Хаттотлик санъати ривожида Амир Темурнинг катта ҳиссаси бор
Амир Темур ва темурийлар даврида илм-фан ҳамда маданиятга юксак эътибор сабабли кўпгина соҳаларда, жумладан, хаттотлик санъти ҳам ривожланган. Айниқса, Соҳибқирон бунга алоҳида эътибор берган ва унинг саройида замонасининг энг машҳур хаттотлари ижод қилган. Салтанатининг дастлабки йилларида унинг хизматида Ўйлқутлиқ исмли хос котиби бўлган.
1375 йилда Амир Темур Амир Қамариддинни таъқиб қилиб, Мўғулистонга юриш қилади. Етти йиллик урушдан ғалаба билан қайтгач, Самарқанднинг Конигил мавзесида катта тўй беради. Ўша давр тарихчилари Шарафиддин Али Яздий ва Ҳофизи Абрунинг ёзишларича, икки ой давом этган ушбу тантанада, Миср, Ифранж, Ҳинд, Дашти Қипчоқ, Жете, Олтой ва бошқа ўлкалардан элчилар ҳозир бўлганлар. Мана шу ўлкалардан келган элчилар орқали юбориладиган мактубларнинг мазмуни ва безатилишига ҳам саркарда катта эътибор беради.
Масалан, Амир Темур томонидан Мисрга элчи қилиб юборилган Мавлоно Абдуллоҳ Кеший орқали юборилган номани ўз замонасининг машҳур хаттотларидан бири Шайх Муҳаммад битган. Мактубнинг эни 3 газ, узунлиги 70 газ (ҳозирги ўлчовда эни 1,8 метр ва узунлиги 42 метр) бўлган. “Ҳаммаси олтин сувида, китобат ва ҳуснихат фазилатида битилган”, деб Шарафиддин Али Яздий “Зафарнома” асарида фикрларини баён этган.
Шайх Муҳаммаднинг отаси Ҳожи Муҳаммад Бандгир Табризий ҳам ўз замонасининг машҳур хаттотларидан эди. У темурийлар саройида хизмат қилган. Соҳибқирон хизматидаги машҳур хаттотлардан яна бири Мавлоно Шамсиддин Мунший бўлиб, у саркарданинг Римга юришидан олдин, султон Боязидга йўллаган мактубини битган.
Темурийлар даври хаттотлик санъатининг йирик вакилларидан яна бири Султонали Машҳадий (1437-1520 йиллар) бўлиб, унинг настаълиқ хат турининг оммалашувида, айниқса, Ҳирот хаттотлик мактабининг шуҳрат қозонишида хизмати катта. Султонали Машҳадий Ҳиротда Алишер Навоий ҳомийлигида ижод қилиб, унинг топшириғи билан кўплаб китоблардан нусхалар кўчирган. Ҳозир Ўзбекистон Фанлар академияси Шарқшунослик институти қўлёзмалар фондида Алишер Навоийнинг Султонали Машҳадий кўчирган учта девони сақланмоқда. Султонали Машҳадий нафақат китоблардан нусхалар кўчиришда, балки турли иморатлар ва қабр тошларидаги ёзувларни ёзишда ҳам маҳоратли эди ва хаттотлик санъти турлари ҳақида махсус рисолалар ҳам ёзган.
Умуман, Марказий Осиё хаттотлик санъати тарихида темурийлар даври китобат санъати юқори чўққига эришган. Чунки ушбу хаттотлик санъатига Амир Темур асос солган. Кейинчалик Мирзо Шоҳрух салтанатида, Ҳирот, Шероз ва бошқа шаҳарларда ҳамда Ҳусайн Байқаро ҳукмронлигида, Алишер Навоий ҳомийлигида хаттотлик санъати ривожланган. Айрим Темурий ҳукмдорлар хаттотлик санъати ривожига ҳисса қўшган ҳолда кўплаб ёзма манбалар қолдирган.
