлар, мукофотлар замирида, аввало, инсоннинг ўзи – оиласига меҳрибон, ишончли ҳамкасб, садоқатли дўст, касбдошлари, устозлари ҳамда прокурорлик мактаби анъаналарига ҳурматини сақлаб келаётган фидойи шахс туради.
Устозимизни бугунги қувончли куни билан муборакбод этамиз. У кишига сиҳат-саломатлик тилаймиз! Шуҳрат Узоқов яратган ҳаётий мактаб келгуси авлодлар учун ҳам ибрат бўлишига ишонамиз.
Отабек ҲАЙДАРОВ,
Самарқанд ҳарбий прокурори.