Самарқандда ноқонуний дарахт кесиш оқибатида 96 миллион сўмдан ортиқ табиатга зарар етказилган

Бу Самарқанд шаҳар экология ва иқлим ўзгариши бўлими давлат инспекторлари томонидан олиб борилган кузатув рейд тадбирларини ўтказиш давомида аниқланди.

Унга кўра, Самарқанд шаҳрида яшовчи фуқаро Н.Г. томонидан ўз яшаш ҳудуди атрофидаги ўсиб турган 1 туп ёнғоқ дарахтини ноқонуний тарзда кесиб олган.

Ҳолат юзасидан ушбу фуқарога нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 79-моддаси 1-қисми билан маъмурий иш қўзғатилиб, унга 10 миллион 300 минг сўм жарима белгиланди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 464-сонли қарори 4-иловасига асосан, фуқаро ўсимлик дунёсига етказган зарар учун 86 миллион 520 минг сўм ҳисобланди.

Айни дамда тегишли ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларига тақдим этилмоқда.

Самарқанд вилояти экология бошқармаси ахборот хизмати.