ТАТУ Самарқанд филиали Самарқанд давлат университетига қўшилди(ми?)

Президентимизнинг 2026 йил 26 майдаги Қарори асосида Самарқанд давлат университетига Тошкент ахборот технологиялари университетининг Самарқанд филиали қўшилди. Хўш, энди таълим тизими қандай давом этади, нималар ўзгаради?

- Филиалнинг талабалари ва ўқитувчилари тўлиқ таркибда университет таркибига ўтди, - дейди Самарқанд давлат университети сунъий интеллект ва рақамли технологиялар факультети декани, техника фанлари доктори, доцент Файзулла Назаров. - Филиалдаги мавжуд йўналишлар СамДУнинг иккита факультети негизида бўлади. Биздаги сунъий интеллект ва рақамли технологиялар факультетига улардаги мос йўналишлар бирлашди. Бизда мавжуд бўлмаган ва филиалда аввалдан бор бўлган таълим йўналишлари учун алоҳида телекоммуникация ва компьютер инжиниринг факультети ташкил қилинди.

Филиалнинг иккита ўқув биноси ва талаба турар жойлари ҳам университетга оператив бошқарув асосида бепул берилди. Филиалнинг ўқув биноларидан бирига университетнинг юридик факультети кўчади. Сабаби, факультетимиз биносида юридик факультет ҳам жойлашганди. Уларни алоҳида бинога кўчириб, мос йўналишларни факультетимизга жойлаштирамиз.

Дарҳақиқат, бугун IT соҳасида талаб ортиб бормоқда, ҳар жабҳада бошқарув тизими рақамлашмоқда. Бу эса жаҳон стандартларига мос етук мутахассисларни тайёрлашни олдимизга қўймоқда. Шу маънода олий таълим муассасалари бирлаштирилди, яъни умумий салоҳиятлар бир марказга йиғилди. Асосий масала Самарқанддаги IT муҳитини замонавий талабларга мос қилишдир.

Хуршида ЭРНАЗАРОВА.