Вазир ва ҳоким IT Park қурилиши билан танишди

Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов ва вилоят ҳокими Адиз Бобоев Самарқанд шаҳрида барпо этилаётган "IT Park Uzbekistan"нинг Самарқанд филиали қурилиш ишлари билан танишдилар.

Ўрганиш жараёнида объектда олиб борилаётган қурилиш ишларининг ҳолати, бино ва инфратузилма ечимлари, ҳудудни ободонлаштириш ҳамда резидентлар учун яратиладиган шарт-шароитлар муҳокама қилинди. Шунингдек, лойиҳанинг техник ва архитектура жиҳатлари кўздан кечирилиб, қурилиш ишларини белгиланган муддатларда ва сифатли амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Мутасаддилар томонидан "IT Park" Самарқанд филиалини ҳудуддаги ёшлар, стартап жамоалар ва IT-компаниялар учун замонавий инновацион марказга айлантириш бўйича фикрлар билдирилди. Хусусан, резидентлар учун қулай иш муҳити яратиш, коворкинг ва офис ҳудудларини кенгайтириш, замонавий конференция ва таълим хоналарини ташкил этиш, шунингдек, муҳандислик-коммуникация тармоқларини янада такомиллаштириш бўйича таклифлар билдирилди.

Шунингдек, лойиҳа устида қўшимча ишлаш, қурилаётган мажмуага замонавий ва функционал ечимларни жорий этиш мақсадида лойиҳага айрим ўзгартиришлар киритиш таклиф этилди.

Учрашув давомида мазкур филиал Самарқанд вилоятида рақамли иқтисодиётни ривожлантириш, IT хизматлари экспортини ошириш, янги иш ўринларини яратиш ва ёшларни замонавий касбларга йўналтиришда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.