Паст Дарғом ва Каттақўрғон туманларида хайрия тадбирлари ўтказилди

Рамазон ойи муносабати билан юртимиз маҳаллаларида хайрли тадбирлар амалга оширилмоқда. Муборак ой инсонларни эзгуликка, бағрикенгликка ва саховатга чорлаб, жамиятда меҳр-оқибат муҳитини янада мустаҳкамламоқда. Айниқса, эҳтиёжмандлар ҳолидан хабар олиш, нуронийларни эъзозлаш, савобли ишлар қилиш каби анъаналар бугун ҳар бир маҳаллада ўз ифодасини топяпти.

Жумладан, Паст Дарғом туманининг Пўлатчи маҳалласида Рамазон ойи муносабати билан хайрли тадбирлар ташкил этилди. Туман имом-хатиби ҳамда маҳалла раиси бошчилигида бемор ва нуроний кексалар ҳолидан хабар олиниб, уларнинг дарду-ташвишига қулоқ тутилди. Самимий суҳбатлар давомида кексаларга илиқ тилаклар билдирилиб, дуолари олинди.

Ҳомийлар томонидан тайёрланган озиқ-овқат маҳсулотлари ва Рамазон совғалари эҳтиёжманд оилаларга етказилди. Мазкур хайрли ташаббус кўмакка муҳтож хонадонлар учун катта маънавий далда бўлди. Шунингдек, маҳалла фаоллари томонидан айрим эҳтиёжманд оилалар хонадонида ифторлик дастурхонлари ёзилиб, муборак ойнинг файзу баракаси ҳис этилди. Ифторлик давралари самимий суҳбатлар, дуо ва эзгу тилаклар билан ўтди.

Фақат бу каби хайрия тадбирлари эмас, балки эҳтиёжманд оилалар истиқомат қилаётган хонадонларни таъмирлаш ишларига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси ташаббуси билан Каттақўрғон тумани Таворон маҳалласида яшовчи Н.Даминова хонадонида қурилиш ва таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Бу эзгу амал оиланинг турмуш шароитини яхшилаш, уларга муносиб яшаш имкониятини яратишга хизмат қилмоқда.

Рамазон ойида амалга оширилаётган бундай савобли ишлар юртимизда меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик муҳитини янада мустаҳкамлаяпти. Эзгулик ва саховат анъаналари халқимизнинг маънавий қиёфасини намоён этиб, жамият тараққиётига хизмат қилади.