Мобил мухбирдан эътироз: ГАИ ходими Садриддин Айний кўчасига нега келмади?
Ўтган куни, тахминан соат 12:00 лар атрофида Самарқанд шаҳрининг Садриддин Айний кўчасида светофор ишламай қолди. Қисқа вақт ичида катта тирбандлик юзага келди. Ачинарлиси, ушбу вазиятда йўл ҳаракатини тартибга солиш учун масъул бўлган йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимларидан дарак бўлмади.
Тирбандлик шунчаки ноқулайлик эмас. Бу вақт йўқотилиши, ишларнинг кечикиши, асабийлик ва тартибсизлик дегани. Афсуски, айнан шу ҳолат кеча тўлиқ намоён бўлди. Ҳайдовчилар ўз ҳолига ташлаб қўйилди, ҳар ким ўзича йўл топишга ҳаракат қилди. Оқибатда эса вазият янада мураккаблашди.
Энг эътиборли жиҳати, қарийб 4 соат давомида бирорта ҳам ГАИ ходими келиб, вазиятни назоратга олмади. Бу эса табиий равишда жамоатчилик орасида ҳақли саволларни туғдирди: Масъуллар қаерда эди? Нега бундай вазиятда тезкор чоралар кўрилмайди?
Яхшиямки, фуқароларнинг бирдамлиги кўзга ташланди. Бир яхши инсон қўлида сув идиш олиб, йўл ўртасида ҳаракатни тартибга солишга ҳаракат қилди. Ҳеч қандай ваколатга эга бўлмаса-да, тартибни сақлашга уринди. Бу — халқимизнинг ҳамжиҳатлиги ва бефарқ эмаслигидан далолатдир.
Бу ҳолатни ижобий мисол сифатида эмас, балки йўл ҳаракати хавфсизлиги тизимдаги жиддий камчилик сифатида кўриш керак. Ахир давлат йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш учун махсус тузилмаларга маблағ ажратади, ходимларга ойлик тўлайди. Аммо зарур паллада уларнинг йўқлиги жамоатчилик ишончига путур етказмайдими?
Светофорнинг ишламай қолиши — техник муаммо. Аммо уни назоратсиз қолдириш — бу масъулият масаласидир. Бундай ҳолатларда тезкорлик, ташкилий иш ва жавобгарлик биринчи ўринда туриши керак эмасми?
Шаҳар инфратузилмаси тобора ривожланиб бораётган бир пайтда, тизим фавқулодда вазиятларга тайёр бўлиши шартку!
Умид қиламизки, мутасадди ташкилотлар тегишли хулоса чиқаради. Чунки тартиб ва хавфсизлик — бу шунчаки хизмат эмас, балки ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқидир.