Самарқандда кучли ёмғир: табиат эмас, муносабатлар синовдан ўтди
Самарқанд жиддий синовли кунларни бошидан ўтказди. Бир неча кун давомида ёққан ёмғир, айниқса, кеча, 23 май куни янада кучайди.
Ўтган кунлар давомида вақти вақти билан гоҳ у, гоҳ бу тумандаги сел тошқинлари видеолари ижтимоий тармоқларнинг бош мавзуига айланди.
Кеча Самарқанд шаҳридаги баъзи йўллардан ўтиб бўлмай қолди, баъзи аҳоли яшаш хонадонларига жиддий талафот етказилди.
Тўғриси, ёмғир шиддат билан қуяётган бир пайтда эҳтиёжингиз учун лозим бўлган нон олиш учун ҳам уйингиз ёнидаги дўконга бормай турасиз, ёмғир тинишини кутасиз. Лекин вилоят ҳокими Адиз Бобоев кутмади. Кеча вилоят ҳокимлиги тарқатган видеолавҳалардан ҳам кўрдик, Самарқанд шаҳрининг ёмғир нақ дарёга айлантирган ҳудудларига ўзи борди, тегишли вазифаларни белгилади.

Айниқса, Фидойилар маҳалласида уйларига жиддий талафот етган маҳаллага ҳам биринчилардан бўлиб етиб борганини кузатдик. Аҳоли билан суҳбатлашди, уйлари нураб кетган 11 та оила бошқа жойга кўчириладиган бўлди, ёғингарчиликдан мулклари зарар етган оилаларга ёрдам берилишини билдирилди.
Одатда у ёки бу муаммо оммавий ахборот воситаларида кенг тарқалгач, муаммо раҳбарлар эътиборига тушишига кўникиб қолганмиз. Лекин вилоят ҳокими Адиз Бобоев барча раҳбарларга ўрнак бўлгулик тарзда бу ҳудудга биринчилардан бўлиб бориб, масалани ўрганди.
Яна бир ҳолат. Шу куни вилоят фавқулодда вазиятлар ва ободонлаштириш бошқармаларининг машиналари тинимсиз ишлаганига гувоҳ бўлдик. Сув тошган кўчаларда машинада сувни тортиб, аҳоли хавфсизлигини таъминлаш учун ёмғир остида меҳнат қилишди.

Қолаверса, шу куни шаҳарнинг жуда кўп ҳудудларида электр таъминотида жиддий узилишлар кузатилди. Электр энергияси тизимидаги бригадалар ҳам ёмғир тинишини кутмади, жойларда масалани ҳал этиш учун тиним билгани йўқ. Буни мазкур тизим диспетчер хизматидан ҳам билиш мумкин эди. Тўғри, баъзи ҳудудларда электр энергиясида соатлаб узилиш бўлди. Аммо муаммо ўз ҳолига ташлаб қўйилгани йўқ, ҳал этилиши учун барча кучлар сафарбар этилди. Айниқса, ижтимоий тармоқларда кучли ёмғир бўлишига қарамай, йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимининг ўз меҳнат вазифасини сидқидилдан бажараётгани видеоси кўпчиликни таъсирлантирди.
Ушбу ҳолатларни кузатар эканмиз, дафъатан хаёлимизга вазифасига масъулият билангина эмас, виждон билан ёндашаётганлар сафи кўпайиб бораётган, деган хулоса келади. Ва улар ҳали янада кўпайишига ишонамиз.
Самарқанд шаҳридаги дренаж тизими, қурилиш соҳасидаги муаммолар кўплигини инкор этолмаймиз, бу ҳақда ҳали тўхталамиз. Аммо кечанинг баъзи сабоқлари ҳам бор.
Самарқанд, эҳтимол, йўлларда содир бўлган дарёдай тошқин сувлар, жиддий талафотлар етказган ёмғирли кунларда моддий йўқотишларни бошидан кечиргандир, лекин у одамийлик синовидан ўтдимикан?
Тўғриси, ушбу ҳолатларни кузатар эканмиз, баъзи хаёллар кўнглимни кемирди.
Эҳтимол, муаммо кўлами бир вилоят миқёсида олиб қарайдиган бўлса унча катта эмасдир. Аммо катта бир маҳаллада жабрланган оилаларга ёрдам қўлини чўзиш учун атроф, қўни-қўшниларнинг бирдамлигини кўрмадим, тўғриси. Қайсидир бир давлатларда бўлаётган ҳодисаларда жабрланганларни ўйлаб, нималардир ёзамиз, гапирамизу, наҳот ёнимиздаги, фавқулодда ҳолатларда мураккаб вазиятга тушган оилаларга ёрдам қўлини чўзишга интилмаймиз. Вилоятдаги фаолларнинг уларга кўмак бериш учун нимадир ташаббуслари ҳам кўзга ташланмади.
Яна бир ҳолат, кимдир ўламан, деяптию, кимлардир шу ҳолатдан фойдаланиб, бачкана видео контентлар тайёрлаб, оммага тарқатаётганидан уялиб кетдим. Ҳа, албатта, муаммони кўрсатиш керак, лекин кимнингдир дардини калака қилиш эвазига эмаску!
Ёмғирли кунда, уйингиз ёнидан ўтган ариқ бегона ўт, чиқит босиб ётганига бепарво бўлиб, оёқни узати-и-иб ётганча ижтимоий тармоқларга соатлаб вақт сарфлаб, кимнидир ёмонотлиққа чиқариб, бутун бир тизимни "Расво", деб сафсата сотаётган пайтингизда, ўз эҳтиёжингиз учун ёнингиздаги дўконга бир чиқиб келингчи. Ундан ўтиб, маҳаллангиздаги аҳвол билан ҳам бир қизиқиб кўринг, улар нима билан нафас оляпти, одамларни дарди билан яшаш қандай экан? Эҳтимол, ўзгаришни, дахлдорликни ўзимиз, маҳалламиздан бошлармиз.
Ёмғир эса ёғишда давом этяпти...
Гулруҳ МЎМИНОВА.