Мисол учун, Темурий Иброҳим Султон Қуръони карим нусхаларини, китоблар, тўпламлар, шажаралар ва астрономик зижларни хат услублари билан кўчирган. Унинг қаламига оид айрим хат намуналари Шероздаги баъзи бир ёдгорликларда ҳозирги кунгача сақланиб қолган.
Темурийлар даврида гуллаб яшнаган хаттотлик санъати кейинги асрларда ҳам давом эттирилиб, Самарқанд, Бухоро, Хива, Шаҳрисабз, Тошкент шаҳарларида ва Фарғона водийсида ривожланди. Маҳаллий хаттотлар кўплаб китоблардан нусхалар кўчирган, турли сарой ва биноларнинг деворлари ҳамда пештоқларига ўйиб битиклар ёзишган.
Темурий шахзодалардан бири, давлат арбоби, астроном Мирзо Улуғбек (1394-1449) ҳукмронлик қилган йилларда Мовароуннаҳрнинг кўплаб масканларида муҳташам бинолар, расадхона ва мадрасалар қурилиб, юрт ободонлашган. Моддий-маданий иншоотлардан ташқари, халқнинг маънавий салоҳиятини ошириш учун ҳам замин яратилган. Унинг буйруғи билан (1417 йил Бухорода, 1417-1420 йиллар Самарқандда, 1433 йилда эса Ғиждувонда) мадрасалар қурилган. Бухорода қурилган меъморий ёдгорлик Мирзо Улуғбек томонидан барпо этилган уч мадрасанинг энг қадимгиси ҳисобланади.
Мазкур мадрасада Абдуллахон ІІ даврида (1586 йилда) таъмирлаш ишлари олиб борилган. Мадраса катта бўлмаса-да, ҳужралари мўъжаз, мутаносиб, ички ва ташқи тузилиши ўзига хос. Масжид ва дарсхона гумбазли миёнсарой (марказий хона)нинг икки ён томонида жойлашган. Миёнсаройнинг иккинчи қаватида кутубхона бор. Хўжа Саъд Жўйборий томонидан ташқи пештоқи ва ёнларидаги ҳужралар таъмирланган. Ҳовли ғарбидаги ҳужра тепасида ганжкор безаклар орасида таъмирловчи уста Исмоил ибн Тоҳир ибн Маҳмуд Исфаҳоний номи сақланган.
Абдураззоқ Самарқандийнинг хабар қилишича, Улуғбек 1419 йил 28 ноябрда мадрасага келиб, илм олувчи талабаларга инъомлар улашган. Бизгача Улуғбек мадрасаси анча ўзгарган ҳолда етиб келган. Чунки XVI-XVII асрларда, 1950, 1970, 1990, 1996 йиллар мадраса қайта таъмирланган. Мадрасанинг ташқи маҳобатли кошинларида (пештоқида) Қуръони каримнинг 67-“Мулк” сураси сулс хатида ёзилган. Мадрасанинг кириш жойидаги эшик табақаларида араб тилида “Талабул илми фарийзатун ала кулли муслимин ва муслиматин”, яъни “Илм олиш ҳар бир мусулмон эркак ва мусулмон аёлга фарздир”, деган ҳадис ўйиб ёзилган.
Ҳозирги кунда Бухородаги Улуғбек мадрасаси хаттотликка асосланган музей бўлганлиги боис бу ерда кўргазмага қўйилган экспонатлар орасида хаттотлик ёзув-чизув асбоблари, қитъа, муфрадот, мистар ва бошқа турдаги экспонатлар мавжуд. Ушбу ашёлар орқали аждодларимизнинг китобат санъати билан боғлиқ илмий салоҳиятнинг нечоғлик юксак эканлигини кўриш мумкин.
Руслан ТОЙИРОВ,
“Бухоро” давлат музей-қўриқхонаси Пойкент тарихи музейи катта илмий ходими.