Деҳқончилик – қўл меҳнатигина эмас, билим ва тажриба уйғунлигидир
Бир пайтлар деҳқончилик билан шуғулланиш учун алоҳида билим ёки маълумот шарт эмас, деган қараш кенг тарқалган эди. Четроқ ҳудудларда яшаган кўплаб деҳқонлар ота-боболаридан қолган тажриба, кўрган-кечирганлари ва йиллар давомида орттирган кўникмаларига таяниб ерга ишлов бериб, экин экиб, боғ яратиб келган.
Бу тажрибани инкор этиб бўлмайди. Аксинча, авлоддан-авлодга ўтиб келаётган амалий тажриба – деҳқончиликнинг катта мактаби. Аммо бугунги қишлоқ хўжалигини кечаги усуллар билан самарали олиб бориш тобора қийинлашмоқда. Иқлим ўзгаряпти, сув танқислиги кучаймоқда, тупроқ унумдорлигига талаб ортяпти, янги навлар ва технологиялар пайдо бўлмоқда. Бозор эса деҳқондан нафақат ҳосил, балки сифатли, рақобатбардош ва даромадли маҳсулот талаб қиляпти.
Шунинг учун бугун деҳқончилик ҳам илм.
Илм деганда фақат олий маълумотли бўлишни тушуниш ҳам тўғри эмас. Ҳақиқий илм – ўрганиш, кузатиш, изланиш, хатодан хулоса чиқариш ва янгиликни амалиётга татбиқ этишдир.
Масалан, мен бир деҳқонни биламан. Мактабни зўрға тамомлаган. Унда агрономлик бўйича диплом ҳам, махсус олий маълумот ҳам йўқ. Аммо у ўз касбини яхши билади. Олти сотихлик томорқасидан шундай маҳсулотлар етиштирадики, натижасига қараб киши қойил қолади.
Энг муҳими, у ўзини «мен ҳаммасини биламан», деб ҳисобламайди. Доим изланади. Интернетдан маълумот қидиради, янги технологиялар билан танишади, бошқа ҳудудлардаги тажрибали деҳқонлардан ўрганади. Масалан, киви етиштиришни қандай ўзлаштирганини сўрасангиз, «Интернет орқали ўргандим, кейин водийдаги деҳқонларнинг тажрибасини бориб кўрдим», дейди.
Яна бир деҳқон, яъни фермерни биламан. У олий маълумотли, Самарқанд қишлоқ хўжалик институтини, ҳозирги Самарқанд ветеринария медицинаси университетини тамомлаган. Ўз соҳасини яхши билади. Агротехник тадбирларни ўз вақтида ва талаб даражасида бажаради. Ернинг ҳолати, экиннинг эҳтиёжи, озиқлантириш, ҳимоя қилиш, суғориш каби жараёнларга эътибор билан ёндашади. Натижада унинг деҳқончилигида ҳам барқарор натижа кўринади.
Бу ерда муҳим бир ҳақиқат бор: диплом билимнинг кафолати эмас, аммо ҳақиқий билимни тизимли эгаллаш учун катта имкониятдир.
Афсуски, бунинг акси ҳам учрайди. Олий маълумотли, агрономия бўйича дипломи бор, аммо ўз касбини чуқур ўзлаштирмаган инсонни ҳам учратиш мумкин. Боғдорчилик билан шуғуллана бошлаган шундай бир танишим бор. Дипломи бор, аммо амалий билим ва изланишда оддий, тажрибали деҳқондан ҳам анча орқада қолади.
Авваллари фермерлик билан шуғулланган пайтларида ҳам буғдой ёки пахтадан режалаштирилган ҳосилни олишда қийналарди. Кейинчалик боғдорчиликка ўтди. Аммо маълум бир экинни етиштиришда ҳам кутилган натижага эриша олмади. Сабаби ерга уруғ ёки кўчат ташлаб, ҳосилни кутишнинг ўзи деҳқончилик эмас.
Деҳқончиликни ҳам бир фан деб қараш керак. Чунки ер ҳам ўз қонуниятига эга, ўсимлик ҳам, сув ҳам, иқлим ҳам. Деҳқон ана шу қонуниятларни қанча яхши билса, меҳнатининг самараси шунча юқори бўлади.
Бугун интернетнинг ўзи деҳқон учун катта бир кутубхонага айланган. Дунёнинг турли ҳудудларидаги деҳқонлар тажрибасини кўриш, мутахассисларнинг тавсияларини ўрганиш, янги навлар ва технологиялар ҳақида маълумот олиш мумкин. Лекин маълумотнинг ўзи ҳам етарли эмас. Уни тўғри танлаш, маҳаллий шароитга мослаштириш ва амалда синаб кўриш керак.
Шунинг учун яхши деҳқон – фақат ерда кўп меҳнат қиладиган одам эмас. У кузатувчи, изланувчи ва ўрганувчи ҳам бўлиши керак. Илмсиз меҳнатнинг натижаси тасодифга боғлиқ, илм билан қилинган меҳнатнинг натижаси эса мақсадли ва барқарор бўлади.
Тўлқин СИДДИҚОВ.