Қўмита раиси тадбиркорларнинг муаммоларини ўрганди, таклиф ва ташаббусларини тинглади

Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси томонидан вилоятимиздаги тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ўтказилди.

Президентимизнинг тадбиркорлар билан анъанавий 6-очиқ мулоқотига тайёргарлик кўриш доирасида ўтказилган тадбирда қўмита раҳбарияти, вилоят ҳудудий бошқармаси масъуллари, тадбиркорлар, соҳа экспертлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

- Биз бу ерда тадбиркорлар дуч келаётган тизимли ва локал муаммоларни юзма-юз тинглаш, уларни ўрганиш, ва ечим топиш мақсадида соҳа субъектлари билан учрашяпмиз, - дейди қўмита раиси Ҳалилулло Тўрахонов. – Бозорларда соғлом рақобат муҳитини шакллантиришга тўсқинлик қилаётган омилларни аниқлаш ва уларни бартараф этишда тадбиркорларнинг фикрлари муҳим. Улардан соҳа ривожи учун керакли таклифлар олиш, Давлат раҳбари билан бўладиган учрашувга ташаббусларни қабул қилишни режалаштирганмиз.

Учрашувда тадбиркорлар томонидан коммунал соҳа, чиқинди ташиш хизматлари, солиқ соҳасидаги ўзгаришлар билан боғлиқ саволлар кўпроқ берилди.         
Билдирилган фикр-мулоҳазалар ва таклифлар умумлаштирилиб, республикамизда тадбиркорликни ривожлантириш қаратилган дастурлар ишлаб чиқишда фойдаланилади.