Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Қишлоқларда хорижий тилларни ўқитиш учун 50 млн сўмгача бир марталик субсидия ажратилади

Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш агентлиги директори ўринбосари Азимжон Ҳусанов маълум қилди.

20 сентябрда Вазирлар Маҳкамасининг “Қишлоқ ҳудудларида хорижий тилларни ўқитиш фаолиятини ташкил этиш учун нодавлат таълим ташкилотларини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинган эди.

Ушбу қарор билан, 50 млн сўмгача бўлган бир марталик субсидиялар тадбиркорлик субъекти бўлган нодавлат таълим ташкилотларига камида 6 ой муддат давомида қишлоқ ҳудудларида хорижий тилларни ўқитиш фаолияти билан шуғулланиш шарти билан ажратилади.

2022 йил 1 октябрдан бошлаб Қишлоқ ҳудудларида хорижий тилларни ўқитиш фаолиятини ташкил этиш учун нодавлат таълим ташкилотларига маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан бир марталик субсидия ажратиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламенти амалга киритилмоқда.  

Нодавлат таълим ташкилоти томонидан маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан субсидия ажратиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали мурожаат қилиш мумкин бўлади.

Манфаатдор давлат органлари ва ташкилотлари томонидан тақдим этилган маълумотларни баҳолаш орқали Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ва вилоятлар ҳокимларининг қарори асосида ҳар чоракда субсидия ажратадилар.

Нодавлат таълим ташкилотларига баҳолаш мезонлари асосида тўпланган балларга мутаносиб равишда Узбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ғазначилигининг ҳудудий бошқармалари томонидан 50 млн сўмгача субсидия ажратиб бориш белгиланди.

  Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш агентлиги билан биргаликда икки ҳафта муддатда хорижий тилларни ўқитиш фаолиятини ташкил этиш учун нодавлат таълим ташкилотларига маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан бир марталик субсидия ажратиладиган қишлоқ ҳудудлари рўйхатини шакллантирилади ва тасдиқланади.

Бунда қишлоқ ҳудудлари рўйхатига ҳар йили бир марта ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш мумкин бўлади.

 Адлия вазирлиги томонидан давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан давлат хизматлари кўрсатилишининг белгиланган тартибига риоя этилиши бўйича уларнинг фаолияти юзасидан доимий назорат ўрнатилади.