Мустақиллик - келажак олдидаги масъулият

Мустақиллик бизга ўз тарихимизни, миллий қадриятларимизни ва буюк аждодларимиз меросини янгича нигоҳ билан ўрганиш имконини берди. Истиқлол йиллари катта қзиқиш билан ўрганилган буюк сиймолардан бири - Соҳибқирон Амир Темур бўлди. Чунки Амир Темурнинг тарихий меросида бугунги мустақиллик ғояси билан уйғун бўлган муҳим тушунчалар мавжуд. Булар давлат мустақиллиги, кучли давлатчилик, бирлик, тартиб, халқ фаровонлиги ва ўз тақдирини ўзи белгилаш тушунчаларидир. Соҳибқирон номи билан боғлиқ энг машҳур тамойиллардан бири “Куч - адолатда” деган ғоя эди. Бу оддий сиёсий шиор эмас, балки давлат бошқаруви ҳақидаги қарашларнинг ифодаси сифатида қаралади.

Амир Темур давлатнинг кучи фақат ҳарбий қудратда эмас, балки адолатли бошқарув, тартиб-интизом ва халқнинг давлатга бўлган ишончида эканини англайди. Бугунги Ўзбекистон учун ҳам адолат, қонун устуворлиги, тинчлик, барқарорлик ва халқ фаровонлиги муҳим қадриятлардан саналади.

Дарҳақиқат, мустақиллик туфайли халқимиз ўзининг кўп асрлик тарихини чуқур ўрганиш, миллий қадриятларни тиклаш, буюк аждодларининг номларини эъзозлаш имконига эга бўлди. Ўз навбатида, мустақиллик йилларида Амир Темур сиймосига бўлган муносабат тубдан ўзгарди. Унинг номи ва мероси кенг ўрганила бошланди. 1996 йил Ўзбекистонда Амир Темур йили деб эълон қилинди. Шу йили Тошкент, Самарқанд ва Шаҳрисабз шаҳарларида Амир Темур ҳайкаллари ўрнатилди, Самарқандда Амир Темур ва Темурийлар тарихига бағишланган музей ташкил этилди. Бу жараёнларнинг барчаси халқимизнинг ўз тарихий хотирасига қайтишининг ёрқин ифодасидир.

Бугун Самарқанд шаҳрини Амир Темур номидан алоҳида тасаввур қилиш қийин. ХIV–ХV асрларда Самарқанд Соҳибқирон давлатининг сиёсий ва маданий марказига айланди. Амир Темур Самарқандни нафақат кучли давлатнинг пойтахти, балки илм-фан, ҳунармандчилик, меъморчилик ва халқаро савдо марказига айлантиришга эътибор қаратди.

Регистон, Бибихоним, Шоҳи Зинда ва бошқа тарихий обидалар халқимизнинг буюк тарихини бутун дунёга намойиш этмоқда. Айниқса, Амир Темур мақбараси Темурийлар тарихининг бебаҳо гувоҳи.

Амир Темур мероси бугунги авлод учун фақат тарих эмас. У - давлатчилик сабоғи, тарихий хотира ва миллий ғурур манбаи. Мустақиллик эса келажак олдидаги масъулият. Уни асраш, мамлакат тинчлигини қадрлаш, тарихимизни билиш, ёш авлодга тўғри етказиш ва Ватан тараққиётига ҳисса қўшиш ҳар бир фуқаронинг вазифаси.

Аждодларимиз бизга бой тарих, бебаҳо илмий ва маданий мерос қолдирди. Бугунги авлоднинг вазифаси эса ушбу меросни асраб-авайлаш ва ундан келажак қуриш йўлида фойдаланишдан иборат.

Мадина САЛИМОВА,

Амир Темур мақбараси тушунтирувчиси.