Ургут тумани прокурори ўринбосарига нисбатан жиноят иши қўзғатилди

Коррупцияга қарши курашиш йўналишида Давлат хавфсизлик хизмати Самарқанд вилояти бўйича бошқармаси томонидан Бош прокуратуранинг тегишли тузилмалари ҳамда вилоят прокуратураси билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида Ургут тумани прокурори ўринбосарининг қонунга зид қилмишлари фош этилди.

Ушбу мансабдор шахс Паст Дарғом тумани прокуратурасида фаолият юритган даврида хизмат мавқеидан фойдаланиб, 6,5 минг АҚШ доллари ва 35 миллион сўм пора олган.

У маҳаллий МЧЖ томонидан табиий газдан ноқонуний фойдаланилиши натижасида 2 миллиард 887 миллион сўм миқдорида давлатга етказилган зарарни 805,9 миллион сўмга камайтириб бериш эвазига воситачилар орқали ана шу суммани пора сифатида олган.

Бу билан чекланмай прокуратура томонидан МЧЖ мансабдорларига нисбатан Жиноят Кодексининг 169-моддаси билан қўзғатилган жиноят иши доирасида зарар миқдорини 150-200 миллион сўмгача камайтиришни ва уларга суд идораларидаги танишлари орқали енгил жазо тайинланишида ёрдам беришини айтиб, МЧЖ эгасидан 15 минг АҚШ доллари талаб қилган.

Прокурорнинг ноқонуний ҳаракатлари бўйича ашёвий далиллар процессуал тартибда ҳужжатлаштирилди. Унга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилди.