Отамерос ҳунарни қадрлаб, қадр топдим

Одатда кеч ухлаб, эрта тураман. Тонгда бугунги ишларимни режалаштириб, ёғоч ўймакорлиги билан боғлиқ янгича ғояларимни пишитиб, ишга киришаман.
27 август куни тонгда ҳам шу одатимга кўра иш бошладим. Кўнглим саҳардан қандайдир хушхабарни сезар, шу боис ғайратим жўшиб, айни пайтда ишлаётган жойим - Тошкент шаҳри марказида жойлашган “Наврўз” боғида ёғочга ишлов бериб, эндигина тайёрлаган икки тавақали эшикни сайқаллашга киришгандим. Телефоним галма-галига жиринглайверди. Ишимни якунлаб, телефонни олдим. Нариги томондан “Табриклайман, ака, ҳозиргина Президент фармони чиқди. Ўзбекистон Республикаси халқ устаси бўлдингиз...”, деган овоз келди. Очиғи, қувонганим ва ҳаяжонланганимдан ким қўнғироқ қилгани-ю кейин нима дегани қулоғимга кирмади. Фақат, “Раҳмат, раҳмат”, дедим, холос. Шундан сўнг тинимсиз қўнғироқлар, табриклар ёғилаверди.
Эрталаб газета келтиришди. Президентимизнинг "Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг йигирма тўққиз йиллиги муносабати билан фан, таълим, адабиёт, маданият, санъат ва оммавий ахборот воситалари соҳалари ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига кўра, менга “Ўзбекистон Республикаси халқ устаси” фахрий унвони берилганини ўқиб, шодлигимдан кўзимдан ёш чиқди. Албатта, бу биргина менга эмас, самарқандлик ҳунармандларга берилган мукофот.
Салкам ярим асрдан буён ёғоч ўймакорлиги билан шуғулланиб келаман. Ота-бобом шу ҳунар ортидан элда ҳурмат орттирган. Акам – Мирумар Асадов Ўзбекистон Қаҳрамони бўлган. Ўн тўрт ёшимда ушбу ҳунарни ўзлаштирган бўлсам, фаолиятим давомида ёғоч ўймакорлигининг кўп асрлик бой анъаналаридан фойдаланиб, маҳсулотлар ясадим. Ёғоч ўймакорлигини замонамиз руҳига монанд янги жило ва безаклар билан бойитишга ҳаракат қилдим, юзлаб шогирдлар орттирдим.
Миллий ҳунармандчилик, тарихий иншоотларни қайта тиклашга берилган эътибор туфайли мустақиллигимизнинг 29 йили давомида Пайариқ туманидаги Имом Бухорий мажмуаси, Самарқанд шаҳридаги Имом ал-Мотридий мақбараси, Регистон, Руҳобод, Шоҳи Зинда мажмуалари, Хўжа Аҳрор Вали ва Бибихоним масжидлари, Амир Темур мақбараси, Афросиёб музей-қўриқхонаси, Ҳазрати Довуд зиёратгоҳи, Тошкент шаҳридаги Ўзбекистон тарихи ва маданияти музейи, Ўзбек миллий театри, Хотира майдони, Мухтор Ашрафий, Ойбек, Ғафур Ғулом уй-музейлари, Республика қўғирчоқ театри каби тарихий ва замонавий биноларнинг таъмирланиши ҳамда қурилиш ишларида иштирок этдим. Бугун юртимизнинг ана шундай салобатли биноларига кўрк беришга ҳисса қўшганимдан фахрланаман.
Ҳозирда Самарқанд шаҳрида ўз устахонамга эгаман. Бу ерда фарзандларим, невараларим, шогирдларим ёғоч ўймакорлиги билан шуғулланади, уларга баҳоли қудрат ушбу ҳунар сирларини ўргатаман.
Оддий ҳунармандга шундай юксак мукофотнинг топширилиши давлатимиз раҳбари ва ҳукуматимиз томонидан ҳунармандчилик эртаси, келажагига қаратилаётган эътиборнинг намунаси, деб биламан. Ушбу мукофот келгусида менга янада масъулият билан ишлаш, тарихий биноларимизга кўрк бериш учун билдирилган ишончдир. Ана шу ишончга муносиб бўлиб, юртимиздаги осори-атиқаларни сақлаш, уларни келгуси авлодларга етказиш, айниқса ёғоч ўймакорлигини ёшларга ўргатиш, шогирдлар тайёрлаш борасида янада кўпроқ меҳнат қиламан.
Миржамол Асадов,
«Ҳунарманд» уюшмаси аъзоси, ёғоч ўймакори.