"Cobalt"ни 7 йилгача фоизсиз бўлиб тўлаш имконияти таклиф қилинмоқда
Эски автомобиллар учун йилига 12 миллион сўмдан ортиқ «экологик компенсация» жорий этиш ҳақидаги таклиф Президент қарори лойиҳасидан чиқарилди.
Жамоатчилик муҳокамасидан сўнг мазкур мажбурий тўлов бекор қилиниб, асосий эътибор эски автомобилларни ихтиёрий равишда утилизацияга топширишни рағбатлантиришга қаратилди.
Янги таклифга кўра, 30 йилдан ошган автомобиллар давлат томонидан бозор қийматида сотиб олиниши мумкин. Автомобилини утилизацияга топширган фуқаро танлов асосида пул маблағи ёки махсус ваучер олади.
Ушбу ваучерни янги автомобиль харидида бошланғич тўлов сифатида ишлатиш имконияти таклиф қилинмоқда. Қолаверса, агар эски автомобиль камида 5 миллион сўмга баҳоланса, қолган маблағни 7 йилгача фоизсиз бўлиб тўлаш механизми назарда тутилган.
Масалан, қиймати 165 миллион сўм бўлган "Cobalt" учун 5 миллион сўмлик ваучер қўлланилса, қолган 160 миллион сўмни 7 йил давомида ойига тахминан 1,9 миллион сўмдан тўлаш мумкин бўлади. Агар утилизацияга топширилган автомобиль юқорироқ баҳоланса, ойлик тўлов миқдори ҳам шунча камаяди.
Ваучердан фойдаланишни истамаганлар уни бир ой ичида нақд пулга алмаштириш ҳуқуқига эга бўлиши мумкин. Шунингдек, ҳатто юролмайдиган ёки носоз автомобилларни ҳам қабул қилиш режалаштирилган. Бундай ҳолатларда мутахассислар транспорт воситасини жойига бориб кўрикдан ўтказиши мумкин.
Айни пайтда ушбу тартиблар ҳали якуний тасдиқланмаган. Утилизация дастури бўйича қарор лойиҳаси расман қабул қилинмаган бўлиб, ҳозирда у фуқаролар ва мутахассислар таклифлари асосида такомиллаштирилмоқда.