“Пахтакор” стадионини қайта барпо этиш бўйича 20 га яқин компаниялар ўз таклифларини билдирмоқда

Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари томонидан Тошкентдаги «Пахтакор» марказий стадионининг бузилишига нисбатан эътирозлар билдирилмоқда. Бу борада Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ахборот хизмати томонидан расмий маълумот берилди.

Маълум қилинишича, «Пахтакор» клуби расмий сайтида стадионнинг аниқ бузилиш санаси маълум эмаслиги ҳақида баёнот берилган. Унга кўра, айни пайтда стадионнинг янги кўриниши қандай бўлиши аниқланмоқда. Тақдим қилинган лойиҳалар орасидан бирини танлаб олиш жараёни кетмоқда. «Пахтакор» клуби расмий сайтида эълон қилинган тендердан сўнг 20 га яқин компаниялар ўз таклифларини билдиришган. Стадион ФИФА талабларига жавоб берадиган ҳолатда бунёд этилиши сабаб якуний қарорга келишдан аввал барчасини пухта ўйлаб кўриш талаб этилади.

«Маъқул деб топилган лойиҳа танлангач, пойтахтимиз марказида жойлашган стадионни Тошкент кўркига айлантириш мақсадида Ҳукуматнинг тегишли идоралари билан биргаликда қурилиш ишлари қачон бошланиши борасида тўхтамга келинади. Айни ҳолатда эса стадионни бузиш ишлари қачон бошланиши аниқ эмас. Лойиҳа масаласи аниқ бўлиши билан бу ҳақда маълумот тақдим этилади», - дейилади клуб баёнотида.

Яна шуни қўшимча қилиш керак, бироз аввал «Пахтакор» футбол клуби матбуот хизмати берган баёнотга кўра, стадион қурилиши билан боғлиқ сарф-харажатлар тўлиқ ҳомийлар ҳисобидан қопланиши маълум қилинган эди.