Америка орзуси ёки реал имконият: Ўзбекистон меҳнат миграциясида янги босқич бошланди
Кейинги йилларда Ўзбекистонда меҳнат миграцияси сиёсатида сезиларли ўзгаришлар кузатилмоқда. Мамлакатнинг ижтимоий ва иқтисодий муаммоларини енгиллатиш мақсадида ўзбекистонликларни Америка Қўшма Штатларига мавсумий қишлоқ хўжалиги ишларига юбориш таклиф қилинмоқда.
Бу жараён мамлакат тарихида илк бор содир бўлмоқда ва бу ўзбекистонликлар учун янги имкониятлар эшигини очмоқда. 2025 йил март ойида эълон қилинган расмий рақамларга кўра, Ўзбекистонга чет элдан пул ўтказмалари миқдори қарийб 19 миллиард долларни ташкил этган. Бу рақамлар Ўзбекистоннинг ташқи меҳнат бозорлари орқали олинган маблағларнинг аҳамиятини кўрсатади. Мигрантлар жўнатган пуллар миқдори беш йил ичида уч баробарга ўсгани эса мамлакатнинг иқтисодий барқарорлигини таъминлашда муҳим роль ўйнамоқда. Ана шу пайтгача Россия ва Қозоғистон ўзбекистонликлар учун энг йирик ташқи меҳнат бозорлари бўлиб келган. Аммо ҳозирги кунда Ўзбекистон ҳукумати ташқи меҳнат бозорларини турфалаштириш ва миграция географиясини кенгайтиришга ҳаракат қилмоқда. Украина уруши ва Россиянинг миграция сиёсатининг қатъийлашуви бу жараённи тезлаштирди.
Сўнгги пайтларда мигрантларга нисбатан номақбул муносабатлар ҳам кузатилмоқда. Полиция рейдлари сони кескин ортгани, баъзи давлатларда мигрантларга қарши норозилик ҳаракатларига сабаб бўлмоқда. Бу ҳолат, ўз навбатида, мигрантларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш заруриятини янада оширмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Ўзбекистон ўзининг миграция сиёсатини тубдан ўзгартирди. Ушбу сиёсат доирасида меҳнат мигрантлари "фарзандларимиз" деб атала бошланди, бу эса мигрантларнинг аҳамиятини янада оширди. Меҳнат ресурслари замонавий Ўзбекистоннинг энг муҳим бойлиги сифатида қарала бошланди. Ўзбекистоннинг меҳнат миграцияси сиёсатидаги ўзгаришлар, мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий муаммоларини енгиш ва янги имкониятлар яратиш учун муҳим аҳамиятга эга. Америка Қўшма Штатлари каби янги бозорларга кириш, ўзбекистонликларга янги имкониятлар бериш билан бирга, уларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилишни ҳам талаб этади. Ушбу жараёнларда Ўзбекистоннинг келажаги учун муҳим бўлган ижобий ўзгаришларни кузатиш керак.
