Шоирнинг рафиқаси Назира Ассалом мактабга келди

Айни кунларда бутун юртимиз бўйлаб Президентимиз илгари сурган беш ташаббус асосида ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилишга йўналтирилган маърифий кечалар, адабий учрашувлар ташкил этилмоқда. Ана шундай тадбирлардан бири Тайлоқ тумани 44-умумтаълим мактабида бўлиб ўтди.

Мазкур таълим муассасасининг собиқ битирувчилари ташаббуси билан ушбу мактабга Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуфнинг рафиқаси Назира Ассалом ҳамда шогирди, Зулфия мукофоти соҳибаси Гулжамол Асқаровалар ташриф буюришди. Мактабнинг энг илғор, китобсевар ёшлари, адабиёт ихлосмандлари ва билимдон ўқувчилар маънавият хонасида жамулжам бўлдилар.

Учрашув давомида Назира Ассалом улуғ шоирни ёд этиб, у киши билан боғлиқ хотираларни, ўтган кунларини, қийинчилик ҳамда бахтли дамларини эсга олиб, ўқувчиларга айтиб берди. Ва юртимизда бўлаётган ўзгаришлар, ёшларга қаратилган эътибор ва ғамхўрликлар, айниқса, давлатимиз раҳбари бош-қош бўлган хайрли беш ташаббуснинг мазмун-моҳияти ҳамда ҳар бир ташаббуснинг ёшлар ҳаётидаги ўрни ҳақида ўз фикрларини билдириб, бугунги ёш авлодга ҳавас қилишини, бундай имкониятлардан унумли фойдаланиш кераклигини таъкидлади. Шундан сўнг шоира Гулжамол Асқарова ҳам устози М. Юсуфни хотирлади. Ўқувчиларга ўзи ва устози ёзган шеърлардан парчалар ўқиб берди.

– Бундай учрашувлар ўқувчилар учун жудаям фойдали, – дейди мактаб директори Фахриддин Жуманов. – Биласизми, мактабимизда адабиётга қизиқувчи ёшлар кўп. Мана шундай учрашувларни тез-тез ўтказишимизни уларнинг ўзлари сўрашади. Январь ойида ҳам Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азим, адабиётшунос Олимжон Тошбоевлар мактабимизда ижодий учрашув ўтказишганди. Бундай учрашувлардан ёшларимизнинг адабиётга янада меҳри ортиши табиий.

Тадбир сўнггида мактабнинг собиқ ўқувчилари Завқиддин Насимов, Нодир Очилов, Лайло Абдушукуровалар томонидан 100 дан ортиқ бадиий, илмий, адабий китоблар мактаб кутубхонаси учун совға қилинди.

Ўз мухбиримиз.