Туркия, Эрон ва Россия раҳбарлари бир қатор масалаларда келишув имзолади

Теҳронда мазкур давлатлар раҳбарлари уч томонлама учрашув ўтказмоқда. Унинг мавзулари орасида Украина ва озиқ-овқат экспорти масаласи бор. Ўтган ҳафта Истанбулда БМТ ва Туркия воситачилигида ғалла масаласи муҳокама қилинди.

Аммо Путин Украина ғалласини денгиз орқали экспорт қилиш бўйича "барча масалалар ҳал этилмагани"ни таъкидлаган. Бу масалада "олдинга силжиш бор"лиги айтилган, холос.

Дастлаб Эрон Раиси, Путин ва Эрдўғоннинг учрашуви – “Астана формати” Сурия масаласига бағишланди: томонлар вакиллари музокараларни икки йил аввал режалаштирганликлари, аммо пандемия сабабли уларни доимий равишда қолдиришга тўғри келганини таъкидлашди.

Шунингдек, Россия, Эрон ва Туркия президентлари Суриядаги вазият бўйича қўшма баёнот қабул қилди. Қўшма ҳужжатда Сурия инқирозини фақат дипломатия йўли билан ҳал қилиш мумкинлиги қайд этилган.

Учрашувда Исроилнинг Сурияга, жумладан, тинч аҳолига қаратилган ҳужумлари қораланган. Томонлар мамлакатда "ер юзида" янги воқеликларни яратишга уринишларни рад этиб, турли номлар остида ҳаракат қилаётган террорчиларга қарши курашиш ниятини тасдиқлаган.

Музокараларнинг навбатдаги, 19-раунди йил охиригача, навбатдаги саммит эса Россияда ўтказилиши режалаштирилган.