2025 йил январь ойида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатнинг меҳнат миграцияси тўғрисида муҳим маълумотларни тақдим этди. Унга кўра, ўзбекистонликлар бугунги кунда дунёнинг 30 дан ортиқ давлатида ташкилий меҳнат миграцияси доирасида фаолият юритмоқда. Илгари эса ўзбек мигрантлари асосан икки ёки учта мамлакатда ишлаган. Бу ўзгаришлар мамлакатнинг ташқи меҳнат бозорларини кенгайтириш ва мигрантларга янги имкониятлар яратиш борасидаги сиёсатини кўрсатади. 15 январь куни Ташқи ишлар вазирлиги ва хориждаги дипломатик ваколатхоналар фаолиятига бағишланган йиғилишда, Президент Мирзиёев Ўзбекистон фуқароларини хорижда юқори маошли ишларда ишга жойлаштиришни устувор вазифа сифатида белгилади. Бу жараёнда АҚШ, Европа давлатлари ва бой араб мамлакатлари каби давлатлар алоҳида тилга олинди. Йиғилишда, Ўзбекистоннинг АҚШда мавсумий ишчилар жалб қилиниши учун давлатлар рўйхатига киритиш бўйича музокаралар олиб бориш вазифаси элчиларга топширилди. Бу, ўз навбатида, ўзбекистонлик мигрантларнинг янги бозорларга киришини таъминлаш ва уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун муҳим аҳамиятга эга. Шавкат Мирзиёев раислигида ўтган йиғилишдан сўнг, ижобий янгиликлар тез орада Ўзбекистондаги етакчи нашрларда сарлавҳаларга чиқди. Ташқи ишлар вазирлиги томонидан келишув имзолангани ҳақида хабар берилди. Бу келишув ўзбекистонликларнинг хориждаги иш имкониятларини кенгайтириш ва уларнинг иқтисодий ҳолатини яхшилаш учун янги йўл очади. Ўзбекистоннинг меҳнат миграцияси борасидаги сиёсатининг ўзгариши, мамлакатнинг иқтисодий ривожланиши учун муҳим аҳамиятга эга. Янги имкониятлар, юқори маошли ишларга жойлашиш ва хорижий давлатлар билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш орқали Ўзбекистон ўз мигрантларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларнинг иқтисодий фаровонлигини таъминлашга интилаётганини кўрсатади. Меҳнат миграцияси соҳасидаги бу ўзгаришлар, мамлакатнинг келажаги учун муҳим бўлиб, ўзбекистонликларнинг дунё миқёсидаги мавқеини янада мустаҳкамлайди.
Океанортида ҳам кўплаб юртдошларимиз меҳнат қилади. Уларнинг аксариятини Грин-карта билан борганлар ташкил этади. Ўзбекистонликлар ўтган йили ҳатто энг кўп Грин-карта ютганлар сони бўйича жаҳонда биринчи ўринни эгаллашган. Воқеаларнинг сўнгги ривожи Ўзбекистон Америка Қўшма Штатлари билан савдо-иқтисодий алоқаларини кучайтириш, ўзаро муносабатларини сифат жиҳатдан янги босқичга кўтариш ҳаракатида бўлган бир пайтга тўғри келади. Аммо, бошқа томондан, янгилик АҚШ Грин-карта лоторея схемасини тўхтатган, Вашингтон қисман ва тўлиқ саёҳат чекловига юз тутувчи давлатлар рўйхатини кенгайтирган, президенти Америка тарихида мисли кўрилмаган бўлишини ваъда қилган оммавий депортациялар авжида бўлган бир ҳолатда юз берди.
Америкада қонуний яшаб, меҳнат қилаётган ўзбекистонликлар орасида етакчи олимлар, ишбилармонлар, банкирлар, турли халқаро ва жамоат ташкилотлари вакиллари мақомида бўлганлари, нуфузли университетларида таҳсил олаётганлари ҳам оз эмас. Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлигининг расман хабар беришича, келишув АҚШнинг USA Farm Labor ташкилоти билан имзоланган. Онлайн тарзда ўтган мулоқотда томонлар ўзбекистонлик номзодларни илк бор АҚШдаги мавсумий ишларга жалб этиш тартибларини муҳокама этишган. Бунда: иш муддатининг 9-10 ой; ўртача ойликнинг 3500 доллар; турар-жойнинг иш берувчи ҳисобидан бўлиши; малакали мутахассисларга устуворлик берилиши ҳақида сўз боргани айтилади. Бу ҳақдаги расмий хабарда фақат ўзаро келишув имзолангани ҳамда ҳамкорликни кейинги босқичларини энг тез муддатларда амалга оширишга келишиб олинган айтилган.
Тўғри, Америкада иш имконлари, маош ва ҳаёт шартлари ҳам бошқа давлатларга қараганда анча жозибадор. Бу ҳолат баъзан Америка ҳақида бироз оддий, бироз янглиш катта иқтисод — катта имконият, деган тасаввурга сабаб бўлиши мумкин. АҚШ ватандошларимиз учун Россия, Туркия ёки Қозоғистон каби оммавий йўналишда муқобил меҳнат бозори бўла олмайди. Айниқса, муҳожирликни чеклаш ва муҳожирларга қарши радикал чоралар қўллаётган ҳозирги Трамп маъмурияти даврида. Қолаверса, агар гап Н-2А дастури ҳақида борадиган бўлса, ўзбекистонлик ишчиларни Америкага олиб келиш жараёни реал ҳаётда анча мураккаб бўлиши мумкин. Чунки бу дастур орқали ҳамма ҳам кела олмайди. Н-2А дастури орқали ишларга мурожаат қилиш мумкин, ишга қабул қилинган тақдирингизда ҳам, барибир якуний қарорни АҚШ элчихонаси беради.
