Самарқандда “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи 2026” Парламентлараро ҳамкорлик форуми бошланди

Айни пайтда “Silk Road Samarkand” халқаро туристик марказида “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи 2026” Парламентлараро ҳамкорлик форуми бўлиб ўтмоқда.

Форумда Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон парламентлари вакиллари, Европа парламенти аъзолари, экспертлар, халқаро ташкилотлар, фуқаролик жамияти институтлари, академик доиралар ҳамда бизнес вакиллари иштирок этмоқда.

Тадбирнинг очилиш маросимида Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев, Самарқанд вилояти ҳокими Адиз Бобоев сўзга чиқиб, мазкур форум Марказий Осиё давлатлари ва Европа Иттифоқи ўртасидаги парламентлараро мулоқотни янги босқичга олиб чиқишини таъкидлади ва форум ишига муваффақият тилади. Анжуман қонунчилик соҳасида тажриба алмашиш ва ҳамкорликнинг янги йўналишларини белгилашга хизмат қилиши қайд этилди.

– Ушбу форумни ўтказиш ташаббуси ўтган йил апрель ойида Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” саммитида илгари сурилган эди, – дейди С.Сафоев. – Парламентлараро ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган анжуман доирасида сиёсий мулоқотни ривожлантириш, савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, транспорт-логистика, рақамли трансформация, таълим ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари муҳокама қилиниши режалаштирилган. Айтиш жоизки, Европа Иттифоқи билан мулоқот ва шериклик бизнинг энг муҳим устувор йўналишларимиздан бири бўлиб, Марказий Осиё мамлакатлари Европа Иттифоқи билан сиёсий мулоқот, алоқалар, яшил ўтиш ва технологик модернизацияни ривожлантиришга қизиқиш билдирмоқда. Биз Европа Иттифоқининг ҳам ушбу мураккаб даврда Марказий Осиё давлатлари билан янги шерикликка интилаётганини тушунамиз. Ишончимиз комилки, ушбу форум очиқ муҳокамалар, фикр алмашиш ва Марказий Осиё – Европа Иттифоқи ҳамкорлигини янада мустаҳкамлашга қаратилган амалий тавсиялар ишлаб чиқиш учун самарали платформа бўлиб хизмат қилади.

– Бизнинг кун тартибимизда иқлим ўзгаришига қарши кураш, савдо квоталари ва Европа бозорига киришни кўпайтириш, кўп томонламаликни ҳимоя қилиш, таълим ва тадқиқот соҳасида алмашинув дастурлари учун Европа имкониятларини ошириш зарурати, энергия ва рақамли алоқа, инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятни яхшилаш ва конституциявий ислоҳотлар ўрин олган, – дейди Европа Парламентининг Марказий Осиё ва Мўғулистон билан алоқалар бўйича делегацияси раиси Гиуси Принчи. – Кўплаб долзарб муаммоларни фақат минтақавий даражада ҳал қилиш мумкин. Шу боис ушбу форум ғоясини илгари сурган Президент Шавкат Мирзиёевга миннатдорчилик билдираман. Бундан бир йил олдин Самарқандда бўлиб ўтган саммитдан сўнг парламентларимиз икки томонлама ҳамкорлик муносабатларини йўлга қўйиш ташаббуси билан чиққанидан хурсандмиз. Европарламент сифатида биз ҳукуматларимиздан фарқли позицияни эгалладик. Масалан, Марказий Осиё фуқаролари учун визалар беришни осонлаштириш мақсадида Қозоғистон билан дастлабки келишувга эришдик. Келгусида минтақадаги бошқа давлатлар билан ҳам шундай музокараларни давом эттириш ниятидамиз.