Қўшма таълим дастурлари ўзини оқлаяптими?

Кейинги йилларда олий таълим муассасаларида хорижий олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда қўшма таълим дастурлари асосида талабалар ўқишга қабул қилинмоқда.

Бундай дастурларнинг аҳамиятли томони икки давлат олий таълим муассасалари билим, кўникма ва тажрибаларини ўзаро алмашади. Шунингдек, қўшма таълим дастурларида таҳсил олган талабалар икки дипломли бўлади. Бу талабаларга келажакда икки давлатда ҳам ишлаш имконини беради.

Самарқанд давлат тиббиёт университетида 2020 йилдан буён Россия Федерацияси, Польша, Туркия ва Хитой Халқ Республикасининг етакчи университетлари билан ҳамкорликда қўшма таълим дастурлари ташкил этилган. Бугун юзлаб ўзбекистонлик талабалар таълимнинг бир қисмини Самарқандда, кейинги босқичини эса хорижда давом эттирмоқда.

Жумладан, университет Россиянинг Приволжск тадқиқот тиббиёт университети билан ҳамкорликда стомотология (3+2), педиатрия (4+2) ҳамда даволаш иши (4+2) йўналишларида қўшма таълим дастурлари бўйича ҳамкорликни йўлга қўйган. Бугун ушбу йўналишларда 166 нафар талаба таҳсил олмоқда. Бу йўналишлар энг кўп талабаларни қамраб олган дастурлар сирасига киради.

- Мен стомотология йўналишида қўшма таълим дастури асосида ўқишга кирдим, - дейди Маъмур Қаландаров. – Шартномага кўра, биринчи ва иккинчи курсни Самарқанд давлат тиббиёт университетида, учинчи ва тўртинчи курсни Приволжск тадқиқот тиббиёт университетида ўқидим. Сўнгра бешинчи курсни яна Самарқандда ўқиб, жорий йилнинг ёзида икки давлат олий таълим муассасалари дипломига эга бўлдим. Курсимизда ўттиз нафарга яқин талаба таҳсил олди. Деярли барчамиз ўқишни битирдик. Бугун мен ўқишимни ординатурада давом эттиряпман.

- Қўшма таълим дастури асосида даволаш иши йўналишида уч йил Самарқанд давлат тиббиёт университетида таҳсил олдим, - дейди Истода Аслиддинова. – Тўртинчи ва бешинчи курсни Россия давлатида ўқидим. Приволжск тадқиқот тиббиёт университетида биз ўзбекистонлик талабаларга барча қулайликларга эга ётоқхона беришди. Хорижда ўқиш бу ерда олган билимларимизни янада мустаҳкамлади, кўплаб тажриба алмашдик. Бугун олтинчи курсни яна Самарқандда давом эттиряпман. Насиб бўлса, шу йил ўқишни битириб, магистратурага киришни режалаштиряпман.

Самарқанд давлат тиббиёт университети Чуваш давлат университети билан ҳамкорликда клиник психология (3+3), психология (3+1) йўналишида, Саратов давлат тиббиёт университети билан фармация (3+2) йўналишида талабаларга таълим бермоқда.

Шунингдек, Польша Республикаси билан ҳам ҳамкорлик самарали йўлга қўйилган. Хусусан, National Louis University билан соғлиқни сақлаш менежменти (3+1) йўналишида, Pomeranian University in Slupsk билан косметология (2+1) йўналишида талабалар таълим олмоқда.

Сўнгги йилларда университетда ҳамкорлик географияси янада кенгайди. Россиянинг Алтай давлат тиббиёт университети билан стоматология (3+2), Туркиянинг Соғлиқ билимлари университети билан даволаш иши (5+1) йўналишлари очилиб, юзлаб талабалар қамраб олинди. Шунингдек, Шинжон тиббиёт университети билан фундаментал тиббиёт бакалавриат ҳамда халқ табобати магистратура йўналишлари бўйича қўшма таълим йўлга қўйилмоқда.

Бугун университетда қўшма таълим дастурида 517 нафар бакалавриат, 50 нафар ординатура, 2 нафар магистратура йўналишида талабалар таълим олмоқда. 

Икки давлат олий таълим муассасасида ўқиш, икки дипломга эга бўлиш бу кўпчилик ёшларнинг орзуси. Аммо, ҳамма олий таълим муассасаларида ҳам қўшма таълим дастурлари маромида, силлиқ кетаётгани йўқ. Баъзи институтларда ҳамкорликда очилган йўналишлар турли сабабларга кўра ёпилмоқда.

Самарқанд давлат чет тиллар институтида қўшма таълим дастурлари доирасида Россия, Жанубий Корея, Малайзия давлатлари олий таълим муассасалари билан 2019 йилда ҳамкорлик шартномалари имзоланган. Ҳамкорлик шартномаларига асосан 2020-2021 ўқув йилларида институтга қўшма таълим дастурлари доирасида талабалар ўқишга қабул қилинган. Аммо, баъзи ҳамкорлик шартномалари омадсиз якунланган. Масалан, Россия Федерациясининг Белгород давлат миллий тадқиқот университетининг филология ва тилларни ўқитиш (рус тили) йўналишида 2025 йилда 19 нафар талаба битирган. Ҳозирги кунда институтнинг атиги 2 нафар талабаси 4-курсда ўқимоқда. Россия-Украина уруши туфайли ушбу йўналишга талабалар қабули тўхтатилган.

