Формалин ва экология: тупроқдан дастурхонгача бўлган хавфли йўл
Экологларнинг саъй-ҳаракатлари ва озиқ-овқат хавфсизлиги масалалари доимий муҳокама қилинаётганига қарамасдан, қишлоқ хўжалигида айрим хавфли кимёвий моддалар ҳануз қўлланилмоқда. Шулардан бири формалин бўлиб, у формальдегиднинг сувли эритмасидир. У асосан чорвачилик ва паррандачилик корхоналарида биноларни дезинфекция қилиш мақсадида ишлатилади.
Формалин илмий жамоатчиликка анча вақтдан бери маълум бўлиб, у узоқ муддат таъсир этганда инсон саломатлигига жиддий хавф туғдириши мумкин бўлган моддалар қаторига киради. Муаммо шундаки, уни қўллаш жараёнида модданинг бир қисми буғланиб, атмосферага чиқади. Бироқ унинг таъсири фақат ҳаво билан чекланиб қолмайди.
Формалин қолдиқлари паррандачилик чиқиндилари билан бирга органик ўғит таркибида далаларга тушади. Бу эса кимёвий модданинг тупроққа сингиб кетишига олиб келади. Оқибатда у нафақат зарарли бактерияларни, балки тупроқ унумдорлигини таъминловчи фойдали микроорганизмларни ҳам йўқ қилиши мумкин. Айниқса, аҳоли пунктларига яқин жойлашган йирик паррандачилик хўжаликлари мавжуд ҳудудларда бу муаммо янада долзарб аҳамият касб этади.
Яна бир муҳим жиҳат шундаки, санитария ишларидан сўнг кимёвий моддалар қолдиқлари тўшама ва гўнгга ўтади. Кейинчалик эса бу чиқиндилар кўп ҳолларда ўғит сифатида далаларда қўлланилади. Демак, кимёвий бирикмалар тупроқ ва сув орқали ўсимликларга, у ердан эса озиқ-овқат занжирига кириб боради. Вақт ўтиши билан бу моддалар инсон истеъмолига тушиши мумкин.
Формалин парранда маҳсулотларига ҳам ўтиши эҳтимолдан холи эмас. У тухум пўчоғидан ўтиб, унинг таркибида тўпланиши, шунингдек, гўшт тўқималарига сингиши мумкин. Бу эса маҳсулотларда токсик моддалар мавжуд бўлишига олиб келади.
Бундай маҳсулотларни истеъмол қилиш шиллиқ қаватлар яллиғланиши, ошқозон оғриғи, кўнгил айниши, қусиш, бош оғриғи ва аллергик реакцияларга сабаб бўлиши мумкин. Агар формалин организмга мунтазам тушиб турса, у жигар, буйрак ва нафас олиш органларига жиддий зарар етказиши мумкин. Шунингдек, формальдегид эҳтимолий канцероген ҳисобланади ва узоқ муддат таъсир этганда онкологик касалликлар хавфини оширади.
Озиқ-овқат маҳсулотларида формальдегид ҳатто жуда кам миқдорда — тахминан 0,1 мг/кг даражада аниқланса ҳам, бундай маҳсулот хавфсиз эмас деб топилиши ва сотувга чиқарилмаслиги лозим. Шу боис паррандачилик корхоналарида формалиндан фойдаланиш қатъий назорат остида бўлиши, маҳсулотлар эса сотувдан олдин ветеринария-санитария текширувидан ўтказилиши шарт.
Мамлакатимизда ҳавода формальдегиднинг рухсат этилган меъёрлари белгиланган. Унга кўра, бир марталик максимал концентрация 35 мкг/м³, ўртача суткалик концентрация эса 12 мкг/м³ дан ошмаслиги керак. Бироқ амалда ушбу меъёрларга қай даражада риоя этилаётгани ва мунтазам мониторинг олиб борилаётгани очиқ саволлигича қолмоқда.
Паррандачилик корхоналарида ишлаб чиқариш бир неча циклдан иборат бўлиб, ҳар бир цикл ўртача 28 кун давом этади. Бу вақт мобайнида биноларни дезинфекция қилиш учун 40 литрдан 120 литргача формалин сарфланади. Узоқроқ циклларда эса бу миқдор 200 литргача етиши мумкин. Катта ҳажмли биноларда амалга ошириладиган бундай ишловлар кимёвий моддаларнинг атроф-муҳитга сезиларли таъсир кўрсатишига олиб келади.
