Деярли барча вилоятларда замонавий қуёш ва шамол электр станциялари барпо этилмоқда
Президент Шавкат Мирзиёев қайта тикланувчи энергия манбаларини кўпайтириш бўйича 2024 йил учун асосий вазифаларга бағишланган йиғилиш ўтказмоқда.
Таъкидланишича, Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Самарқанд ва Сурхондарёда 1,6 гигаваттли 9 та йирик қуёш ва шамол электр станциялари ишга тушди.
Андижон, Самарқанд, Сурхондарё ва Тошкент вилоятида 183 мегаваттли 6 та йирик ва кичик ГЭСлар фойдаланишга топширилди.
Шунингдек, ижтимоий соҳа объектлари, корхона ва ташкилотлар, тадбиркорларга тегишли бинолар ва аҳоли хонадонларида умумий қуввати 457 мегаваттли қуёш панеллари ўрнатилди.
Натижада қўшимча 5 миллиард киловатт-соат экологик тоза электр ишлаб чиқариш ва 1,5 миллиард куб метр газни тежаш имконияти яратилди.
Бу соҳада бошланган кенг қамровли ишлар маҳаллий корхоналарда трансформатор, ҳар хил турдаги кабеллар, иситиш коллекторлари, қуёш панели, изолятор, металл устунлар каби маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кўпайтиришга ҳам катта туртки берди.
"Бир сўз билан айтганда, “яшил” энергетика ҳам иқтисодиётимиз драйверларидан бирига, ҳам чинакам “умуммиллий ҳаракат”га айланди”,
- деди давлатимиз раҳбари.