Самарқандда ва Куала-Лумпурда Малайзия ҳамда Ўзбекистон маданияти кунларини ўтказишга келишиб олинди

Айни кунларда Самарқанд вилояти ҳокими Адиз Бобоев бошчилигидаги делегация Малайзиянинг Куала-Лумпур шаҳрида бўлиб турибди. Ташриф доирасида қатор муҳим учрашувлар ўтказилмоқда. Вилоятимиз раҳбари Малайзия Туризм, санъат ва маданият вазири - Дато Сри Тионг Кинг Синг билан музокаралар олиб борди.

Мулоқот давомида томонлар ўзаро манфаатли ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш масалаларига алоҳида эътибор қаратди. Хусусан, туризм соҳасида тажриба алмашиш, сайёҳлар оқимини кўпайтириш ҳамда зиёрат туризмини ривожлантириш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари муҳокама қилинди. Туризмга инвестицияларни жалб этиш, замонавий инфратузилмани ривожлантириш, қўшма ташаббусларни қўллаб-қувватлаш, маданий алоқаларни янги босқичга кўтариш юзасидан аниқ таклифлар илгари сурилди.

Учрашувда жорий йилнинг май ойида Самарқандда "Малайзия маданияти кунлари" ҳамда сентябрь ойида Куала-Лумпурда "Ўзбекистон маданияти кунлари"ни ўтказишга келишиб олинди.

Музокаралар якунида томонлар ўзаро алоқаларни янада мустаҳкамлаш, туризм соҳасида аниқ лойиҳаларни босқичма-босқич амалга ошириш бўйича галдаги вазифалар белгиланди.