Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Бугун севимли шоирамиз Зулфия Мўминова таваллуд топган кун

У ўзбек адабиётига 80-йилларда кириб келган. Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Омон Матжон, Ҳалима Худойбердиева каби ижодкорлардан илҳомланган. Улар шоиранинг устозлари бўлиб, унга шахсий, бетакрор бадиий услубини топишда ёрдам кўрсатишган. Ҳар янги тўплами чиққанда, ҳижолари сайқалланар ва шеърлари чуқур маънога тўларди. Бошқа ёш шоир шогирдлар орасида у доим ажралиб турган.

Зулфия Мўминова 1959 йил 15 июль куни Самарқанд вилоятининг Нарпай туманида туғилган. Ўзининг таржимаи холида ёзишича, Ҳоратов тоғининг ён бағрида жойлашган сўлим қишлоғи гўзал табиати билан маҳлиё қилади. Бу ерда халқ ижодини жуда яхши тушунадиган ва ижро этиб бера оладиган инсонлар яшайди. "...Болалигимдан Мўмин оқин бобом бир неча соатлаб достонлар куйлашларини эшитардим. Йиллар ўтди, кўп сувлар оқиб кетди, аммо халқ оғзаки ижоди ҳануз шеърларимда жаранглайди..."

У 1983 йили ТошДУнинг филология факультетини якунлайди. Сўнгра, “Саодат” журнали ҳамда радиода ишлашни бошлайди.
Илк шеърий тўплами “Ватан ташлаб кетмайди” 1988 йил чоп этилган. Шундан сўнг, 1988 йил “Бешикларни асрагин”, 1993 йил “Ёнаётган аёл”, 1997 йил “Азизим, бахтиёрман” каби шеърий тўпламлари босмадан чиқди. Айниқса, “Ёнаётган аёл” тўплами китобхонларга манзур келди.
2000 йил Зулфия “Дўстлик” шарафли ордени билан мукофотланади.

БОЛАГА КИТОБ БЕРИНГ!
Осмонларда юрганлар,
Олтин сарой қурганлар,
"Не берай?"- деб турганлар,
Болага китоб беринг!

Бола оққуш, оқ каптар,
Дунёлардан бехабар,
Ёвузлик топмай хабар,
Болага китоб беринг!

Қинғир йўлга кирмасдан,
Пешонага урмасдан,
Кимдир пичоқ бермасдан,
Болага китоб беринг!...

Шуҳратбек Само.