Албатта, Америкада ҳозирда қишлоқ хўжалиги соҳасида, хусусан, фермаларда мавсумий ишчиларга жуда катта талаб бор. Аммо Америкага дунёнинг бошқа мамлакатларидан келмоқчи бўлганлар кўламини катталигини ҳисобга олсак, танлов жараёни ҳам жуда қаттиқ кечади. Фермер хўжаликларида, умуман, қишлоқ хўжалиги соҳасидаги меҳнат бу ерда ҳам енгил иш ҳисобланмайди. Бошқа ишларга қараганда меҳнати анча оғир. Хуллас, АҚШ меҳнат бозори ўзбекистонликлар учун жуда кенг эмас, лекин миграция жараёнидаги мураккаб танловлардан муаффақиятли ўтиб, бу ерга келиб ишловчилар учун даромадли ҳам бўлиши мумкин. Албатта, Ўзбекистон Миграция агентлиги билан USA Farm Labor ўртасида келишувга тўхталадиган бўлсак, умуман олганда, бу яхши бир янгилик. Бу хусусий ширкатнинг фаолияти америкалик фермерларга чет эллик ишчиларни жалб қилишга қаратилган. Яъни, у АҚШ ҳукумати томонидан тасдиқланган қишлоқ хўжалиги ишлари учун вақтинчалик, мавсумий ишчиларни етказиб бериш ишлари билан шуғулланади. Яна ҳам аниқроқ айтадиган бўлсак, фермерлар билан меҳнат муҳожирлари орасида воситачи ҳисобланади. Яъни, бу фирма ўз базасида иш қидираётганларга мавжуд бўш иш ўринларига мурожаат қилиш ва иш берувчилар учун ишчи танлаш имконини беради.
Лекин, юқорида айтганимдек, виза олишни, Америка Қўшма Штатларига келишни тўлиқ кафолатламайди. Бу жараён мураккаб, айни вақтда Америка орзуси учун жуда катта умид бўлмаса ҳам, лекин АҚШга келишнинг реал ва қонуний йўлларидан бири. Бу қонуний усулларни ташвиқ қилиш эса ҳукуматимиз учун ҳам, ватандошларимиз учун ҳам ижобий ҳолат. Демак, Америка меҳнат бозори ватандошларимиз учун жозибали, лекин ҳамма учун эмас. Қишлоқ хўжалиги ишлари учун чидамли ва иш берувчи талабларига мос келадиганлар учун, балки, яхши имкон бўлиши мумкин. Америка Қўшма Штатларида меҳнат муҳожири бўлиш – бу катта имкониятлар билан бирга жиддий синовларни ҳам ўз ичига олади.
АҚШда ҳатто оддий ишларда ишлаб (қурилиш, логистика, хизмат кўрсатиш) ҳам кўплаб ривожланаётган давлатларга нисбатан анча юқори иш ҳақи олиш мумкин. Бу ерда пастки поғоналардан бошлаб юқорига чиқиш ҳам мўъжиза эмас, балким интилганлар учун янги имкониятлар кўп. Касб ўрганиш, университетларда таълим олиш, малака ошириш, тадбиркорлик билан шуғулланиш каби имкониятлар тенглиги мавжуд. Шу жиҳатдан, АҚШ кўпчилик учун нафақат иш жойи, балки ривожланиш маконидир. Хуллас, иқтисодий шароитини яхшилашни истаганлар учун бу давлат, гўёки, янги ҳаёт бошлаш майдони бўлиши мумкин. Мисол учун, ҳозирда логистика, қурилиш, хизмат кўрсатиш каби соҳаларда ишлаётган ватандошларимиз қисқа вақт ичида сезиларли миқдорда даромад топишди. Албатта, бу ерда бир муҳим жиҳат, ватандошларимиз агар Америкада ҳуқуқий мақомга эга бўлсалар, улар қонуний ҳимоя остида бўладилар. Иш берувчининг ноқонуний ҳаракатларига қарши туриш, ўз ҳақини талаб қилиш имконияти мавжуд бўлади. Бу эса кўплаб бошқа давлатларга қараганда муҳим устунлик ҳисобланади. Шу билан бирга, албатта, меҳнат муҳожирлигининг ўзига яраша муаммолари ҳам мавжуд. Кўпинча янги келган муҳожирлар жисмоний жиҳатдан оғир ва узоқ соатлик ишларда ҳам меҳнат қилишларига тўғри келади. 10–12 соатлаб ишлаш кўпчилик учун одатий ҳолга айланади. Бу эса вақт ўтиши билан жисмоний ва руҳий чарчоққа олиб келади.
