«Жисмоний тайёргарлик даражаси» спорт синовларини қабул қилиш бошланди
Аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш мақсадида ёш тоифаси бўйича “Жисмоний тайёргарлик даражаси” спорт синовларини олиш бошланди.
Дастлабки йўналишда вилоятдаги умумтаълим мактаблари ўқувчиларидан спорт синовларини қабул қилиш жараёнига старт берилди.
Самарқанд шаҳридаги 9-умумтаълим мактабида ташкил этилган тадбирда мактабгача ва мактаб таълими вазири ўринбосари Азизбек Турдиев, спорт вазири маслаҳатчиси Шарифжон Мўминжонов, вилоят мактабгача ва мактаб таълими ҳамда спорт бошқармалари, касаба уюшмалари вакиллари иштирок этди.
Сўзга чиққанлар спорт синовлари нафақат ёшларнинг жисмоний тайёргарлик ҳолатини аниқлаш, балки соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, ўқувчиларда ирода, чидамлилик ва интилиш каби фазилатларни шакллантиришга хизмат қилишини таъкидлади.
Вилоят спорт бошқармаси бошлиғи Жасур Нурмоновнинг маълум қилишича, спорт синовларининг ихтиёрий ва махсус талабларини бажариш учун маҳалла ва мактабларда спорт иншоотлари танлаб олинган бўлиб, иштирокчилар узоқ ва қисқа масофага югуриш, юриш, баскетбол саватчасига тўп киритиш, узун ва қисқа масофага сакраш, граната улоқтириш каби спорт машғулотларини бажаради.
- Март-апрель ойларида 7 ёшдан 17 ёшгача, апрель-май ойларида 18 ёшдан 29 ёшгача бўлган фуқаролар спорт синовларини топширади, - дейди Ж.Нурмонов. - Октябрь-ноябрь ойларида 30 ёшдан 70 ёшгача ва ундан катта ёшдаги шахслардан ҳамда давлат органлари ва ташкилотларида фаолият юритаётган ходимлардан мураккаблик даражасини ҳисобга олган ҳолда ихтиёрий ва махсус талаблар асосида спорт синовлари олинади.
Жисмоний тайёргарлик меъёрларини бажарган фуқароларнинг таҳлилий маълумотлари my.sport.uz платформасида “Sport sinovlari” ахборот тизимига жойлаштириб борилади. Ҳозирга қадар спорт синовларида иштирок этиш учун вилоятдаги умумтаълим мактабларининг 7-17 ёшли 312 минг 128 нафар ўқувчиси рўйхатдан ўтган ва айни пайтда ушбу жараён давом этмоқда.