Bizni kuzating

Нега Саудия Арабистони ҳусийлар нишонида?

Сентябрь ойида ҳусийлар Яман ҳукумат кучларига қарши кенг кўламли ҳарбий амалиёт бошлади. Бир ярим ой давомида улар қарийб 5,4 минг кв. километр ҳудудни, жумладан, Қизил денгиз соҳилларининг катта қисмини эгаллаб олди.

5 октябрдан 22 октябргача яманлик ҳусийлар Саудия Арабистони Подшоҳлигининг аэропортлари ва нефть инфратузилмаси каби қатор муҳим объектларига ҳужум қилди. Риёднинг ҳаво дарвозалари бир ҳафта давомида, 17 октябрга қадар ёпиқ қолди.

Бу ҳужумлар Саудия Арабистони учун мутлақо кутилмаган воқеа бўлди. Улар сўнгги ўн йил ичида мамлакатга берилган энг талафотли зарбалардан бири ҳисобланади.
2011 йилда бошланган фуқаролар уруши давридан буён Риёд Яман ҳукуматини қўллаб-қувватлаб келади. Орадан ўн йил ўтиб, июль ойида Теҳрон ва Сано ўртасида авиақатновларни йўлга қўйиш режаси пайдо бўлди. Яман ҳукумати ва Саудия Арабистони Подшоҳлиги бундай парвозлар ҳусийларнинг Эрон Ислом республикаси билан тўғридан-тўғри алоқаларини мустаҳкамлаши мумкинлигидан хавотирга тушди.

13 июль куни Эрон самолётининг қўнишига йўл қўймаслик мақсадида Сано аэропортининг учиш-қўниш йўлаги бомбардимон қилинди. Ҳусийлар ушбу ҳужум учун жавобгарликни Саудия Арабистони Подшоҳлиги зиммасига юклади ва бунга жавобан Подшоҳликнинг жануби-ғарбида жойлашган Абҳа аэропортига баллистик ракеталар билан зарба берди. Бу ҳусийларнинг Саудия Арабистони ҳудудига уюштирган илк йирик ҳужуми бўлиб, шундан сўнг минтақада янги кескинлик бошланди.
Вазият янада оғирлашди. 20 июль куни ҳусийлар Саудия Арабистонига нисбатан денгиз блокадаси жорий этилганини эълон қилди ва янада кенг кўламли жавоб чораларини кўриш билан таҳдид қилди.
Риёд мудофаа соҳасига улкан маблағ сарфлайди ва ҳарбий харажатлар ҳажми бўйича дунёда саккизинчи ўринни эгаллайди. Шунга қарамай, ҳусийлар ҳужумларини қайтариш ниҳоятда қийин кечмоқда.

Стокгольм халқаро тинчлик тадқиқотлари институти (SIPRI) маълумотларига кўра, Саудия Арабистони Подшоҳлиги дунёдаги энг йирик АҚШ қуроллари харидори ҳисобланади. 2021–2025 йилларда АҚШ умумий ҳарбий экспортининг 12 фоизи ушбу мамлакат ҳиссасига тўғри келган.
Экспертлар фикрича, яқин орада Риёд жиддий инқирозга дуч келиши мумкин. Бунинг асосий сабабларидан бири — нефть экспорти учун муҳим бўлган шарқдаги Ҳурмўз бўғози ва ғарбдаги Боб ал-Мандаб бўғозига таҳдид кучаяётганидир.

Шунингдек, Саудия Арабистони Подшоҳлигининг ҳусийлар позицияларига ҳаво зарбалари бериши вазиятни ўзгартириши даргумон экани таъкидланмоқда. Бироқ бу борадаги вазият ҳали ҳам мураккаб.
Ҳусийлар ўз баёнотида: «Агар саудияликлар тажовуз ва Яман ишларига аралашувни тўхтатмаса, вазият янада ёмонлашади», деб таъкидлаган.
АҚШнинг ҳусийларга қарши коалицияга қўшилиши ёки қўшилмаслиги ҳозирча номаълум. 10 октябрь куни Трамп Саудия Арабистони Подшоҳлигининг ҳусийларга қарши зарбаларига қўшилиши мумкинлигини истисно этмади. 13 октябрь куни эса ҳусийлар «ўзларини жуда ёмон тутмоқда», дея баёнот берди.
Вазиятнинг кейинги ривожи қандай кечиши эса 3 ноябрдан кейин маълум бўлади...

Аброр ХОН, сиёсий шарҳловчи.