Дунёдаги миллиардерлар сони салкам 3 минг 800 кишига етди
Уларнинг умумий бойлиги 12,8 фоизга ошиб, 15,1 триллион долларни ташкил этди.
2025 йил якунларига кўра дунёдаги миллиардерлар сони рекорд даражага етди. Бу ҳақда Altrata ҳисоботида айтилади.
«2025 йилда дунёдаги миллиардерлар сони тарихий энг юқори кўрсаткичга — 3 795 кишига етди. 8,2 фоизлик ўсиш охирги беш йилдаги энг кучли кўрсаткич бўлди, чунки ўсиб бораётган фонд бозорлари, монетар рағбатлантиришлар ва сунъий интеллект соҳасидаги инвестиция буми ўта бой кишилар орасида бойликнинг жадал ўсишига ёрдам берди», дея таъкидлади муаллифлар.
Маълумотларга кўра, бир йил давомида миллиардерлар клубига 287 киши қўшилди. Охирги 10 йил ичида уларнинг сони деярли 60 фоизга ошди.
Миллиардерларнинг умумий бойлиги 2025 йилда рекорд даражадаги 15,1 триллион долларни ташкил этди ва 2024 йилга нисбатан 12,8 фоизга ошди.
Миллиардернинг ўртача бойлиги 4 миллиард долларни ташкил этади. Медиана қиймати 2 миллиард долларга яқинроқ бўлиб, бу энг бой «супермиллиардерлар»дан иборат эксклюзив гуруҳ орасида бойликнинг тенг тақсимланмаганини акс эттиради.
Соф бойлиги 50 миллиард доллардан ортиқ деб баҳоланган 29 киши «супермиллиардерлар» қаторига киради.