Энг катта муаммолардан бири — бу ҳужжатсиз (иллегал) бўлиш хавфидир. Бундай ҳолатда инсон нафақат депортация таҳдиди остида яшайди, балки кўпинча паст маош, меҳнат эксплуатацияси ва алдовларга дуч келади. Энг ёмони, у ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишдан қўрқади. Ижтимоий ёлғизлик ҳам муҳим муаммо. Янги маданиятга мослашиш, тил ўрганиш ва жамиятга интеграция қилиш жараёни ҳам осон кечмайди. Бундан ташқари, АҚШда ҳаёт қиммат. Уй ижараси, суғурта, транспорт ва солиқлар катта харажат талаб қилади. Натижада, кўп пул топган одам ҳам кўп сарфлашга мажбур бўлади. Баъзан муҳожирлар дискриминация ёки стереотипларга ҳам дуч келади. Бу ҳолат, айниқса, янги келганлар учун янада сезиларли бўлади.
Америка Қўшма Штатларида қишлоқ хўжалиги - юқори технологияларга асосланган, лекин барибир катта миқдорда инсон меҳнатини талаб қиладиган соҳа. Айниқса, мавсумий ишларда фермаларда, асосан, жанубий Америкадан келган мигрант ишчилар ишлашади. Америка қишлоқ ҳўжалиги соҳасидаги ишчиларнинг тахминан 80 фоизга яқин чет эллик. Ташқаридан қараганда, бу оддий фермада ишлашдек туюлиши мумкин, аммо амалда бу жуда аниқ, тизимли ва кўпинча жисмонан оғир меҳнатни англатади. Бу ишлар асосан мавсумий, яъни йилнинг маълум даврларида, асосан, экин экиш ва ҳосил йиғиш вақтида ишчи кучига бўлган эҳтиёж ошиши билан боғлиқ ишлар. Қишлоқ хўжалигида айнан кузги мавсум - энг банд ва энг оғир давр ҳисобланади. АҚШда қишлоқ хўжалиги барча штатларда кенг тарқалган, аммо айрим штатлар бу соҳада анча етакчи ҳисобланади. Бу фарқ иқлим, ер унумдорлиги, сув ресурслари ва тарихий ривожланиш билан боғлиқ. Мисол учун, Калифорнияда катта фермалар, сабзавот маҳсулотлари етиштириш кўп бўлса, Техас штати чорвачилик маҳсулотлари, ранчолари билан машҳур. Маккажўхори, буғдой, картошка етиштириш Айова, Небраска ва Канзас штатларида кўп тарқалган. Флорида штати ўзининг апельсин, яъни цитрус мевалари билан дунёга танилган. Америкада биз, ўзбекистонликлар учун таниш бўлган “оқ олтин” ҳам етиштирилади. Пахта етиштириш асосан "Cotton Belt" (пахта минтақаси) деб аталадиган жанубий ҳудудларда жамланган. Бу ҳудудларда иқлим иссиқ, вегетация даври узун ва ер шароити пахта учун жуда мос. Техас, Жоржия, Миссисипи ва Алабама штатлари пахтанинг Америкадаги базаси ҳисобланади.