Жанубий Кореянинг Sunchunyang университетининг филология ва тилларни ўқитиш (корейс тили) йўналишида 2024 йилда 2 нафар, 2025 йилда 23 нафар талаба битирган. Бугун мазкур университетда 3 нафар талаба 4-курсда таҳсил оляпти. Талабаларнинг виза олиш, ҳужжатларини тўғирлаш жараёнлари қийинлашиб кетгани боис институт Sunchunyang университети билан ҳам ҳамкорлик алоқаларини якунлаган.

2025 йилда Малайзиянинг Малайзия шаҳар университети (Malaysia City university) филология ва тилларни ўқитиш (инглиз тили) йўналишини 5 нафар, гид ҳамроҳлиги ва таржимонлик фаолияти (инглиз тили) йўналишини 8 нафар талаба битирган. Айни кунда мазкур университет билан ҳам ҳамкорлик алоқалари тўхтатилган. Сабаби, Малайзия таълим дастурларида ўқувчи аввал мактаб, сўнгра лицей таълимини, яъни 12 йиллик мажбурий таълимни олиши керак экан. Биздаги мажбурий таълим 11 йиллик бўлганлиги туфайли ўртадаги келишув тўхтаган.

Институт Россиянинг Алтай давлат педагогика университети билан қўшма таълим дастурларида ҳамкорлик алоқалари ўрнатган бўлиб, бугунги кунда 19 нафар талаба филология ва тилларни ўқитиш (рус тили), 47 нафар талаба филология ва тилларни ўқитиш (инглиз тили) йўналишларида масофадан онлайн тарзда ўқимоқда. Шунингдек, мазкур университетни 2023 йилда 26 нафар, 2024 йилда 30 нафар, 2025 йилда 19 нафар талаба битирган.

Хуллас, ушбу қўшма таълим дастурлари муваффақиятсиз чиқди. Қанчадан-қанча талаба виза ололмасдан ёки молиявий аҳволи тўғри келмасдан хорижий давлат олий таълим муассасасига ўқишга боролмади. Баъзилари ўқишини хусусий олий таълим муассасасига кўчирди, аммо шартномада назарда тутилмагани учун хорижий олий таълим муассасасига ўқишга боролмаганларни институт ўқишини давом эттиришга рухсат бермади. 

Омадсиз якунланган ҳамкорлик алоқаларидан сўнг қўшма таълим дастурлари тўхтаб қолмади. Институт бошқа ҳамкорлар билан келишувга эришди. Масалан, 2024 йилдан Жанубий Кореянинг Висак университети (Woosuk university) билан ҳамкорликда филология ва тилларни ўқитиш (корейс тили) таълим йўналишига 11 нафар, 2025 йилда 10 нафар талаба ўқишга қабул қилинди. Улар икки йил Самарқанд давлат чет тиллар институтида ўқиса, қолган икки йилини Висак университетида давом эттиради.

Шунингдек, институт 2024 йилдан Жанубий Кореянинг Халқаро Тил ўқитиш олий мактаби (International Graduate School of Language Education) билан қўшма таълим дастурлари асосида икки йўналишда магистратурага 9 нафар, 2025 йилда 11 нафар талаба қабул қилди.

Бугун институтда қўшма таълим дастурлари доирасида 1-курс бакалавриатда 34 нафар, магистратурада 21 нафар, 2-курс бакалавриатда 30 нафар, жами 85 нафар талаба таҳсил олмоқда.

Шу ўринда бир мулоҳаза. Халқимизда “Ҳар ерни қилма орзу, ҳар ерда бор тошу тарози”, деган гап бор. Аввало, хорижий давлатлар билан ҳамкорлик қилишдан олдин, ўша давлатнинг яшаш шароити, иқтисоди ҳисобга олиниши керак. Яшаш шароити юқори бўлган давлатга виза тўғирлаб бориш бир машаққат бўлса, у ерда яшаш яна бир машаққат. Шунинг учун Жанубий Кореяга ўқишга борган ёшларнинг деярли 100 фоизи ҳам ўқиб, ҳам ишлашга мажбур. Уларнинг кўпчилиги ўқиш учун бориб, хорижда ишлаб қоляпти, яъни ўқишини давом эттирмаяпти. Шунинг учун олий таълим муассасалари талабаларнинг виза олиш жараёнларига кўмаклашиши, иложи борича грант асосида ўқишга қабул қилиш чораларини кўриши керак. Ёки яшаш шароити бизникига яқин бўлган давлатларнинг олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик алоқалари ўрнатиш лозим.

Алал-оқибат ўқиш харажатлари чўнтак кўтармаганлиги боис кўплаб институтларда очилган қўшма таълим дастурлари асосидаги йўналишлар ёпилиб кетяпти, яъни ўзини оқлай олмаяпти.

Хуршида ЭРНАЗАРОВА.