Бундан ташқари, дезинфекция воситалари доимий қўлланилганда микроорганизмлар уларга чидамлилик ҳосил қилиши мумкин. Бу эса самарадорликни сақлаб қолиш учун дозани оширишга мажбур қилади ва натижада экологик юклама янада ортади.
Шу сабабли формалиндан фойдаланиш, унинг атроф-муҳитга таъсири ва санитария меъёрларига риоя этиш масалалари чуқур ўрганилиши ва давлат даражасида муҳокама қилиниши зарур.
Биз, экологлар, бир неча бор Экология қўмитасига, санитария-эпидемиология хизматига, карантин хизматига, ветеринария хизматига ва божхона органларига батафсил ҳисобот тақдим этишни сўраб мурожаат қилганмиз. Жумладан, формалин Ўзбекистонга қандай олиб кирилиши, у қандай сақланиши ва қўлланилиши, унинг ноқонуний равишда олиб кирилиш ҳолатлари мавжуд ёки йўқлиги, шунингдек унинг атроф-муҳитга, атмосфера ҳавосига, ер ости ва ер усти сувларига, тупроққа, фойдали микроорганизмларга, инсонга, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсига таъсири ўрганилганми, шу ҳақда маълумот бериш талаб қилинган. Бироқ масала ҳали ҳам очиқ қолмоқда.
Шунингдек, ушбу моддадан фойдалангани учун корхоналар экологик тўловларга жалб қилинаётгани ёки йўқлигини аниқлаш ҳам муҳим. Тўлиқ ва аниқ ҳисобот мамлакатни жиддий хавфдан ҳимоя қилишга ёрдам берар эди. Ҳозирнинг ўзидаёқ ушбу ўта хавфли моддани ишлатиш, омборларда сақлаш, логистика ва ноқонуний олиб кирилишини чеклаш бўйича жиддий чоралар кўриш зарур.
Бугунги кунда кўплаб давлатларда хавфсизроқ дезинфекция усулларига ўтиш тенденцияси кузатилмоқда. Жумладан, Туркияда паррандачилик соҳасида озондан фойдаланиш амалиёти жорий этилган. Озон биноларни дезинфекция қилиш, сувни тозалаш ва ишлаб чиқариш жараёнларида қўлланилади. У кучли дезинфекция хусусиятига эга бўлиб, реакциядан сўнг оддий кислородга парчаланади ва атроф-муҳитда зарарли қолдиқ қолдирмайди.
Формалин ва формальдегиддан фойдаланиш кўплаб мамлакатларда қатъий чекланган. Европа Иттифоқи давлатларида, АҚШ, Япония ва Жанубий Кореяда ушбу моддадан фойдаланишга нисбатан қатъий санитария меъёрлари жорий этилган. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистонда ҳам бу масалага етарлича эътибор қаратиш долзарб ҳисобланади.
Умуман олганда, формалиндан фойдаланиш масаласи комплекс ёндашувни, қатъий назоратни ва замонавий, экологик хавфсиз технологияларга босқичма-босқич ўтишни талаб қилади. Чунки бу фақат қишлоқ хўжалиги самарадорлиги эмас, балки атроф-муҳит ва инсон саломатлиги билан боғлиқ масаладир.
Ўтган асрнинг 70-йилларидан бери формалиндан кенг фойдаланиш оқибатида Ўзбекистон тупроғи, ҳавоси, суви, умуман, атроф-муҳитга салбий таъсир кучайиб бораётгани ҳақида хавотирлар ортиб бормоқда. Бактерия ва вирусларнинг ҳам ушбу моддага мослашиб бораётгани, уларнинг чидамли шакллари пайдо бўлаётгани ҳолатни янада мураккаблаштирмоқда. Шу сабабли формалиндан фойдаланишни қайта кўриб чиқиш, уни чеклаш ёки босқичма-босқич тақиқлаш масаласи кун тартибига чиқиши зарур.
Бу борада сиёсий партиялар, қонунчилик органлари ва мутасадди идоралар томонидан тезкор ва аниқ чоралар кўрилиши бугунги кун талаби ҳисобланади.
Тўрахон Ҳошимов,
халқаро эколог-эксперт.