Самарқанддаги 15 та маданий мерос объектида таъмирлаш-тиклаш ишлари олиб борилади

ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган Самарқанд тарихий маркази 1123 гектар майдонни эгалласа, унинг муҳофаза зонаси 1369 гектарни ташкил этади.

Айни пайтда вилоятда 1611 та моддий маданий мерос объекти рўйхатга олинган. Шундан 973 таси археология ёдгорликлари, 564 таси архитектура объектлари, 40 таси монументал санъат асарлари ва 34 таси диққатга сазовор жойлардир. Ушбу бой тарихий меросни асраб-авайлаш, уни келажак авлодга етказиш ҳамда туризм салоҳиятини янада ошириш мақсадида вилоятда қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Вилоят маданий мерос бошқармаси бошлиғи ўринбосари Зиёдулла Насимовнинг таъкидлашича, ўтган йилда вилоятда 15 та маданий мерос объектида таъмирлаш ишлари олиб борилган. Жорий йилда ҳам шунча объектда кенг кўламли таъмирлаш-тиклаш, реставрация ва консервация ишларини амалга ошириш режалаштирилган.

— Ушбу объектлар рўйхати Маданий мерос агентлигига тақдим этилган ва рухсат олингач, Самарқанд шаҳрида жойлашган ўнта тарихий объектда таъмирлаш-тиклаш ишлари бошланади, — дейди З.Насимов. — Улар қаторига Регистон мажмуаси (Улуғбек, Шердор ва Тилла Кори мадрасалари), Амир Темур мақбараси, Қози Абдурасул ва Хон Саид Имом мажмуалари, Каварзор ҳамда Қози Ғофур маҳалла масжидлари, Хўжа Саид Ахмад Хавоси мажмуаси, Ашратхона мақбараси ва вилоят ўлкашунослик музейи киради. Шунингдек, XIX–XX асрларга мансуб Каттақўрғон шаҳридаги Сўфи Оллоёр ва Қаландархона мажмуалари, Пайариқ туманидаги Олим шайх, Самарқанд туманидаги Мақсумбек ҳамда Нарпай туманида жойлашган XVII–XIX асрларга оид Хўжа Карзон масжид мажмуаларида ҳам таъмирлаш ишлари олиб борилиши белгиланган.

Манзилли дастур доирасида вилоятдаги 195 та маданий мерос объектига муҳофаза белгилари ўрнатилади. Шу билан бирга, Ургут туманидаги “Чорчинор” зиёратгоҳи таъмирланади, Самарқанд туманида жойлашган 23 та маданий мерос объектининг кадастр ҳужжатлари расмийлаштирилади. Бундан ташқари, вилоятдаги қадимий ёдгорликлар ҳолати ўрганилиб, уларнинг тарихий-маданий қийматига таъсири бўйича тегишли экспертизалар тайёрланади.

Маълум қилинишича, йил якунига қадар Кофирқалъа ёдгорлигини археологик паркка айлантириш бўйича лойиҳа якунланади ва ёдгорликни илмий ўрганиш, ҳудуд чегараларини белгилаш, лойиҳа-смета ҳужжатларини тайёрлаш, инфратузилмани шакллантириш ҳамда уни очиқ музей сифатида фаолиятга жорий этиш кўзда тутилган. Қизлартепа ёдгорлигини археологик паркка айлантириш бўйича эса амалий ишлар олиб борилиб, тадқиқотлар натижаларига асосан ёдгорликни консервация қилиш ва очиқ экспозиция ташкил этиш режалаштирилган.

Ушбу ишлар нафақат тарихий обидаларнинг асрлар давомида сақланиб қолишини таъминлайди, балки вилоятнинг туристик жозибадорлигини ошириш, янги сайёҳлик йўналишларини шакллантириш ҳамда маҳаллий аҳоли учун қўшимча иш ўринлари яратишга хизмат қилади.

Фазлиддин РЎЗИБОЕВ.