АҚШда ўзбекистонликлар шу пайтгача асосан логистика, ҳайдовчилик, хизмат кўрсатиш, қурилиш, транспорт ва кичик бизнес соҳаларида банд бўлиб келишган. Бугунгача қишлоқ хўжалиги соҳаси бизнинг ватандошларимиз учун анъанавий йўналиш эмас эди. Энди ушбу йўналиш очилса, албатта, бу яхши хабар бўлади. Чунки ватандошларимизнинг Амарикага келиб, меҳнат қилишлари учун яна бир қонуний канал пайдо бўлади. Қолаверса, Америка билан Ўзбекистон орасида миграция тизими шаффофлашади, меҳнат муҳожирларимизнинг даромадлари расмийлашади. Лекин ҳозирча бу жараённи ортиқча меҳнат муҳожирлари учун ягона даромад манбаи сифатида кўриш хато бўлади. Чунки бу имконият ҳамма учун эмас, бу фақат танлов орқали, чекланган миқдорда олинадиган ишчиларни ўз ичига олади. Шунга қарамай, Ўзбекистон учун эса фойда аниқ: пул ўтказмалари ошади, иш бозори босими камаяди, халқаро тажриба кенгаяди. Аммо бу узоқ муддатда ички иқтисодий муаммоларни ўрнини босмайди. АҚШга келиб ишлаш меҳнат муҳожири учун: тезда бойиш имконияти эмас; осон йўл ҳам эмас; ва ниҳоят ҳамма учун ҳам эмас. Бу жараён, авалламбор меҳнат, интизом ва сабр талаб қилади. Бунинг ёнида ватандошларимиз инглиз тилини ўрганишлари керак, бу устунлик эмас, зарурат ҳисобланади.
Америка қонунлари, маданияти ва яшаш шарт-шароитлари билан олдиндан танишиб чиқиш ҳам бу ерда адаптацияни осонлаштиради. Шартномаларга давлат ҳомийлик қилган тақдирда ҳам, шартномани яҳшилаб ўқиб ва тушуниб олишлари керак. Агар сиз бу йўлга реал қараётган бўлсангиз, албатта у фойда беради. Уни орзу сифатида кўраётган бўлсангиз эса, тез орада тушкунликка тушиб қолиш мумкин. Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, бу ўзбекистонлик ватандошларимиз учун учун янги эшик, янги имконлар дегани. Албатта, бу эшик кенг эмас, лекин имкониятларга бой бир йўл очади.
Қисқача маълумот ўрнида: мамлакатимиз ўтган йили АҚШ фуқаролари учун Ўзбекистонга 30 кунлик визасиз тартибни жорий этишга қарор қилган. Бу хусусда Ўзбекистон Президентининг фармони қабул қилинган. Ўшанда янги фармоннинг шу йилнинг 1 январидан бошлаб кучга кириши айтилган. Америка Қўшма Штатлари айнан Трампнинг илк бошқаруви даврида Ўзбекистон билан "стратегик шерикликнинг янги даври"ни бошлаган. Айнан Трампнинг таклифи билан Ўзбекистон Президенти 2018 йилда Америка Қўшма Штатларига ўзининг илк расмий ташрифини ҳам амалга оширган. Томонлар ўшанда бир ташрифнинг ўзидаёқ "стратегик шерикликнинг янги даври"ни бошлаганликларини эълон қилишган. Дональд Трамп ўшанда Ўзбекистон Президентининг бу ташрифини "тарихий", деб атаганди.
Меҳнат миграцияси Ўзбекистон учун муҳим иқтисодий манба ҳисобланади. Давлатлар ўртасидаги иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш ва мигрантлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги ишлар, Кремл таъсирини камайтириш ва Марказий Осиёдаги позицияларни мустаҳкамлаш учун ҳам аҳамиятлидир. Ўзбекистоннинг меҳнат миграцияси сиёсати, мамлакат фуқароларини хорижда юқори маошли ишларга жойлаштиришга қаратилган бўлиб, бу мамлакатнинг иқтисодий ривожланишига катта ҳисса қўшади. Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги стратегик шериклик, икки мамлакатнинг иқтисодий ва сиёсий манфаатларини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Визасиз тартибнинг жорий этилиши, Ўзбекистон фуқаролари учун янги имкониятларни очиб бериши мумкин. Меҳнат миграцияси соҳасидаги ривожланиш эса, мамлакатнинг иқтисодий ўсишини таъминлашда муҳим роль ўйнайди.
Абдували Сойибназаров,
сиёсий шарҳловчи.