Бухорода Самарқанднинг оддий суви сотилмоқда
Аввал хабар қилганимиздек, Наврўз байрами муносабати билан эълон қилинган дам олиш кунларида Самарқанд вилояти «Зарафшон» ва «Самаркандский вестник» газеталари таҳририяти ходимларидан бир гуруҳи Бухоро шаҳрида саёҳат қилмоқда.
Саёҳат давомида фотомухбирларимиз қадимий шаҳарнинг тарихий ва диққатга сазовор жойлари билан бирга бу ернинг айрим эътиборли, муаммоли ва кўп жойга жорий қилса арзийдиган жиҳатларини суратга олди.
Эътиборлиси
Бу жиҳат самарқандликларга тегишли. Ҳар ёмоннинг бир яхшиси бор, деганларидек биз одатда сув таъминоти, сифати борасида кўп эътирозлар қиламиз. Аммо бу борада бухороликларнинг қаноатига тасанно айтсак арзир экан. Бухоро шаҳри, умуман, туманлар аҳолиси истеъмол қиладиган сув шўр. Шунинг учун шаҳар бўйлаб айрим сув ташувчи юк автомобиллари Самарқанддан чучук сув олиб келиб сотар экан...
Муаммоси
Рости, шаҳардаги дўкон эгалари, сотувчи ва хизмат кўрсатувчилар маҳаллий миллат вакиллари бўлса-да, бинолари пештоқидаги ёзувлар бошқа тилда берилган. Шу жиҳатдан бухороликлар самарқандликлардан қолишмас экан, деган хулосага келдик. Суратларни кўриб, ўзингиз гувоҳ бўлинг: Бухоро шаҳри кўчалари аксариятининг икки томонида қатор савдо ва хизмат кўрсатиш расталари ўрин олган. Тадбиркорларга тегишли бўлган дўкон ва турли хизмат кўрсатиш биноларининг пештоқларига илинган ёзувлар асосан чет тилида берилган.
Ҳамма жойда жорий этса бўларкан...
Бухоро шаҳридаги кўчаларда светофорнинг ёниши эътиборимизни тортди: қизил ё яшил чироқ ёнганда нафақат чироқ, балки устунлар юқоридан пастгача шу рангда товланаркан. Бу эса ҳайдовчи ва пиёдалар учун жуда қулай. Бу амалиёт нафақат Самарқандда, балки барча ҳудудларда қўлланса яхши самара бериши шубҳасиз.