Пайариқда қадимий қабр қолдиқлари ва тақинчоқлар топилди
Туманнинг Дарвозағаза қишлоғида ер қазиш ишлари жараёнида фуқаро ҳовлисидан қадимий қабр қолдиқлари аниқланди.
Қазиш жараёнида инсон суяк қолдиқлари, бронзадан ясалган билагузуклар, турли тақинчоқлар ва майда мунчоқлар топилган.
Фуқаро топилма ҳақида Яҳё Ғуломов номидаги Самарқанд археология институтига хабар берган. Институт мутахассислари томонидан топилма жойи кўздан кечирилиб, аниқланган археологик ашёлар ва инсон суяк қолдиқлари белгиланган тартибда расмийлаштирилиб, илмий ўрганиш учун қабул қилиб олинди.
Дастлабки кузатувларга кўра, топилган бронза билагузукларнинг айримлари конуссимон учлари ва спиралсимон безаклари билан ажралиб туради, - дейди Самарқанд археология институти директори Мўминхон Саидов. - Уларнинг шакли ва безак хусусиятлари бронза даврининг сўнгги босқичида яшаган дашт чорвадор қабилалари маданиятига хос тақинчоқлар билан ўхшашлик касб этади. Зарафшон водийсидаги қатор манзилгоҳ ва қабристонлардан ҳам бронза даврига оид, дашт чорвадор аҳолисининг маданияти билан боғлиқ археологик материаллар аниқланган.
Бундай ёдгорликлар, одатда, милоддан аввалги XIII–X асрлар билан тасниф қилинади ва Андроново–Тозабоғёб маданий доираси билан боғланади. Ҳозирча, Дарвозағаза қишлоғида аниқланган янги топилманинг аниқ даври ва маданий мансублиги ҳозирча узил-кесил белгиланмади. Мазкур масалага махсус археологик қазишмалар, антропологик тадқиқотлар ҳамда металл буюмларнинг лаборатория таҳлиллари натижасида аниқлик киритилади.
Фазлиддин Рўзибоев.