Мукофот — эътироф эмас, янги масъулият
Маъруф Ўринбоев Нарпай туманида “Narpay Strategy Up” МЧЖ директори сифатида тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириб келаётган ёш ишбилармонлардан бири.
2019 йилда ташкил этилган “Novey” миллий мобил қурилмалар бренди унинг фаолиятидаги муҳим йўналишлардан бири ҳисобланади. Ушбу лойиҳа бугунги кунда тугмали телефонлар, смартфонлар ва бошқа электрон қурилмалар ишлаб чиқариш йўналишида ривожланиб бормоқда.
Бугунги кунда тадбиркор маҳсулотларининг 3 миллиондан ортиқ истеъмолчиси бор. Корхона йилига ўртача 50 дан ортиқ турдаги 500 мингдан зиёд мобил телефон ишлаб чиқариб, сотувга чиқаради. Маҳсулотлардан 10 га яқин давлатда фойдаланилади. Бу кўрсаткичлар компаниянинг нафақат маҳаллий бозордаги фаолиятини, балки экспорт географиясини ҳам босқичма-босқич кенгайтираётганини кўрсатади.
Бундан ташқари, тадбиркор савдо, қишлоқ хўжалиги, логистика, пахтани қайта ишлаш ва дистрибюция йўналишларидаги лойиҳаларга ҳам эътибор қаратмоқда. Хусусан, Мирбозор бозорини босқичма-босқич замонавий савдо мажмуасига айлантириш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Лойиҳада шунчаки янги бинолар қуриш эмас, балки савдо маданияти, хавфсизлик, хизмат кўрсатиш, логистика ва инфратузилмани янги босқичга олиб чиқиш кўзда тутилган.
Ҳудудда замонавий логистика марказини ташкил этиш, қишлоқ хўжалиги ва агролойиҳаларни ривожлантириш бўйича ҳам ишлар олиб борилмоқда. Бу эса ҳудудда иқтисодий фаолликни ошириш, янги иш ўринлари яратиш ва аҳоли учун янги имкониятлар шаклланишига хизмат қилади.
Маъруф Ўринбоевнинг узоқ муддатли қарашларида бизнеснинг ўзи якуний мақсад эмас. Тадбиркорлик орқали ҳудудни ривожлантириш, самарали бошқарув тизимларини шакллантириш, ёшлар учун янги имкониятлар очиш ва узоқ йиллар хизмат қиладиган лойиҳаларни амалга ошириш муҳим ўрин тутади.
Нарпайда бошланган катта мақсадлар учун бу ҳудуд шунчаки туғилиб-ўсган маскан эмас. Тадбиркор келажакдаги кўплаб лойиҳаларини айнан шу ҳудуд тараққиёти билан боғламоқда. Унинг ёндашуви оддий тамойилга асосланади: тадбиркор муваффақияти фақат компанияларининг қиймати билан эмас, балки атрофидаги одамлар ва ҳудуд ривожига қўшаётган ижобий ҳиссаси билан ҳам ўлчаниши керак.
Шу сабабли келгуси йилларда янги корхоналар ташкил этиш, замонавий қишлоқ хўжалиги, савдо ва логистика инфратузилмасини ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш ҳамда ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш каби йўналишлар унинг фаолиятида устувор бўлиб қолади.
- Мен учун энг катта мақсад - қилаётган ишларимиз натижасини одамлар ҳаётида кўриш, - дейди Маъруф. - Янги Ўзбекистон тараққиётига ўз меҳнатимиз билан муносиб ҳисса қўшишдан тўхтамаймиз. “Мардлик” ордени эса шу йўлда эришилган натижаларга берилган юксак баҳо билан бирга, бундан кейинги катта мақсадлар олдидаги янги масъулиятнинг бошланиши бўлиб хизмат қилади.
2025 йилда “Narpay Holding” тузилмасини ташкил этиб, қишлоқ хўжалиги, савдо, қайта ишлаш, логистика, дистрибюция ва бошқа бизнес йўналишларини ўзаро боғланган ягона иқтисодий тизим сифатида ривожлантиришни мақсад қилдик. Лойиҳа доирасида қишлоқ хўжалиги йўналишида 500 гектардан ортиқ ер майдонида пахта, ғалла ва бошқа экинлар етиштирилмоқда. Анъанавий деҳқончилик билан бир қаторда замонавий агротехнологияларга ҳам алоҳида эътибор қаратяпмиз. Жанубий Корея ва Европа давлатлари билан тажриба ва билим алмашиш орқали юқори натижаларга эришиш, аҳоли ва деҳқонларимизнинг салоҳиятини оширишни режалаштирганмиз.
Бу йўналишдаги яна бир истиқболли лойиҳаларимиздан бири — 2 гектар майдонда 35 миллион долларлик “Narpay Qulupnay” замонавий қишлоқ хўжалиги лойиҳасидир. Ҳозирда ушбу йўналишда гидропоника технологиялари асосида ишлаб чиқариш ривожлантирилмоқда. Келажакда мазкур лойиҳани йирик агрокластер ва холдинг даражасига олиб чиқиш, умумий инвестиция ҳажмини 35 миллион АҚШ долларига етказиш, замонавий технологиялар ёрдамида юқори қўшилган қийматли қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва қайта ишлашни йўлга қўйиш ҳамда экспорт ҳажмини икки баробар оширишни режалаштирганмиз.
Саноат ва дистрибюция йўналишида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини янада чуқур қайта ишлаш, фермерлар учун зарур ресурсларни етказиб бериш тизимини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратяпмиз. Шу мақсадда пахтани қайта ишлаш заводини ташкил этдик. Бундан ташқари, минерал ўғитларни ҳудудларга етказиб бериш ва тарқатиш бўйича дистрибюция тизими йўлга қўйилиб, “Навоийазот” ва “Максам-Чирчиқ” маҳсулотлари билан ишлаш бошланди.
Ҳозирга қадар ушбу йўналишларга 10 миллион доллар инвестиция жалб этилди. Истиқболли лойиҳаларга жами 200 миллион доллар инвестиция жалб этишни режалаштирганмиз. Ушбу маблағларни қишлоқ хўжалиги, қайта ишлаш, савдо инфратузилмаси, логистика, ишлаб чиқариш ва бошқа истиқболли йўналишларга йўналтириш кўзда тутилмоқда.
Тадбиркорликдаги натижаларимиз юксак эътироф этилиб, жорий йилги Тадбиркорлар куни арафасида Давлатимиз раҳбари томонидан “Мардлик” ордени билан тақдирланганимдан жуда хурсанд бўлдим. Очиғини айтсам, бу мукофот менга халқимиз ва юртимиз олдидаги янада катта масъулиятни ҳис қилишимга туртки берди. Мукофотни шахсан Президентимиздан қабул қилганим эса мен учун янада катта рағбат бўлди.
Менимча, тадбиркорликда энг муҳим натижа рақамларнинг ўзи эмас, балки шу рақамлар ортидаги янги иш ўринлари, тадбиркорлар учун яратилаётган имкониятлар ва одамлар ҳаётидаги реал ўзгаришлардир. Мукофотдан руҳланиб, ҳудудимизга янги инвестициялар олиб кириш, замонавий ишлаб чиқаришларни йўлга қўйиш ва ҳудуд иқтисодий тараққиётига муносиб ҳисса қўшиш йўлида янада катта масъулият билан меҳнат қиламиз.
Ўктам Худойбердиев.