Тадбиркорнинг мулки «қоғозда» икки баравар кўпайтирилган: 3 йиллик сарсонгарчиликка нуқта қўйилди

Самарқанд вилояти Иштихон туманида фаолият юритувчи “ИАМИ” МЧЖ томонидан ортиқча ҳисобланган ер солиғини бекор қилишда амалий ёрдам сўраб Бизнес-омбудсманга мурожаат қилди.

Аниқланишича, жамиятга тегишли ер майдони 2023 йил 1 январь ҳолатига кўра амалда 45.700 кв.м. ни ташкил этган. Бироқ Давлат кадастрлари палатаси Иштихон туман филиали масъуллари томонидан 2022 йил 13 декабрь куни солиқ органлари билан интеграциялашган ахборот тизими орқали юборилган маълумотларда ер майдони 82.900 кв.м. деб нотўғри кўрсатилган. Натижада жамиятга ер солиғи асоссиз равишда ортиқча ҳисобланган.

Эътиборли жиҳати шундаки, тадбиркор ушбу хатоликни тузатиш мақсадида 3 йил давомида бир неча марта Кадастрлар палатасига мурожаат қилган бўлса-да, унинг муаммоси ҳал бўлмасдан келган.

Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 28-моддасида ўз эгалигида ва фойдаланишида ҳамда мулкида ер участкалари бўлган юридик ва жисмоний шахслар ерлардан фойдаланганлик учун ҳақ тўлаши белгиланган. Бироқ ушбу ҳолатда кадастр органлари томонидан тадбиркорлик субектининг эгалигида ва фойдаланишида бўлмаган ер участкаси учун солиқ идорасига нотўғри маълумот юборилган ва шу асосида унга нисбатан ортиқча солиқ ҳисобланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Вакил девони томонидан Кадастр агентлигига тақдимнома киритилди. Кўрилган чоралар натижасида жамиятга тегишли ер майдони ҳажмини амалдаги 45.700 кв.м. га мувофиқлаштириш бўйича солиқ органларига аниқлаштирилган маълумот юборилиши ҳамда ортиқча ҳисобланган солиқ суммаларини бекор қилиш таъминланди.